50 минг доллар — менинг ойлик маошим эмас, «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблик учун берилган бир марталик мукофот пули эди...
Устозлик — инсон ҳаётига таъсир ўтказиш, унинг келажагига дахлдор қарорларга сабабчи бўлиш демак. Айниқса, бу касбни йиллар давомида чекка ҳудудда сидқидилдан адо этиб, илмий изланишни ҳам, оилавий масъулиятни ҳам бирдек елкада кўтариб келаётган педагог учун эътирофнинг ҳар қандай шакли ортида катта меҳнат ва масъулият бор.
Қорақалпоғистонлик педагог, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Нигора Алламбергенова ана шундай устозлардан бири. Унинг касбий фаолиятида мактаб, илм-фан ва шогирдлар ҳаёти бир-биридан айро тушмайди. Устозлик унга оиладан мерос бўлган қадрият бўлса, илмий изланиш унинг дунёқарашини бойитган, шогирдларининг ютуқлари эса меҳнатининг энг катта мукофотига айланган. Айниқса, «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблик унинг ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди...
1. Нигора опа, бугун сизни халқимиз «Йил ўқитувчиси» ва 616 миллион сўмлик мукофот соҳибаси сифатида яхши танийди. Аммо бу мукофотларни бир четга суриб қўйсак, ўзингизни яна қайси ютуқларингиз, таълим соҳасига қўшган ҳиссангиз билан ким деб таништирган бўлардингиз?
— Аввало, мен ўзимни оддий мактаб ўқитувчиси, Қонликўл туманидаги мактабда фаолият юритувчи филология фанлари бўйича фалсафа доктори, ўз касбига меҳр қўйган педагог ва илмий изланишдан тўхтамайдиган тадқиқотчи сифатида таништирган бўлардим. «Йил ўқитувчиси» унвони мен учун катта шараф, аммо менинг энг катта ютуғим шогирдларимнинг натижаси.
2. Нега айнан ўқитувчи бўлишни танлагансиз, ким сабабчи бўлган бу соҳани танлаб, шу даражага етишишингизга?
— Болаликдан ўқитувчилик муҳитида улғайганман. Ота-онам, бобом, бувим, амаким ва аммаларим ҳам ўзбек тили ўқитувчиси бўлган. Дадам Қурбанеязов Гулмурза — Ажиниёз номидаги НДПИ профессори, фан доктори. Онам Собирова Ҳакима Нукус шаҳридаги 38-сонли мактабда ўзбек тили фани ўқитувчиси. Опам Алламбергенова Нодира ҳам филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент. Она томондан катта бобом Хивадаги мадрасада хон фарзандларига таълим берган. Шунинг учун оиламизда бу касбга алоҳида ҳурмат билан қаралади.
Мен жуда кичиклигимдан илм муҳитида улғайганман. Олти ёшимдаёқ барча ҳарфларни танирдим. 1997 йилда дадам фан номзоди бўлган. Ундан олдин илмий ишини ёзув машинасида ёзарди. Мен эса ёнида ўтириб, китобдан белгиланган жойларни ўқиб турардим. Акс ҳолда бир вақтнинг ўзида китобга ҳам, ёзув машинасига ҳам қараш кўп вақт оларди.
13 ёшимда биринчи компьютеримизни олдик. Дадам докторлик ишини қўлда ёзар, мен эса компьютерда кўчириб берардим. Шундай қилиб, илмга кириб келганман. Институтда ҳам устозларим билан бирдек мулоҳаза юрита олардим, гарчи ҳали илмий даражам бўлмаса ҳам.
3. Бугунги Нигора Алламбергенова ўзи ўқувчилик йилларидаги Нигора билан учрашса, унга биринчи навбатда нима деган бўларди?
— «Сен тўғри кетяпсан, фақат тўхтама», дердим. Чунки инсон ўз йўлига ишонч билан борса, натижа албатта бўлади. Балки ўша пайтда бугунги кунларимни тасаввур ҳам қилмагандирман. Лекин орзу қилишдан ва ҳаракат қилишдан тўхтамаган бўлардим.
4. Қонликўлда ишлашнинг шаҳарда ўқитувчилик қилишдан фарқи нимада, деб ўйлайсиз? Бу ҳудудда педагог бўлишнинг сиз айтмаган, фақат ўзингиз биладиган қийин ва ўзига хос томони нимада?
— Қишлоқда ўқитувчини нафақат ўқувчиси, балки унинг ота-онаси, маҳалласи ҳам танийди. Шунинг учун сиз ҳар бир ҳаракатингиз билан ўқувчига ҳам, жамиятга ҳам намуна бўласиз. Қишлоқда ўқитувчилар жуда қадрланади. Ўқувчилар билан самимий муносабат ўрнатиш имконияти бор. Аммо имкониятлар ўқувчиларга шаҳардаги болалар билан тенг билим бериш учун ўқитувчидан янада кўпроқ изланиш талаб этилади.
5. Сизни ишдан кетиш ёки бошқа касб танлаш ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилган воқеа бўлганми?
— Жиддий равишда касбимни ташлаш ҳақида ўйлаган даврим бўлмаган. Албатта, ҳар бир касбда қийинчиликлар бўлади. Лекин ўқувчининг бир оғиз яхши гапи ёки кичик ютуғи ҳам инсонга яна куч беради. Баъзида ўқувчилар «Майлими сиз билан дўстона гаплашсам», деб келишади. Уларни тинглаб, мени ўзига яқин олаётганликларидан қувонаман. Сизни ўз идеалидаги инсон сифатида кўра олса, ҳар қандай ўқувчи сизга эргашади.
6. Олис ҳудудда ишлаётган ўқитувчи учун энг катта муаммо — маош, шароит, кадрлар, ўқувчилар имконияти ёки бошқа нарсами?
— Менимча, битта муаммони ажратиб кўрсатиш қийин. Шароит, кадрлар, ўқувчининг имконияти — буларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқ. Лекин энг муҳими яхши мутахассисни ҳудудда ушлаб қолиш. Чунки аксарият билимли ва яхши кадрлар доим марказга интилади.
7. Сизда «шу боланинг ҳаёти ўзгарса, менинг меҳнатим бекор кетмабди», деган ҳисни уйғотган ўқувчингиз борми?
— Албатта, бундай ўқувчилар бор. Ўқувчининг сиз берган билимдан фойдаланиб, ўз йўлини топганини кўриш — ўқитувчи учун энг катта мукофот.
Бир оилада фақат қиз болалар эди. Дадаси қизларини «ўғил эмас», деб баъзан хафа бўларди. Ўша қиз жуда яхши ўқиб, танловларда қатнашди. Ўқишга кирди ва ўзининг ҳеч бир ўғилдан кам эмаслигини исботлади.
8. Ўқувчиларингиз сизнинг «Йил ўқитувчиси» бўлганингизни қандай қабул қилди? Улар орасида сизга айтилган энг таъсирли гап қайси?
— Жуда самимий қабул қилишди. Айниқса, кичик ёшдаги ўқувчиларнинг муносабати менга жуда таъсир қилди.
2024 йилда давлатимиз раҳбари билан илк мулоқотимни 2-синф ўқувчиси кўрган экан. Кейин менга: «Устоз, Президент билан телефонда гаплашгандингизми?» деб сўради. «Ҳа, гаплашдим», десам, «сизда уларнинг рақами борми», дейди. Бу оқкўнгиллик ва самимият тўла кўзларни сира унутмасам керак. Мен ўшанда унга «Ҳозирча йўқ, насиб шундай кунлар келиб қолар» деб жавоб бергандим.
9. Президент билан мулоқотда сиз «50 минг доллар оляпман», дедингиз. Бу жумла жамоатчиликда турлича талқин қилинди. Аниқлик киритадиган бўлсак, 50 минг доллар — сизнинг ойлик маошингиз эмас, «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблик учун берилган бир марталик мукофот пули, шундайми?
— Ҳа, бу ҳаяжонга тўла сўзлар эди. Бу менинг ойлик маошим эмас, «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблик учун берилган бир марталик мукофот пули эди. Яратилган имкониятлар учун юртбошимизга ўз миннатдорчилигимни айтмоқчи эдим. Аввалги мулоқотда «4 минг доллар маош олинг», деб айтганларини эслаб, бугун ҳам изланишдаман, сизнинг олдингиздаги ваъдамни бажардим, демоқчи эдим аслида. Бу тушунмовчилик учун барчадан узр сўрайман.
10. Икки йил аввал муҳтарам Президентимиз билан суҳбатда 2 минг доллар маош олишингизни айтганингизда, улар маошингиз 4 минг долларга етишига умид қилгандилар. Сир бўлмаса, ҳозирги ойлик маошингиз қанча? 616 миллионлик мукофотдан кейин доимий ойлик даромадингиз ўзгарганми?
— Ҳозирги ойлик даромадим 26 миллион сўм. Бундан ташқари, уч йилдан буён «Вазир устамаси»ни ҳам оляпман. 24 соат дарсим бор, 300 фоиз устама эгасиман.
11. Ўша куни Президентга «50 минг доллар оляпман», деганингизда, бу гапингиз қандай тушунилиши ҳақида ўйладингизми ёки ўша лаҳзада ҳиссиёт устун келдими?
— Ўша лаҳзада ҳиссиёт устун келган. Мен оддий мактаб ўқитувчисиман ва сўзларим юракдан чиқди. Видеомулоқот бўлса ҳам, Президент билан мулоқотнинг ўзи инсонда катта ҳаяжон уйғотар экан, салобатлари босар экан.
12. Ижтимоий тармоқларда тушунмовчилик сабаб негативлар жуда кўпайди, уларни ўқиб кўнглингиздан нималар ўтди?
— Албатта, оғир таъсир қилди. Ўқувчиларим, ота-онам, фарзандларим ўқиганидан жуда уялдим. Бу танловда қатнашиш 3 босқичдан иборат эди. Фарзандлар, оила, рўзғор ва мактабдан бўш вақтимда неча тунлар бедорликда тайёргарлик кўрдим. Устозларимдан маслаҳат олдим. Ҳудди Мартин Иден каби уйқу вақтини 4 соат қилиб белгилаб олдим. Инсонни нотўғри тушунишлари, айтмаган маънони гапига юклашларини қабул қилиш осон эмас.
13. Президентнинг сиз айтган гапга муносабатини эшитган пайтингизда нимани ҳис қилдингиз?
— У кишининг хурсанд бўлиб кетганларини кўриб, ўзим ҳам жуда ҳаяжонланиб кетдим. Уларнинг мақтовларини «қани энди дадам ҳам эшитсалар», деган ўй энг биринчи ҳаёлимга келди. Чунки илм йўлидаги илк устозим — бу дадам.
14. 616 миллион сўмлик мукофот пули қўлингизга теккан илк дақиқада биринчи бўлиб нимани ўйладингиз?
— Аввало, Аллоҳга шукурлар айтдим. Буни таърифлаш қийин. Шу билан бирга, бу мукофот менга янада катта масъулият юклаганини ҳис қилдим. Аттестация синовига кираётганимда жуда истаган эдим. «Аллоҳим, шу мукофотни менга насиб қилгин», деб жуда ният қилган эдим.
15. Сизнингча, ўқитувчи меҳнатини катта пул мукофоти билан рағбатлантириш педагогларнинг касбга муносабатига қандай таъсир қилади?
— Бу, аввало, ўқитувчи меҳнати жамият томонидан қадрланаётганини кўрсатади. Моддий рағбат инсонга катта мотивация беради. Лекин ўқитувчиликни фақат пул учун танлаб бўлмайди. Чунки ҳар куни бола билан ишлаш, унинг муаммосини тушуниш, ўз устида ишлаш учун касбга меҳр ҳам керак.
16. Мукофот пули олганингиздан кейин одамларнинг сизга муносабати ўзгардими, ҳамкасбларингиз буни қандай қабул қилди?
— Ҳамкасбларим жуда яхши қабул қилишди. «Сиз бунга лойиқсиз», «Сизга ишонар эдик», «Ҳалолингиз бўлсин», деган гапларни айтишди. Аммо ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар сабаб, ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. Лекин жамоам мени доимо қўллаб-қувватлади. Бу мен учун жуда муҳим. Аҳил жамоамга ҳар доим раҳмат айтаман.
17. Президент билан икки марта мулоқот қилган инсон сифатида айта оласизми, биринчи учрашувингиздаги Нигора билан бугунги Нигора ўртасида қандай фарқ бор? Кейинги галги учрашув нима муносабат билан бўлишини истардингиз?
— Бундан олдинги мулоқотда энг чекка ҳудудда яшасам ҳам, оддий мактаб ўқитувчиси бўлсам ҳам, инсон қадрига садоқат билан хизмат қилса, «мўъжизалар» юз беришини ҳис қилдим. Кейинги гал Президентимиз билан Қўракўлда учрашишни истар эдим.
18. Кўпинча муваффақиятли инсон ҳақида гапирганда унинг ортидаги оила аъзоларининг ҳам меҳнатини унутиб қўямиз. Сизнинг ютуғингиз ортида кимларнинг меҳнати бор?
— Бу ютуқ ортида, биринчи навбатда, оилам бор. Мени ҳамиша тушуниб, қўллаб-қувватлайдиган яқинларим борига шукур. Шу фурсатдан фойдаланиб, турмуш ўртоғим, қайнонам ва фарзандларимга раҳмат айтаман.
19. Иш, илмий изланишлар ва оилавий ҳаёт ўртасида мувозанатни қандай сақлайсиз?
— Осон эмас. Кундузи оддий она, уй бекаси ва устозман. Илмий ишларим билан асосан тунда ёки тонгда шуғулланаман.
20. Филолог-тадқиқотчи сифатида ўзбек ва қорақалпоқ тилларининг фразеологияси бўйича тадқиқот олиб борган экансиз, PhD диссертациясини ҳимоя қилдингизми? Тадқиқот ишингиз орқали қандай янгилик қила олдингиз ёки энди қилмоқчисиз?
— Ҳа, 2023 йил 18 мартда илмий ишимни ҳимоя қилганман. Илмий раҳбарим — Худаярова Муҳаббат билан тадқиқотимизда ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги нутқ маъноли фраземаларни қиёслаб, маъноларини таҳлил қилдик. Бу қорақалпоқ грамматикасида ўрганилмаган йўналиш эди.
21. Илмий изланишларингизда ўрганган нарсаларингиз дарс бериш услубингизни ўзгартирганми?
— Албатта, чунки таълим жараёни қорақалпоқ тилида бўлган мактабда дарс бераман. Илмий иш сабаб бу тилни ҳам мукаммал ўрганиб, ўқувчиларимга мавзуларни икки тилда солиштириб, ўргата оляпман.
22. Сизнинг энг катта танқидчингиз ким — ўзингизми, яқинларингиз ёки ҳамкасбларингизми?
— Ҳам танқидчим, ҳам устозим — дадам. Улар энг яқин маслаҳатчим.
23. Уйга чарчаб қайтган кунингизда ҳам эртанги дарс ҳақида ўйлайсизми? Ёки ишни мактабда қолдириб кетишни ўрганганмисиз?
— Ҳеч қачон ишим мактабда қолмайди, менимча. Кўпинча ўқитувчилар фарзандидан ҳам кўпроқ ўқувчиларини ўйлаб яшайдилар. Мен ҳам доимо ўқувчиларимни ўйлаб юраман. Уларнинг кичик ютуғи ҳам мени қувонтиради.
24. Ота-онангиз бугунги ютуғингизни кўриб, сизга нима деди? Уларнинг қайси гапи сиз учун энг таъсирли бўлди?
— «Қизим, Сирожиддин Саййид бошқа ҳеч қайси Нигора устоз ҳақида шеър ёзмаган. Сен юртбошимизнинг ёдида қолгансан. Бу ўқитувчи учун энг катта шараф» дейишди.
25. Агар бугунги мукофот, Президент билан мулоқот ва «Йил ўқитувчиси» унвони ҳамда ҳозиргидек юқори маошингиз бўлмаганида ҳам, эртага яна мактабга боришга сизни нима ундарди?
— Ҳаётим мазмунига айланган жонажон мактабим, ўқувчиларим. Бир кун бормай қолсам, соғиниб қоламан.
26. Ўқитувчи учун яхши маош муҳимми ёки жамиятдаги ҳурмат?
— Ҳурмат ва эътибор муҳим.
27. Бугунги болаларни ўқитиш қийинлашдими ёки фанлар аввалгидан қийинлашдими? Балки биз, катталар, ҳозирги зумерларни тушунишга ҳаракат қилмаётгандирмиз?
— Болалар нимани билишини, қайси фанни ўрганишни, қайси мавзуга қизиқишини билмасангиз, яхши ўқитувчи бўла олмайсиз. Уларни қалбан ҳис қила олсангизгина сизни ҳурмат қилишади.
28. Ўқувчининг баҳоси паст бўлса, сиз биринчи навбатда болани айблайсизми ёки «мен бу болага билимни бошқача усулда тушунтиришим керак», деб ўйлайсизми?
— Аввало, ўзимни айблайман. «Нега ўзлаштира олмаяпти?», деб ўйлайман. Кейинги дарсимда ўша ўқувчимга кўпроқ эътибор бераман.
29. Бугунги кунда давлат мактаблари аввалгидек дарс бермаётгандек, пули бор инсон иложи борича фарзандини хусусий мактабга беришга интилади. Бунга ўқитувчилар айбдорми ёки маошлар камлиги сабабми?
— Жамиятда шундай фикр шаклланиб қолган. Аслида ҳали ҳам фидойи ҳамкасбларимиз бор. Уларнинг шогирдлари тушдан кейин мактабга келиб тўгаракларда қатнашиб, ҳатто қўшимча ишлаб ҳам турли сертификатларни олаётганлар бор. Лекин ота-оналар кўп ҳолларда репетиторни афзал кўришади.
30. Сиз ўқувчиларни фақат фан бўйича ўқитасизми ёки уни ҳаётга тайёрлашни ҳам ўз вазифангиз деб биласизми?
— Фақат фанни эмас, ҳаётни ҳам ўргатиш керак, деб биламан. Ўқувчиларга тўғрилик, ҳалоллик, дўстликни қадрлаш, меҳнат қилиш ва инсонни ҳурмат қилишни ўргатишга ҳаракат қиламан. Чунки мактаб фақат билим берадиган эмас, инсон шахси шаклланадиган муҳит.
31. Ҳаётингизда ҳеч ким билмайдиган, лекин бугунги Нигора бўлишингизга сабаб бўлган бир қийин давр бўлганми?
— Ҳаётимда бир фарзандимни бахтсиз ҳодиса сабаб йўқотганман. Бу оғриқни сўз билан ифодалаш қийин. Лекин бу воқеадан олган энг катта сабоғим боладан қадрли ҳеч бир неъмат йўқ. Шунинг учун ҳар бир ўқувчимга кимнингдир жондек азиз фарзанди сифатида қарайман. Унга шундай муносабатда бўлиш керакки, эртага қилган ишингиздан афсус чекмаслигингиз керак.
32. Сиз учун энг катта қўрқув нима — муваффақиятсизликми ёки муваффақиятдан кейин унга мос бўла олмасликми?
— Муваффақиятга муносиб бўла олиш энг қийини.
33. Бугун минглаб ўқитувчилар сизга ҳавас билан қарашади. Сизнинг уларга айтар гапингиз?
— Ҳар бир ўқувчингизни ўз фарзандингиздек кўринг. Улардаги имкониятни кўришга ҳаракат қилинг ва ўзингизда бор билимни беришга эринманг. Доимо ўқинг, ўрганинг, ўз фанингиздаги янгиликларни кузатиб боринг. Энг муҳими, касбингизни севинг!
34. Кун келиб ўқувчиларингиз хотирасида қайси гапингиз билан қолишини истар эдингиз?
— Фақат яхши хотиралар билан эслашларини хоҳлардим.
35. Бугун сизга «Йил ўқитувчиси» деган унвон берилди. Аммо ўзингиз учун ҳали олинмаган энг катта унвон ёки эришилмаган энг катта мақсад нима?
— «Халқ ўқитувчиси» бўлиш!
Яна бир катта мақсадим ўқувчиларимни асосий олимпиаданинг республика босқичида ғолиб қилиш. Чунки шогирдларнинг муваффаққияти — устознинг энг катта ютуғидир!
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter