Шубҳа устига шубҳалар. Андижондаги масжид биноси сотувдан олинди, аммо...
Андижон шаҳрининг Дўстлик кўчаси 7-манзилда жойлашган собиқ масжид биноси МИБ томонидан сотувга қўйилганидан хабарингиз бор. Ушбу ҳолат жамоатчиликнинг катта эътирозига сабаб бўлгани ҳам сир эмас. Кейинроқ ўтказилган журналистик суриштирувларда бино гаровга қўйилиб, банкдан катта миқдорда кредит олингани-ю қарз қайтарилмагани, бу жараёндаги сирли-сирли ҳолатлар ҳақида ҳам бонг урилганди. Шунингдек, гаровга қўйbлган бинода 27 та кам таъминланган оилалар, ёлғиз оналар вояга етмаган фарзандлари билан абгор ҳолатда яшаб келаётганлиги маълум қилинганди.
Собиқ масжид биноси сотувга қўйилганига оид шов-шувлар авжига чиққан пайтда у ерда яшаётган оилаларга бошпана берилгани айтилди, бундай хайрли иш мамнуният билан жамоатчиликка етказилди ҳам.
Бироқ савобталаб инсонларнинг беғараз ёрдами ва ҳашар йўли билан қурилган кўркам собиқ масжид биносининг тақдири муаллақ қолганди барибир.
Куни кеча Бош прокуратура масъулларининг ОАВ ходимлари билан учрашувидан сўнг маълум бўлдики, собиқ масжид биноси электрон онлайн-аукцион савдодан олинибди. Яхши хабар. Зотан, мазкур объект қўлма-қўл бўла-бўла айни пайтда Андижон шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтгани билан қонун изн берса-да, уни гаровга қўйиб, хусусий корхонага катта миқдорда кредит олиб беришга мутасаддиларнинг маънан ҳуқуқи йўқдай.
Қолаверса, кредитни қайтариш имконияти тузукроқ чўтлаб-чамаланмай тадбиркорга катта меҳрибонлик кўрсатилгани, банк ҳам бир кунда (!) ҳамма ҳужжатларни расмийлаштириб, сўралган маблағни тақдим этгани, қисқаси, бундай «жўмардлик» тадбиркорга етарли масъулият юкламагани (жуда юмшоқ айтганда, албатта) оқибатида собиқ масжид биноси суд қарорига асосан сотувга чиқиб кетиши қатор-қатор саволлар туғдирганди денг.
Хуллас, бино сотувдаy олинибди. Бироқ бу кредитдан урчиган қарзларни тадбиркор қоплайдиган бўлибди, дегани эмас. Савдонинг тўхтатилишига асос — собиқ масжид биноси жойлашган ҳудуд: Андижон шаҳар Тахтакўприк МФЙнинг 2019 йил 24 май куни МИБга тақдим этган 19-сонли маълумотномаси экан. Унда сотувга қўйилган «...бинода 27 та боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ёлғиз оналар вояга етмаган фарзандлари билан яшаб келаётгани» маълум қилинган. Шу ҳужжат асосида МИБ Андижон шаҳар бўлими ижро ҳаракатларини тўхтатибди.
Бир қарашда ҳаммаси жойда. Бироқ вазиятга эътиборлироқ қаралса, Андижонда навбатдаги «спектакль» қўйилмаяптимикан, деган шубҳага борасан?!
Қаранг: Тахтакўприк МФЙ юқоридаги маълумотни 24.05.2019 йилда тақдим этмоқда, масжид биносида ўттизга яқин ночор оилалар яшаяпти, деб. Бироқ бу маълумотнома тақдим этилишидан тўрт кун аввал (!) у ердаги оилаларга бошқа жойдан бошпана берилгани бутун мамлакатга овоза қилинмадими?
Буларнинг қайси бири рост? МФЙ маълумотига ишонсак, 24 майда ҳам ночор оилалар масжид биносини тарк этмаган, ОАВларга берилган хабарларда эса, 20 майдаёқ улар янги бошпанага кўчиб улгурган?!
Ажаб, ажаб...
Тўрт кун нари-берисидаги саналарга ёпишиб, пашшадан фил ясалаётгани йўқ. Ижикилашнинг боисики, воқеа Андижонда бўлаётир. Бу ернинг мутасаддилари муҳтожларни уй-жой билан таъминлашда оддий инсонлар не, керак бўлса, давлат раҳбарини ҳам алдашини амалда кўрдик. Шу боис кичик ҳолат ҳам кўнгилда шубҳа устига шубҳа туғилаверар экан-да. Иккинчидан, собиқ масжид биноси масаласи ҳамон кўндаланг турибди. Бинони гаровга қўйган ҳолда олинган кредитнинг мақсадли сарфланган-сарфланмагани хусусида ҳам саволлар етарли. Собиқ масжид биноси савдодан олингани билан бу чора вақтинча эканининг эҳтимоли катта. Шов-шувлар босилса, ҳаммаси келган жойидан давом этмаслигига кафолат ҳам йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter