Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фавқулодда қўнган Flydubai самолёти бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлди

Фавқулодда қўнган Flydubai самолёти бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлди

Дубайдан Тель-Авивга учаётган Flydubai авиакомпаниясининг FZ1073 рейси фавқулодда сигналлар бериб, Саудия Арабистонининг Табук аэропортига қўнгани хабар қилинган эди.

Маълум қилинишича, ҳодисага самолётнинг икки учувчиси ўртасида юз берган жиддий можаро сабаб бўлган.

Reuters хабарига кўра, Исроил расмийлари иккинчи пилот капитанга пичоқ билан ҳужум қилган бўлиши мумкинлигини маълум қилган. Ҳодиса пайтида Boeing 737 кескин пастлаган, шундан сўнг вазият назоратга олинган. Ҳар икки пилот жароҳат олган ва шифохонага ётқизилган.

Айрим Исроил ОАВлари самолётда йўловчи сифатида кетаётган бошқа пилотлар экипажга ёрдам берганини хабар қилмоқда. Бироқ лайнерни айнан йўловчилар қўндиргани ҳақида расмий тасдиқ йўқ.

Flydubai маъмурияти самолёт Табукка хавфсиз қўнгани ва барча йўловчилар соғ-омон эканини тасдиқлади. Авиакомпания ҳодисанинг тафсилотларини ҳозирча очиқламаган.

Исроил томони ҳодисани эҳтимолий террорчилик ҳаракати сифатида ҳам текширмоқда. Бироқ мотив бўйича якуний хулоса ҳозирча йўқ.

Пилотларнинг Россия ва Украина фуқаролари экани ҳақидаги дастлабки хабарлар ҳам тасдиқланмаган. Манбаларда уларнинг фуқаролиги ҳақида турлича маълумотлар тарқалмоқда.

Шунингдек, учоқ капитани жароҳатлардан вафот этгани ҳақидаги хабар ҳам ҳозирча ишончли расмий манбаларда тасдиқланмади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг