Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

28 ёшли аёл турмуш ўртоғига жигарини берди

28 ёшли аёл турмуш ўртоғига жигарини берди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Куни кеча академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари томонидан яна бир ортотопик жигар трансплантацияси операцияси муваффақиятли амалга оширилган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу йилнинг август ойида ўтказилган операциядан сўнг марказ мутахассислари томонидан жигарида патологик ўзгаришлари бўлган кўп сонли беморларга турли маслаҳатлар берилган. Тирик донордан жигарнинг бир қисмини кўчириб ўтказиш амалиёти учун ана шу беморлар ичидан энг оғир аҳволдагиси танлаб олинган.

Учтепа туманида яшовчи 32 ёшли Ўктам Aҳмедовга аёли, 28 ёшли Фарангиз Аҳмедованинг жигаридан бир бўлаги кўчириб ўтказилди.

Операцияга бошчилик қилган хирург, профессор Миршавкат Акбаровнинг таъкидлашича, дастлабки текширувларда беморнинг акаси донорликка тайёрланаётган бўлган. Лекин текширувлар анатомик хусусиятлари туфайли унинг жигаридан ўнг бўлагини олиш мумкин эмаслигини кўрсатган. Кейин эса беморнинг турмуш ўртоғи текширилиб, жигарнинг ўнг бўлагини олиш учун барча кўрсаткичлар мос келган.

Операция техник қийинчиликлар билан 14 соат давом этган бўлишига қарамасдан, барча жараёнлар ижобий якунланган. Ҳозирги пайтда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, донор эса палатага ўтказилган.

— Кўз олдингда турмуш ўртоғингнинг касалликдан сўлиб бораётганини, бундан фарзандларинг ҳам эзилаётганини кўриш аёл киши учун жуда оғир. Беш йилдирки, турмуш ўртоғим жигар хасталигидан азият чекади. Шу вақтгача жуда кўплаб шифохоналарда даволаниб, турли муолажалар олди, лекин фойдаси бўлмади.

Сўнг шифокорлар турмуш ўртоғимнинг касалликдан тўлиқ соғайиб кетиши учун жигар кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлигини айтишди. Атрофдаги кўпчилик бунинг учун Ҳиндистонга бориш кераклигини ва амалиёт анча қиммат эканини айтди. Бундан тушкунликка тушгандик. Кейин эса мана шу шифохонада бундай амалиёт ўтказиш йўлга қўйилганидан, дастлаб бундай операцияни бошдан ўтказган беморларнинг аҳволи жуда яхши эканидан хабар топдик.

Шифохонага ордер орқали келганимиз учун маблағ масаласида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади. Ушбу муассасада турмуш ўртоғимга жигаримнинг бир бўлагини кўчириб ўтказишди. Операциядан яхши чиқдик. Ҳозирда турмуш ўртоғимнинг ҳам, менинг ҳам аҳволимиз яхши. Ўзим юряпман, овқатланяпман.

Насиб бўлса, яқинда турмуш ўртоғим билан биргаликда оиламизга, 3 нафар қизларимизнинг олдига қайтамиз, — дейди донор Фарангиз Аҳмедова.

Қайд этилишича, бу — юртимизда амалга оширилган ўнинчи, ўзбек шифокорлари томонидан мустақил равишда ўтказилган иккинчи ортотопик жигар трансплантацияси амалиётидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг