Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги лойиҳа! «Молия кундалиги»да молиявий фирибгарликлар ҳақида 

Янги лойиҳа! «Молия кундалиги»да молиявий фирибгарликлар ҳақида 

Иллюстратив фото

Бугунги кунда, ижтимоий тармоқлар ва электрон почталарга осон бойиб кетишда ёрдам бериш борасидаги турли хат-хабар юборивчилар сони ортиб бормоқда. Таҳририятимизга ҳам бу борадаги хат-хабарларга ишониш ёки ишонмаслик юзасидан тез-тез саволлар келиб туради. Ишонтириб айтиш мумкинки, таомилга кўра, бундайлар сизга қоп-қоп ваъдалар беради. Ва буларнинг барчаси фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Мана шундай ҳолатларнинг рўй бераётгани фуқароларимизда молиявий саводхонлик ҳали яхши шаклланмагани, ушбу йўналишда етарли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаётганлигидан далолат бермоқда.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мазкур масалаларни ҳисобга олган ҳолда, янги «Молия кундалиги» номли лойиҳани амалга оширади. Лойиҳа аҳолининг молиявий маданияти ва саводхонлигини оширишни мақсад қилган.

Дастлабки мақоламизда биз, кўплар учун қизиқ бўлган молия ва «молиявий фирибгарлик» мавзусида атрофлича сўз юритамиз.

Аввало, молия тушунчасига тўхталамиз. Молия – бу иқтисодий категория сифатида пул маблағларидан фойдаланиш ва унинг ҳаракатини тартибга солиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар тизимидир. Унинг воситасида турли даражадаги пул маблағлари, фондлар вужудга келтирилади ва улар такрор ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ҳамда бошқа ижтимоий эҳтиёжларни қондириш мақсадида тақсимланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, молиявий муносабатлар ва уларга хизмат қилувчи махсус муассасалар жамиятнинг молия тизимини ташкил этади.

Энди, асосий мавзу — молиявий фирибгарликка қайтамиз.

Тарихдаги илк молиявий фирибгар

Маълумотларга кўра, молиявий фирибгарликнинг илк кўриниши миллоддан аввалги 300 йилларда Қадимги Юнонистонда содир бўлган. Ўша пайтда юнонистонлик денгиз савдогари Ҳегестратос ўзининг кемаси ва юкларини гаров сифатида қўйиб қарз олади. Савдогар кема белгиланган жойга етиб, ортилган юк – маккажўхори етказиб берилганидан сўнг қарзни фоизи билан қайтаришга келишади. Агарда пул қайтарилмаса, қарз берувчи Ҳегестратоснинг кемаси ва ортилган маҳсулотига даъвогарлик қила олиши мумкин бўлади. Бироқ, буни хоҳламаган савдогар ҳийла ишлатишга уринади. Яъни, савдогар ўзининг бўш кемасини чўктириб, ортилган юкни сездирмаган ҳолда сотиб юбориш орқали қарзни қайтармасликка ҳаракат қилади. Аммо, унинг режаси амалга ошмайди. Ҳегестратос бўш кемани чўктириб қочишга уринаётган маҳал ўзи ҳам чўкиб кетади. Бу фирибгарликнинг биринчи қайд этилган ҳодисаси сифатида тарихда қолган.

Яна шу каби қизиқарли мисолларни АҚШ тарихида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, Қўшма Штатлардаги фонд ва молиявий фирибгарликларнинг барчаси очкўзлик ҳамда ҳокимиятга интилишга асосланган ҳийла-найрангларни ўз ичига олади.

Биринчи ички савдо жанжали

1792 йил, яъни Америка расмий равишда мустақилликка эришганидан бир неча йил ўтгач, халқ биринчи марта молиявий фирибгарликни бошдан кечирди.  Ўша вақтда, Америка облигациялари ривожланётган дунё эмиссияларига ёки бугунги кундаги облигацияларга ўхшаш бўлиб, улар ўзларининг калониялари тақдири ҳақидаги ҳар бир янгилик билан ўзгариб турарди. Бундай ўзгарувчан бозорга сармоя тикиш, бу облигациялар қийматини юқорига ёки пастга туширишга олиб келадиган янгиликлардан доимий бохабарликни тақозо этган.

Ғазначилик котиби Александр Хемилтон Америка молия тузилмасида турли хил калонияларнинг заёмларини янги марказий ҳукумат заёмлари билан алмаштира бошлади. Натижада йирик облигация инвесторлари қайси облигациялар чиқарилишини олдиндан билиш учун Ғазначиликка кириш ҳуқуқига эга бўлган одамларни қидиришди. Бу Ғазначилик котибининг ёрдамчиси Уилям Дуер бўлди. У ички сирлардан яхши хабардор бўлиб, маълумотлар кенг оммага тарқатилмасдан олдин йирик облигация эгалари билан ўз портфелида савдо қилган. Йиллар давомидаги бундай ҳийла-найранглардан сўнг, катта пул тикиш учун Ғазначилик маблағларини босиб олиб, Дуер ўз лавозимини тарк этди. Лекин, ички алоқаларни сақлаб қолди. У ўз маблағларини, шунингдек бошқа сармоядорларнинг қарз мажбуриятларини инвестиция қилишни давом эттирди.

Бир неча йил давом этган зафарли ҳаракатдан руҳланган Дуер қизиб кетган бозордан чекиниш ўрнига, олдинга интилиш учун ўзининг ахборотларига таянди. Шу билан бирга, Дуер облигациялар учун катта миқдорда қарз олди. Вазият эса, олдиндан айтиб бўлмайдиган ва кескин эди. Дуер бефойда сармоялар ва катта қарзга ботиб кетганди. Охир-оқибат Уилям Дуер қамоққа тушди ва у ерда 1799 йил вафот этди.

«Watered stock» – «суғорилган захира(акция)лар»

1800 йилларнинг охирида Жей Гоулд, Жеймс Фиск, Рассел Сейж, Эдвард Анри Харриман ва Ж.П. Морган янги очилган фонд бозорини шахсий ўйин майдончасига айлантиришган. Бироқ, ўша вақтдаги чорвадор ва молиячи Даниел Древ фирибгарлик ва фонд бозорини бошқаришнинг ҳақиқий кашшофи эди. У молия оламига «watered stock» – «суғорилган захира(акция)лар» атамасини олиб кирган. Бу одатда инвесторларни алдаш схемасининг бир қисми, яъни компаниянинг асосий активларидан анча катта қийматга чиқарилган, шу тариқа сунъий равишда қимматга туширилган акциялардир. Буни қуйидагича таснифлаш мумкин. Суғорилган акциялар кўпинча инвесторларни алдашга мўлжалланган. У аслида қийматидан юқори нархда чиқарилади. Бу атама молларнинг бозорга олиб чиқилишидан олдин кўп миқдорда сув ичиришга мажбурлайдиган чорвадорлар лекциконидан келиб чиққан. Мажбурлаб ичирилган сув қорамолларни алдамчи равишда оғирлаштириб, фермерларга уларни қимматга сотиш имконини берган.

Древга кўра, компаниялар ҳам ўзининг даромади ва активлари тўғрисида бўрттирилган баёнотлар беришади ва компаниядаги ўз улушларини қийматидан анча юқори нархда сотадилар. Бундай айёрона ҳаракат Даниел Древга кўплаб муваффақиятлар келтирган. Лекин, охир-оқибат рақобатчиси Вандербилт томонидан ўзи ўйлаб топган фириб орқали алданиши ва  муваффақиятсизликка учрашига сабаб бўлган.

Молия билимлари ва молиявий фирибгарлик борасидаги қизиқарли маълумотлар билан лойиҳамизнинг келгуси қисмларида ҳам таништириб борамиз.

Нурилло Тўхтасинов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг