UzAuto Озарбайжон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2022 йилнинг 26 августида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида «Oʻzavtosanoat» АЖ бошқарув раиси Шавкат Умурзаков, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Сомед Башерли ҳамда «GM International» глобал харидлар ва таъминот занжири вице-президенти Жонни Солдана ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Кун тартибида автомобилсозлик соҳасидаги Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигининг бугунги кундаги ҳолати ва уни кейинчалик янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонларнинг чиқишларида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги олий даражадаги яқин ва ишончли мулоқотга асосланган дўстона ва шериклик муносабатларини ривожлантириш динамикасига юқори баҳо берилди. Жорий йил июн ойида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга Давлат ташрифи давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки бергани алоҳида қайд этилди.
Хусусан, Озарбайжонда автомобилларнинг чуқур локализациясини ўрганиш бўйича «Oʻzavtosanoat» АЖ ва Озарбайжон Республикаси автомобил ишлаб чиқарувчилари Ассоциацияси ўртасида шартнома имзоланди. Озарбайжонда UzAuto автомобилларини йирик узелли йиғиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича томонларнинг муваффақиятли ҳамкорлиги натижасида жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 12 баравар ошди. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши табиийки чуқур локализация билан замонавий юқори технологияли тўлиқ циклли (CKD) метод бўйича автомобил ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга ўзаро қизиқишга олиб келди.
Томонлар автомобилсозлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликка тўхталар экан, ушбу йўналишдаги ижобий трендларни мамнуният билан қайд этишди. 2021 йил сентабр ойида Озарбайжоннинг Ҳажигабул шаҳрида фойдаланишга топширилган «UzAuto Motors» АЖ ва «SamAvto» МЧЖ ҚК ишлаб чиқариш линияси фаолиятидаги ютуқларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Шу билан бирга, автомобилсозлик соҳасида ҳали амалга оширилмаган мавжуд салоҳият ҳақида умумий фикр билдирилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички бозорда сотишдан ташқари, 2020 йилда Озарбайжон ва Туркия ўртасида имзоланган эркин савдо шартномаси туфайли UzAuto озарбайжонлик шериклари билан биргаликда Туркия бозорига автомобил экспортини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter