18 нафар ҳоким ёрдамчиси жавобгарликка тортилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Низом билан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан кредитларни Ягона электрон платформа орқали ажратиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан жойига чиққан ҳолда, унинг фаолият тури бўйича шарт-шароитлари, имконияти ҳамда етарли кўникмаси мавжудлигини ўрганиб, ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва қарз олувчининг харитадаги жойлашувини илова қилган ҳолда кредит ажратиш учун тавсиянома ёки кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани 5 иш куни мобайнида Ягона электрон платформага жойлаштириши белгиланган.
Бироқ айрим ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорларнинг аризалари белгиланган муддатда кўриб чиқилмаганлиги улар ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлган.
Жумладан, Косонсой туманида фаолият юритувчи «Fayz» МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбарининг Ягона электрон платформа орқали йўллаган 300 млн сўм кредит ажратиш ҳақидаги аризаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси томонидан белгиланган муддатдан 35 кундан сўнг кўриб чиқилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун ҳужжатлари билан берилган ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилган.
Бу борада Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 40 дан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланиб, Наманган вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 18 нафар ҳоким ёрдамчиларига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter