Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Аср фалокати»ни бошидан ўтказган шаҳар — Xabar.uz Қаҳрамонмарашда (фото)

«Аср фалокати»ни бошидан ўтказган шаҳар — Xabar.uz Қаҳрамонмарашда (фото)

Бундан  бир йил олдин қардош Туркияда кучли зилзила содир бўлганди. Аср фалокати, дея номланган бу офат натижасида кўплаб инсонлар нобуд бўлган, уйлар, иншоотлар вайронага айланганди.  

Ўтган даврда зилзила оқибатлари бартараф этилди, уйлар, маъмурий бинолар қурилди ва қурилмоқда.  

9 феврал куни Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги коммуникациялар бошқармаси  мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ вакиллари учун Туркияга пресс-тур уюштирди.

Хизмат сафарида xabar.uz вакили ҳам қатнашмоқда. Мақсад зилзиладан кейинги бунёдкорлик ишлари билан танишиш ва шу асосда материаллар тайёрлаш.

Пресс-тур давомида журналистлар Туркиянинг Қаҳрамонмараш, Адияман ва Малатя вилоятларига бориб, жараёнларни кузатишади. Дастлабки манзил — Қаҳрамонмараш вилояти бўлди.

Қаҳрамонмараш

Тошкентдан учган самолёт тўрт соат деганда Истанбулга қўнди. Сўнгра ОАВ вакиллари Қаҳрамонмараш томон самолётда бир ярим соатлик масофани босиб ўтишди.

Дастлаб журналистларнинг Қаҳрамонмараш вилояти губернатори Мукеррем Унлуер ва бошқа мутассадилар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик журналистлардан ташқари бу сафарда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Шимолий Кипр Турк Республикаси ОАВ вакиллари ҳам қатнашишмоқда.

Губернаторнинг таъкидлашича, Қаҳрамонмарашда ўша таҳликали кунда иккита — 7,7 ва 7,6 балли кучли зилзила рўй берган. Бундан ташқари, кичик балли зилзилалар ўша даврда мунтазам содир бўлиб турган.  Ана шу талафотда 12500 киши нобуд бўлган. Вилоятда 1 миллион 170 минг киши истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 25 фоизи бир кунда уй-жойидан айрилган.

Вазият ўрганилиб, вилоятда  уйсиз қолганлар учун  200 мингта металл каркасли контейнер ва 165 мингдан зиёд чодирлар  ўрнатилди. Аҳоли зарур инфратузилма, озиқ-овқат, тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Шу билан бирга, ўқувчилар учун синфхоналарга мослаштирилган  контейнерлардан иборат мактаблар ташкил қилинди. Кутубхоналар, тўгарак машғулотлари учун махсус хоналар,  спорт майдончалари,  абитуриентларни олий ўқув юртига тайёрлайдиган бинолар барпо этилди.

Ҳозирда  вилоят миқёсида 9300та хонадон топширилган, йил охирига қадар 30 мингта хонадон муҳтожларга берилиши кўзда тутилган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Тайфур  Темур бундай офат ҳеч кимни бошига тушмасин, деди учрашувда, Хулосамиз шуки, бу каби кутилмаган офатларга қарши аҳолининг тайёргарлигини мунтазам тайёрлаб бориш керак.

Шунингдек, Тайфур Темур қийин вазиятда қўллаган Ўзбекистон, Қирғизистон,  Қозоғистон, Туркманистон  давлатларига алоҳида ташаккур билдирди.

Яқинларини йўқотган, талофат натижасида руҳий қўрқув таъсирга тушганлар билан экспертлар, психологлар, дин вакиллари иш олиб боришган.

Журналистлар янги бунёд этилган квартиралар ва вақтинча тайёрланган контейнерларни бориб кўришди, уларда истиқомат қилаётган аҳоли билан мулоқотда бўлишди.

Бугун ОАВ вакиллари Адияман вилоятида бўлишади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг