Андижонда Германиянинг машҳур математика кўргазмаси намойиши бўлмоқда
Жорий йилнинг 18 апрел куни Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида Германиянинг Ўзбекистондаги Гёте институти билан ҳамкорликда «Математикани қўлга ол» интерфаол кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
«Математикани қўлга ол» — Германиянинг Гиссен шаҳридаги «Mathematikum» музейининг барча ёшдагилар учун мўлжалланган интерфаол кўчма кўргазмаси бўлиб, немис тилида «Мathematic zum Anfassen» маъносини беради. Музей 2002 йилда очилгандан бошлаб ҳар йили 150 минглаб қатнашчиларни ўзига ром қилиб келмоқда.
Кўргазма бугунги кунга қадар Европа, Америка ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилди. Хусусан, 2011 йилда Тошкентда ҳам меҳмон бўлган ва бу йил яна Ўзбекистонга қайтиб келди.
Кўргазма таълим жараёнида фанлараро узвийликни тарғиб қилиш, алоҳида фанларни немис тилида ўқитиш, шунингдек, математика, информатика каби табиий ва техник фанларни ўрганишга қизиқтиришини оширишга қаратилган.
Барча экспонатлар ўйинлар орқали намойиш этилади. Уларнинг ҳеч бири математикани қўрқинчли фан сифатида кўрсатмайди. Аксинча, экспонатларнинг ҳар бири гўёки «Мен қийин эмасман, сен мени ўйин орқали тушуниб оласан», демоқчидек. Ўйин давомида инсон мияси ўз-ўзидан ишлай бошлайди. Сиз ўзингизга «Нима учун шундай?» «Нима учун шар бошқаларига қараганда тезроқ?» «Нима учун кўзгулардаги аксим бениҳоя кўп?» дея савол берасиз.
Ўйинлар орқали тушуниш ва англаб етиш жараёнининг уйғунлиги, «Математикани қўлга ол» кўргазмаси сирини очувчи энг муҳим калитдир. Айнан у кўргазмага ташриф буюрувчиларга чексиз қувонч ва ўз ишидан қониқиш ҳиссини беради.
Кўргазма 20 кун давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter