Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Асрлар қаъридан омон чиққан иншоот: «Малик Аштар» масжиди

Асрлар қаъридан омон чиққан иншоот: «Малик Аштар» масжиди

«Шаҳрисабз» давлат музей қўриқхонаси таркибига кирувчи «Малик Аштар» масжиди халқ орасида «Гумбаз» номи билан ҳам танилган. Масжиднинг «Малик Аштар» деб номланишида турли хил тахминлар мавжуд. Айрим манбаларда «Малик Аштар» номини VIII-IX асрларда яшаб ўтган араб саркардаси номи билан боғлайдилар.

Бошқа манбаларда эса «Ғилай Аштар» ҳақидаги афсоналар билан боғлайдилар. «Малик Аштар» масжидининг қачон қурилганлиги ҳақида тарихий ёзма маълумотлар деярли йўқ ҳисоб. Бизгача етиб келган тарихий ёзма манбаларда масжид биноси XIX аср охири ХХ аср бошига келиб тўла шаклланган. Масжид қадимий Шаҳрисабзнинг шимолий қисмида ёки «Шимолий» (Самарқанд) дарвоза яқинида жойлашган. «Малик Аштар» масжиди гумбазли хонақоҳ шимолий ва жанубий томондаги усти ёпиқ айвонлардан иборат. Масжидда ҳозирги кунда бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ киши ибодат қилишига шароит мавжуд. «Ийд Фитр» ва «Ийд Азҳо» намозларида 1000 дан зиёд киши қатнашади.

Бундан ташқари, «Малик Аштар» тарихий мажмуасида 23 та ҳужра-хоналар, 1 та таҳоратхона бор.

Масжидда 4 та дарвоза бўлиб, шулардан 2 та дарвоза ғарбий томонда, 1 таси шимолий томонда, 1 таси шарқий томонда жойлашган. У асрлар давомида кўҳна Кеш шаҳрининг «Зингарон», «Ўрда», «Намозгоҳ» гузари аҳолиси учун хизмат қилиб келмоқда. Масжид XIX аср охири ХХ аср бошида тўлиқ шаклланган бўлиб, мукаммал ҳолга келтирилган. Бунинг асосий сабаби шундаки, масжид қурилишида тўлиқ пишиқ ғиштдан фойдаланилган.

Масжид устунлари, дарвоза ва қўш табақали эшиклари, иморатнинг таг синч қисми намгарчиликка чидамли бўлган ёнғоқ, тут ва арча дарахти ёғочларидан тайёрланган. Масжид ҳовлисининг турли бурчакларида «Балх тути»нинг экилишига сабаб шундаки, тут дарахти иншоотдаги нам ва зах қочириш учун фойдаланилган. Шу туфайли масжид асрлар давомида ўзининг асл ҳолатини ҳозирги кунга қадар йўқотмаган. «Малик Аштар» масжидининг асосий иншооти бўлмиш хонақоҳ деворлари қалинлиги сал кам 1 метр, гумбазнинг қалинлиги эса 80 см.ни ташкил этади. Хонақоҳнинг шимолий томонида 4 устунлик, жанубий томонида 3 устунлик очиқ айвонлари бўлиб, йилнинг катта қисмида ибодат қилиш имконини беради. Масжид ҳовлисида ўтган асрнинг 2-ярмига қадар чашма бўлганлиги ҳақида замондошларимиз маълумот беради.

Собиқ шўролар тузуми даврида масжид қора кунларни бошидан кечирди. Ўша машъум кунларда масжиднинг ҳужралари НКВДнинг қамоқхона ва зиндонига айлантирилди. 2-жаҳон уруши тугаши арафасида, аниқроғи, 1944 йил 18 майда собиқ шўролар ҳокимиятининг раҳнамоси Иосиф Сталин Қрим ярим оролидаги қрим-татарларини давлат хиёнатида, сотқинликда айблаб, уларни ўз ватанидан сургун қилди. Сургун қилинган ёки депортация қилинган қрим-татарларининг катта қисми Ўрта Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга келтирилди. Сургун қилинган қрим-татарлари учун бошпана уй сифатида масжид ҳужраларидан фойдаланишди. Масжид ҳовлисида ҳужралар ёнида қўшимча иморатлар қурилиб, тарихий объект архитектурасига жиддий зарар етказилди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бу жараён давом этиб, масжид хароб ҳолатга келиб қолди. Шу йиллар давомида тарихий объект шўролар ҳокимияти томонидан бирор марта ҳам қайта таъмирланмади. 1985 йилда «Малик Аштар» масжиди Шаҳрисабз шаҳар давлат архиви идорасига айлантирилди. 1987 йилда «Малик Аштар» масжиди қайта реконструкция қилиниб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар идораси қарори билан яна халқимиз мусулмонлари ибодат қилиш имконияти яратилди.

Мустақиллик даврида «Малик Аштар» масжиди бир неча бор қайта реконструкция қилинди. 2016 йилда масжидда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Масжид хонақоҳида кенг кўламда ишлар олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси бадиий академияси усталари томонидан масжид айвони шифти исломий нақшлар билан безатилди. Масжид ҳужраларидаги ғиштин иморатлар қайта таъмирдан чиқарилди. Ҳозирги кунда «Малик Аштар» масжиди «Шаҳрисабз» давлат музей қўриқхонаси таркибига киритилган тарихий объектлардан бири бўлиб, юртимизга келаётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун хизмат қилиб келмоқда. 

Жавоҳир Ёдгоров,
«Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси»нинг
«
Малик Аштар» бўлими катта илмий ходими.
Ғайрат Қамбаров,
бўлим бошлиғи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг