1 августдан айрим турдаги маълумотномаларни сўраш бекор қилинади
Жорий йилнинг 1 августидан бошлаб давлат идоралари томонидан бир қатор маълумотномалар сўралиши бекор қилинади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугунги кунда ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилган. Масалан, айнан Агентлик ташаббуси билан, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан бериладиган маълумотномалар сўралиши бекор қилинди. Ушбу турдаги маълумотлар идоралараро алоқа орқали сўраб олиниш тартиби жорий қилинди.
Бу турдаги қулайликларни давом эттириш мақсадида навбатдаги ҳужжатлар бекор қилинмоқда.
Унга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан
-жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари;
-солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар;
-солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар;
-тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш тақиқланган.
Мисол учун, жорий йилнинг 6 ойи давомида Давлат хизматлари марказларига фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича 312 555 нафар фуқаро мурожаат қилган. Ушбу хизматдан фойдаланиш учун фуқарога камида икки маротаба мурожаат этиши лозим эди (ариза бериш ва тайёр ҳужжатни олиб кетиш учун). Бу эса, ўз навбатида, ортиқча вақт ва молиявий харажатларни талаб қилар эди.
Эндиликда ушбу ҳужжатлар ваколатли органлардан фақат идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилиши назарда тутилмоқда. Яъни идоралар ўзаро алоқа воситалари орқали ушбу маълумотномаларни талаб қилиб олади, фуқароларни бу бўйича оввора қилишга чек қўйилади.
Ушбу ҳужжатларни талаб қилиш, бир қарашда арзимас ҳолат бўлиб кўринса-да, аммо фуқаролар учун оворагарчиликларни келтириб чиқарарди. Умуман олганда, энди 6 ойда бир миллионга яқин фуқароларимиз вақтларини ортиқча қоғозлар ортидан юришгамас, балки ўзлари учун муҳим бўлган ишларга бағишлаши мумкин.
Юқоридагиларга асосан 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан ушбу маълумотларни талаб қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215(5)-моддасига мувофиқ давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб эътироф этилиб, мансабдор шахсларни ва хизматчиларни маъмурий жавобгарликка тортишга асос ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter