Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Навоийга тўртта қабр нега керак эди?

Алишер Навоийга тўртта қабр нега керак эди?

Дўстининг кутилмаганда вафот этиши унинг учун шунчалик оир мусибат бўлдики, узоқ вақтгача ўзига келолмай юрди. 1501 йил 3 январдан 6 январгача эса марҳумнинг уйида аза тутиб ўтирди. Барча маъракаларга ўзи бош бўлди. Унинг учун шундан кейин Ҳиротдаги энг табарррук зиёратгоҳ қадамжо ҳам Сари Пули Инжил жоме масжиди ҳовлисидаги қабр бўлиб қолди. Зеро, бу масканга буюк мутафаккир Мир Алишербек Навоий ҳазратлари дафн этилган эди.

Қадим Ҳиротнинг хушманзара Мухтор тоғ ён бағрида жойлашган Мусалло (Намозгоҳ)да Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро кўплаб меъморий обидалар бунёд қилдирган. Уларнинг аксарияти Мир Алишербек ҳазратлари бошчилигида барпо этилган. Бу жойлар Навоий учун қадрдон гўшалигининг боиси, Мусаффо атрофидаги Балиқли булоғи ёнида амакиси Ҳайдарбекнинг ҳовлиси бўлиб, у ёшлигидан маърифатли амакиси билан суҳбатлашгани тез-тез келиб турарди. Вақт ўтиб, Хуросон давлатида муҳрдор, амир ва ҳоким даражасига етишгач эса, бор бойлигига бир қатор иншоотлар барпо эттирди.

Айниқса, Мусаллодек сўлим жойда Навоий ҳазратлари масжиде жоме, «Шифоия» шифохонаси, «Дор ул-хуффоз» (қорилар) мадрасаси, «Сафоия» ҳаммоми, Инжил ариғи ёқасида эса «Халосия» хонақоҳи ҳамда «Ихлосия» мадрасасини тиклатган эди.

Қолаверса, умри ўтгани сайин Навоий маҳзун хаёллар оғушида юрадиган бўлиб қолди. Ўзи «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ёзганидек, «Бу хоксор ва паришон рўзғор камина болаликдан то қариликка қадар, кўҳна даврон воқеаларидан, айланувчи осмон ҳодисаларидан, фитна қўзғовчи буқаламунлигидан, товламачилигидан, замонанинг ранг сингари гуногунлигидан кўп вақт ва узоқ муддат ҳар хаёл ва тараддудлар билан овора бўлиб юрдим...»

Ана шундай «тараддуд»лардан бири, иссиқ жон эмасми, қолаверса, ўлимини бўйнига олмаган мусулмон эмас, деганларидек, ўзига қабр тайёрлатиш бўлди. Алишер Навоийнинг ўзига ҳаётлигида қабр тайёрлатиши замондошларини ҳайратлантирган, баъзилари эса бу ҳолнинг сабабини тушуна олмаган ҳам. Негаки, мутафаккир шоир ўзига Ҳиротнинг Ризавия боғи ҳовлисида, Абдулла Ансорий мозорида, Саъдидин Қошғарий мозорида ва ўзи солдирган Сари Пули Инжил масжиди жоме ҳовлисидан қабр тайёрлатиб қўйган эди. Навоийнинг тўртта жойдан ўзига қабр тайёрлатгани, ҳатто Абдураҳмон Жомийни ҳам тажжубга солган.

Ўша даврда яшаб ижод этган Фахриддин Али Сафийнинг «Латоиф ут-тавоиф» асарида ёзилишича, баъзилар Жомийга Алишербекнинг қабр тайёрлатиб қўйганини айтиб беришганида, у «Мир Алишер бу қабрларнинг қайси бирида ётмоқчи экан ўзи», дея мутойиба ҳам қилган экан.

Табиийки, Навоийнинг қабр тайёрлатган масканлари ҳиротликлар учун энг табаррук жойлар эди. Хожа Абдулла Ансорий «Пири Ҳирот» дея довруқ таратган пешво бўлиб, кўплаб ҳиротликлар ўша масканга дафн этилишини васият қилардилар. Ризавия боғи ҳам Ҳиротдаги энг муқаддас жой ҳисобланган. Ўз вақтида нақшбандия хожаларининг халифаси бўлган Мавлоно Саъдаддин Қошғарий мозори ҳам табаррук маскан эди.

Тўртинчи қабр тайёрланган жой «Сари Пули Инжил» масжиди жоме ҳовлиси ҳам Навоийнинг тез-тез ташриф буюриб турадиган қадамжоларидан бўлган. Умуман олганда, Навоий ҳазратлари мўмин мусулмон банда сифатида қаерга борса, энг аввало, табаррук қадамжоларни зиёрат қиларди. Ҳиротдаги ўзига қабр тайёрлатган жойлар ҳам Навоий ҳазратлари мунтазам зиёрат қилиб турадиган масканлардан бўлган. Ҳатто, Алишербек ҳажга боравериши ортга сурилавериб, исломнинг бешинчи фарзи армонга айланажагини англагач, дўсти Ҳусайн Бойқародан Хожа Абдулло Ансорий зиёратгоҳининг жорубкаш (супурувчи)лигини ҳам сўраб олганди. Навоий бу қадамжога келиб, Ансорий мақбараси атрофларини супуриб кетарди. Кейинчалик эса мазкур зиёратгоҳда хонақоҳ қурдириб, теварак атрофни яна ҳам обод қилди.

1501 йил 3 январда Навоий вафот этгач, қариндош-уруғлари – акаси Баҳлулбек, унинг ўғли Амир Камолиддин Султон Ҳусайн, укаси Дарвешалибек, Ҳасан Али Жалойир ва бошқалар уни Сари Пули Инжил масжиди ҳовлисидаги олдиндан ўзи тайёрлатиб қўйган қабрга дафн этадилар. Кейинчалик Навоий дафн қилинган масжиди жомени ҳиротликлар «Қудсия», яъни муқаддас жой дея атайдиган бўлишди.

Умид Бекимметов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг