Андижондаги ваҳшийлик. Омоновлар оиласининг қотили қандай ушланган?
Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи, полковник Шоҳрух Ғиёсов ушбу бошқарма нима билан шуғулланиши, зиммасига қандай устувор вазифалар юклатилгани, вазирликнинг хорижий шериклар билан ҳамкорлигини такомиллаштириш доирасида нима ишлар қилинаётгани борасида гапириб берди.
— Бу йил учун мақсад ва режаларимиз бисёр. Бу, биринчидан, қўшниларимиз билан ҳамкорликни ривожлантириш. Биласизми, жиноий қидирув ходимларида бир шиор бор: «жиноятчиликнинг миллати ва чегараси йўқ», — дейди Ш.Ғиёсов. — Шуни ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда бизда Россия, Қозоғистон ва Тожикистондаги ҳамкасбларимиз билан идоравий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилган. Натижалар эса ҳайратга соларли. Масалан, ўзбек халқини даҳшатга солган воқеа, яъни Андижон вилояти Хўжаобод туманида содир этилган Омоновлар оиласи аъзолари, жумладан, икки вояга етмаганнинг ваҳшиёна ўлдириб кетилиши билан боғлиқ ҳаммага маълум резонанс жиноят. Ушбу оғир ва ваҳшиёна жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахс республикамиз фуқароси Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали учинчи давлатларда одил судловдан қочишга уринган. Айнан мана шу идоравий гуруҳнинг иши жиноятчини тезкорлик билан, бенуқсон равишда қўлга туширишга ёрдам берди.
Унинг қайд этишича, айни дамда Қирғизистон, Туркманистон, Белоруссия, Озарбайжон ва келажакда Афғонистон, Покистон ва Туркия каби давлатлар билан шу каби гуруҳларни тузиш масалалари ўрганилмоқда.
— Иккинчидан, бу — хорижнинг ижобий тажрибасини тизимли ўрганиш, — давом этади Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи. — Биз полиция фаолиятини ва ҳуқуқ-тартибот тизимида жорий этилган янгиликларни комплекс тарзда ўрганиш мақсадида Корея, Япония, Исроил каби бир қатор давлатларга мутахассисларимиздан ташкил топган делегацияларни жўнатишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, хориж полицияси ва ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни мақсад қилдик. Ушбу йўналиш республика ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича ислоҳот жараёнида ўта муҳим модда ҳисобланади. Айни дамда бизда Академия ва Ёнғин хавфсизлиги институти ҳамда Россия, Қозоғистон ва Хитой давлатларининг бир қатор полиция олий ўқув юртлари ўртасида тузилган келишувлар мавжуд. Биз жорий йилда Озарбайжон, Белоруссия, Корея, Хитой, Япония олий ўқув юртлари, шунингдек, келажакда Франция, Германия ва Буюк Британиянинг полиция ўқув юртлари билан шу каби келишувларни ишлаб чиқиш ва имзолашни режалаштирганмиз. Бу кадр тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши ва амалиёт ўташи орқали ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter