«Аҳмоқлар куни» ҳам дейишади: 1 апрел ҳақида нималар маълум?
Кулги ва ҳазил куни – кўпгина мамлакатларда 1 апрелда нишонланадиган халқаро мутойиба байрами. Бу айёмни «Аҳмоқлар куни» ҳам дейишади. Шу куни ҳазиллар, вақтичоғликлар ва яқинлар, дўстлар, ҳамкасблар ҳамда нотаниш кишиларга шумликлар қилинади.
1 апрель ҳазиллари кайфиятни кўтариши, кўтаринкилик касб этиши ва ёрқин таассурот қолдириши керак. Бироқ улар беғараз ва зарарсиз бўлиши ҳам зарур.
«Аҳмоқлар байрами»
Бу байрамнинг асл тарихи аниқ эмас, турли тахминлар илгари сурилади, холос. Улардан бирида айтилишича, кўҳна Римда февраль ойи ўрталарида (апрелнинг бошида эмас) «Аҳмоқлар байрами» нишонланган. Апулей талқинига кўра, қадимги Римда биринчи апрель ёлғонлари кулги илоҳи шарафига боғланиб байрам қилинган.
Бошқа тахмин бўйича эса, мазкур байрам 31 март куни кулги айёми сифатида нишонланган кўҳна Ҳиндистонда пайдо бўлган. 1 апрелда фақат ирландияликлар янги йил шарафига ҳазиллар қилишгани ҳақида ҳам тахминлар бор. Шу куни Ҳиндистон ва кўҳна Римда ҳам одамлар сайилга чиқиб, шўхлик, ҳазилкашликка эрк беришган.
Бошқа фаразга кўра, Кулги куни папа Григорий XIII томонидан жорий қилинган 1582 йилги Григориан тақвимига ўтилишига боғлиқ. Ўрта асрларда Янги йил ҳафтаси март ойи охирида – 25 мартда бошланиб, айнан 1 апрелда тугар эди. XVI асрда қирол Карл IX Францияда тақвим ислоҳотини жорий этиб, Янги йилни 1 январга ўтказди, бироқ кўпчилик уни 1 апрелда нишонлашни давом эттираверди. Шу куни бир-бирига совға улашган одамлар апрель аҳмоқлари (April’s Fools) дейилган. Турли шумликлар қилинган. Кулги куни шу тариқа келиб чиққан.
Анъаналар
Шотландияда Кулги куни икки кун мобайнида байрам қилинади. Биринчиси Какку куни деб, алданганлар эса «анқовлар» деб номланади. Иккинчиси Дум куни дейилади.
Америкада 1 апрелда машҳур одамлар чув тушган «тентаклар рўйхати» телевизор орқали эълон қилинади. Аммо диктор биринчи апрель ҳазиллари ҳақида огоҳлантириши керак. Умуман олганда, америкаликлар бир-бири билан шундай ҳазиллашади: «Ой, боғичинг ечилиб кетибди» ёки «Сен ўзи нималарга ўралашиб юрибсан?»
Италияда бўлгани каби Францияда ҳам 1 апрелни орқасида қоғоз балиқлар илинган одамлар билан кутиб олиш мумкин. Ҳамма ҳушёр юришга, яъни балиқни илдирмасликка ҳаракат қилади. Шунингдек, французлар шакар идишига туз солиб, пирогга эса мурч сепиб қўйишади. Бир-бирларига ширин сирка олиб келишдек бемаъни топшириқлар ҳам берадилар.
Португалияда одамлар пештахталардан ун сотиб оладилар ва бутун бошли мамлакат оппоқ булутга бурканади. Ҳар бир киши кўпроқ одамни ун билан сийлашга ҳаракат қилади, кийим-бошни қоқиб тозалаш эса, анъанага кўра, мумкин эмас.
Болгарияда Кулги куни аҳоли бир-бири билан ҳазиллар қилишни яхши кўради. айниқса, болалар қувнайди. Радио ва газеталар ғаройиб янгиликлари билан аҳолига ўз ҳазилларини етказади. Мутойибалар пойтахти Габрово доимий равишда карикатуралар кўргазмасини уюштиради.
Аммо Германия ва Австрияда 1 апрель хосиятсиз кун ҳисобланган. Бу кунда туғилган инсоннинг гўё ишлари юришмаган. Қишлоқларда иш қилишмаган, янги юмушга қўл уришмаган, молхонадаги чорва ташқарига чиқарилмаган. Катталар ва болалар бир-бирига бажариб бўлмайдиган вазифаларни юклашган.
Кулги саломатликка қанчалик фойдали?
Кулги дарғаси Юсуфжон қизиқ Шакаржонов «Кулинг, дўстлар, умрингиз узоқ бўлади» дегани бежиз эмас. У жуда фойдали.
Кулгининг инсон саломатлиги ва кайфиятига таъсирини ўрганувчи бутун бошли фан мавжуд ва у геотология дейилади. Мутахассислар аниқлашича, кулги бахт гормони – эндорфин ишлаб чиқаришни таъминлайди. Ушбу модда нафақат кайфиятни кўтаради, балки оғриқни ҳам бартараф этади. Шу боис врачлар кулгини узоқ вақт эйфория чақирувчи безарар «наркотик» эканлигини таъкидлайдилар. Унинг миқдори қанча кўп бўлса, саломатликка шунча яхши.
Статистика бўйича, болалар кунига 300 – 400 марта кулади, катталарда эса бу рақам 15 – 20. Аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ кулади. 61 фоиз эркак қувноқ ва куладиган аёлларни мафтункор ҳисоблаши аниқланган.
Дарвоқе, кулги ортиқча вазн ташлашга ёрдам беради: кунига 15 дақиқа кулиш ҳафтасига 3 мартадан 30 дақиқалик бадан тарбия қилиш билан баробар.
Кулги зотилжамни бартараф этади. Кулиш жараёнида нафас олиш фаоллашади, тананинг барча аъзоларида қон айланиши тезлашади, мияга кўпроқ кислород келади – демак, яхшироқ ўйлай бошлайсиз. «Кулги сеанси»дан сўнг эса қонда иммунитетни кучайтирувчи ҳужайралар сони кўпаяди ва организм турли касалликларга қарши курашишда фаол бўлади.
Кулги туфайли ажинлар пайдо бўлади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўп, бироқ мутахассисларнинг ишонтириб айтишича, кулги юз мушакларини мустаҳкамлайди, терини соғлом қилади ва яшартиради.
Кулги – зўр ҳордиқ, беш дақиқа кулиш 30 – 40 дақиқалик дам олишнинг ўрнини босади. У саломатликка фойда бўлиб қолмай, балки ишда ижодий қобилиятни намоён этишни 57 фоизга, унумдорликни эса 54 фоизга оширади.
Германияда врач-масхарабозлар уюшмаси бор ва у турли ўйинлар, кулги ва қувноқ кайфият орқали оғир бемор болаларни даволашга ёрдам беради.
Кулгитерапия орқали даволаш Америкада ҳам йўлга қўйилган. Бугунги кунда АҚШда кулгитерапиячилар сони 600 дан ошиб кетди. Шифохоналарда кулги хоналари ташкил этилган бўлиб, умидсиз беморлар классик комедиялар, ҳазил-мутойибаларни томоша қиладилар. Мазкур амалиёт беморларнинг касалликка қарши курашиш ва яшашга интилиш иштиёқини оширган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter