«Рақамли парвоз»: Ҳаётимизга енгиллик киритаётган ўзгаришлар

Қайси халқнинг ёшлари ақл ва билимда, технологиялар ва янгилик яратишда илдам бўлса, эртага ўша миллат етакчи бўлади. Чунки замонавий фикрлайдиган, муаммоларга ечим топа оладиган, дунё билан рақобатлашадиган авлод — тараққиёт йўлидаги энг муҳим ресурсдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан бўлган навбатдаги учрашуви ана шу ҳақиқатни яна бир бор бизга эслатди.
Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз ўсди, халқаро компаниялар Ўзбекистонга миллиардлаб инвестиция киритмоқда, дунё бизга ишонмоқда. Нега? Сабаби — ўзбекистонлик ёшлар билимда, IT ва технологиялар соҳаларида мисли кўрилмаган ютуқларга эришмоқда.
1 миллион дастурчи, миллиард долларлик имкониятлар
«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 325 минг нафар ёшларимиз билим олишди. Айниқса, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм каби вилоятларда ёшлар дастурлаш орқали яхши даромад топишмоқда. Бу олтин авлод иқтисодиётимиз ривожига катта ҳисса қўшади, жаҳон бозорида рақобатлаша олади. Ким бундай ёшлар билан фахрланмайди?!
Айни пайтда стартап экотизими шиддат билан ривожланмоқда. Президент айтганидек, 145 миллион доллар венчур сармояси ёшлар ғояларини молиялаштиришга йўналтирилди. Бу рақам яқин келажакда 1 миллиард долларга етказилади. Илгари бундай имкониятлар орзу қилинарди, бугун эса ўз ғоясига инвестиция олаётган йигит-қизларимиз бисёр.
Ўзбекистон ўз келажагини «ақл ва технологиялар» асосида қурмоқда. Шу мақсадда сунъий интеллект, рақамли геология, технологик минераллар, био-инженерия, «яшил» иқтисодиёт каби йўналишларда кадрлар тайёрланяпти. «AI Study» платформаси, MIT билан ҳамкорликдаги дастурлар, «Рақамли авлод қизлари» лойиҳаси – буларнинг барчаси замонавий билимлар билан қуролланган авлодни тарбиялашга қаратилган.
Бир ёшнинг ғояси бутун бир соҳа, миллионлаб инсонлар тақдирини ўзгартириши мумкин. Буни давлат раҳбари яхши англаб, шунга мос равишда ёшларга йўл очмоқда. Масалан, ўғил-қизларимиз умумий соврин жамғармаси 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган «President Tech Award» стартап танловида қатнашишяпти. Ажаб эмас, эртага шу танлов иштирокчилари орасидан йирик стартап эгалари етишиб чиқса.
Ўзбекистоннинг жаҳон IT харитасидаги ўрни
Ўзбекистоннинг рақамли тараққиёт йўли наинки муваффақиятли моделга, балки бутун минтақада илғор намунага айланди.
Айни пайтда юртимизда 2 800 дан ортиқ IT-парк резидентлари фаолият юритмоқда. Улар орасида 752 та хорижий компаниянинг борлиги мамлакатимизга, салоҳиятли кадрларимизга бўлган ишонч ва инвестициявий муҳитнинг қанчалик мустаҳкам эканидан далолат беради. Эътиборлиси, бу соҳада бевосита 40 минг нафар ёшлар иш билан банд ва юқори даромад топишмоқда.
Соҳанинг экспорт кўрсаткичи сўнгги беш йилда 170 миллион доллардан деярли 1 миллиард долларга етди.
Ўзбекистон «Глобал стартаплар индекси»да 12 поғона юқорилаб, «ТОП-100»ликка кирди. Бугунги ўзбек стартаплари дунё сармоядорлари диққат марказида. Ўтган йилнинг ўзида соҳадаги стартапларга 70 миллион доллар венчур инвестицияси киритилди.
«Сунъий интеллектга тайёрлик» индексида ҳам Ўзбекистон 17 поғонага юқорилаб, Марказий Осиёда пешқадамга айланди.
Ҳозирги кунда 760 дан зиёд давлат хизматлари рақамлаштирилган, миллионлаб юртдошларимиз my.gov.uz орқали хизматлардан онлайн тарзда фойдаланишмоқда.
12 йиллик парвоз
Бундан 12 йил аввал, 2013 йилнинг 1 июлида Ўзбекистонда рақамли давлат хизматларининг пойдевори – Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ишга туширилган эди.
Мана шу 12 йил ичида my.gov.uz орқали 200 миллионга яқин аризалар онлайн қабул қилинди.
My.gov.uz туфайли давлат хизматларини олиш ҳар қачонгидан ҳам осонлашди. Давлат идоралари эшиги тагида соатлаб, баъзида кунлаб навбат кутган инсонлар ҳозир ўз юмушини қўл телефони ёки компютер орқали бир неча дақиқада амалга оширадиган бўлди.
1 июлдан бошлаб MyGov мобил иловасида рақамли сервислар ишга туширилди. Энди паспортингиз, ID-картангиз, дипломингиз каби ҳужжатларни ёнингизда олиб юришга ҳожат қолмайди – улар доим қўл остингизда, мобил қурилмангизда бўлади. Бу турдаги рақамли ҳужжатлар банклар, нотариал идоралар, аэропортлар (ички рейслар), поездлар, давлат ва корпоратив хизмат кўрсатиш жараёнларида ва бошқа ҳолатларда қоғоз ҳужжат ўрнини босади.
Яна бир мисолни келтирамиз: сўнгги вақтларда фирибгарлар томонидан бошқа бировнинг номига кредит расмийлаштириш ҳолатлари кўп учрамоқда. My.gov.uz бундай нохуш вазиятларнинг олдини олиш учун порталда «Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқлашни олиб ташлаш» хизматини ишга туширди. Бу хизмат орқали сиз номингизга кредит расмийлаштирилишига осонгина тақиқ қўйишингиз мумкин. Кредит ташкилотлари эса қарз беришдан олдин, фуқаро ўзига кредит ажратилишига тақиқ қўйганми-йўқми, текширишга мажбур. Агар тақиқ аниқланса, сизнинг номингизга кредит ажратилмайди. Муҳими, мазкур хизматдан фойдаланиш мутлақо бепул.
Албатта, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ишига энг одил баҳони халқ беради. Порталдан фойдаланувчилар сони 11 миллиондан ошганининг ўзи, унинг ишига муносиб баҳо, назаримизда.
Яқинда таниқли блогерлардан бири порталнинг 12 йиллик фаолияти ҳақидаги хабарга шундай қисқа изоҳ қолдирди: «Табриклаймиз, ростанам, ҳаётимизни енгил қилаяпти шу тизим».
Давлат хизматларини рақамлаштиришдан кўзланган энг асосий мақсад ҳам шу — инсонлар ҳаётини енгиллаштириш. Давлат хизматлари қанча тез, қулай ва шаффоф бўлса, фуқаро ўзини шунча қадрланган ҳис этади. Фуқаро давлатга эмас, давлат фуқарога хизмат қилади, деган шиорнинг таг замирида ҳам шу ғоя ётади. Ва бугун биз ана шу эзгу мақсад сари дадил қадамлар билан илдамлаб боряпмиз.
Л.Турсунов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter