Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вояга етмаган қизлар орасида нохуш ҳолатлар кўпаймоқда

Вояга етмаган қизлар орасида нохуш ҳолатлар кўпаймоқда

Иллюстратив фото

Бу ҳақда бугун, 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг видеоконференция тизими орқали бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинди.

Парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борган мажлисда кўрилган масалалар қаторида эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида ҳам сўз борди.

Қайд этилишча, ўтган йилларда мамлакатимизда «Соғлом она – соғлом бола» концепцияси ишлаб чиқилиб, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг миллий модели яратилган.

Олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида қизларни эрта турмушга бериш билан боғлиқ вазият сўнгги икки йилда ижобий томонга ўзгарган.

Сўнгги йилларда 18 ёшга тўлмаган қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари ҳам камайиб, 2018 йилда бундай салбий ҳолатлар 1,5 мингдан зиёд бўлган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 1,2 мингтани ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 231 та эрта туғруқ ҳолатлари қайд этилган.

Олиб борилаётган ишларга қарамай, бу борада қатор муаммолар мавжудлигига урғу берилди. Таҳлилларга кўра, ушбу муаммога, аввало, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва тиббий маданиятининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаган қизлар, айниқса 13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатларининг кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолдир.

Эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари кузатилган ўқувчи қизларнинг қарийб ярми ота ёки онасиз оилаларда яшаётганлиги аниқланган. Шунингдек, оиладаги етишмовчилик, ота-оналарнинг ишсизлиги ёки кам даромад топиши ҳам қизлар тарбиясига салбий таъсир қилмоқда.

Яна бир жиҳат. Эрта ва исталмаган туғруқ ҳолатлари, ёшларнинг оилавий муносабатларга тайёр эмаслиги, оиладаги ижтимоий-маънавий беқарорлик каби сабаблар чақалоқлар савдоси жиноятини ҳам келтириб чиқармоқда.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сенат Кенгаши қарори билан эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020–2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг