Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2026 йил ноябрда эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам берилиши кутилмоқда

2026 йил ноябрда эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам берилиши кутилмоқда

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент фармони лойиҳасига кўра, 2026 йил ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.

Ёрдамни Ижтимоий реестрдаги оилалар, шунингдек, реестрга кирмаган, лекин жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваридан ошмайдиган оилалар олади. Маблағ 30 ноябрга қадар ижтимоий карта ёки банк карталарига ўтказилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳасига кўра, аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархи 1 кг учун қўшилган қиймат солиғи билан 5 минг сўм этиб белгиланади. «LPG-Trade» МЧЖ томонидан аҳолига газ етказиб бериш хизмати учун чекланган нарх эса 1 кг учун 1 300 сўмни ташкил этади.

Янги нарх суюлтирилган газни тўлиқ бозор нархига ўтказишни англатмайди. «LPG-Trade» МЧЖ газни биржадан сотиб олиш нархи ва етказиб бериш харажатлари билан аҳолига белгиланган чакана нарх ўртасидаги фарқ республика бюджетидан субсидия сифатида қопланади.

Нарх ўзгаришининг ижтимоий таъсирини камайтириш учун эҳтиёжманд оилаларга компенсация бериш механизми жорий этилади. 2030 йил 1 январга қадар уларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан, бироқ ойига 20 килограммдан ошмаган миқдор учун компенсация тўланади.

Компенсацияни Ижтимоий реестрдаги оилалар, реестрга кирмаган, лекин жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваридан ошмайдиган оилалар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар олади. Маблағ газ харид қилингани тасдиқлангандан сўнг оилаларнинг ижтимоий картасига ўтказилади.

Компенсация олиш учун давлат хизматлари маркази, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали мурожаат қилиш мумкин.

Бундан ташқари, битта хонадонда икки ва ундан ортиқ оила яшаса, техник талабларга мос газ плитаси ва ошхона мавжуд бўлганда, бир кадастр рақами бўлса ҳам, истисно тариқасида ҳар бир оилага алоҳида маиший газ баллон ажратилиши мумкин. Бунинг учун «маҳалла еттилиги» ва газ таъминоти ходимлари жойига чиқиб ўрганиш далолатномасини расмийлаштиради.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 майга қадар бозорнинг ривожланиш даражаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш заруратини ҳисобга олган ҳолда суюлтирилган газ нархларини эркинлаштириш бўйича таклиф киритади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг