Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент рақамлаштириш бўйича янги қарорни имзолади

Президент рақамлаштириш бўйича янги қарорни имзолади

«Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–286-сон, 16.09.2025) қабул қилинди.

Бу ҳужжат “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида қабул қилинган бўлиб, давлат хизматларини янада қулай, шаффоф ва тезкор қилишга қаратилган.

Қарорга кўра:

41 та устувор лойиҳа ишга туширилади. Давлат хизматларининг 70% электрон тарзда кўрсатилади. Энг қувонарлиси, маҳаллаларнинг ўзида 30 дан ортиқ хизмат жойида тақдим этилади.

Интернет тезлиги ва қамрови сезиларли ошади. Бунинг учун 66 минг км оптик толали алоқа тортилиб, 2 284 та янги таянч станция ишга тушади.

100 дан ортиқ янги электрон хизматлар йўлга қўйилади. Жумладан, 10 та хизмат проактив шаклга ўтади, яъни фуқаро алоҳида ариза бермасдан туриб ҳам маълум хабар ва ёрдамни автоматик тарзда олади.

2025 йил 1 ноябрдан мобил операторлар, банклар ва тўлов ташкилотлари ўз иловалари орқали давлат хизматларини тақдим эта олади.

“Рақамли маҳалла” платформаси орқали оилалар ва аҳоли маълумотлари юритилади. Маҳаллалар ягона кадастр рақами асосида марказлашган реестрга киритилади.

Соғлиқни сақлаш тизимида “Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси” жорий этилади. У сунъий интеллект ёрдамида ташхис қўйиш ва шифокор нутқини автоматик ёзиш имкониятини беради.

Талабалар Ягона портал орқали ижара тўловининг бир қисмини қайтариб олиш имконига эга бўлади.

Фермерлар ва тадбиркорлар учун сув ресурслари тақсимоти электрон шаклда амалга оширилади.

Автомобиллар учун эса газ балонига оид маълумотлар электрон тарзда юритилиб, қоғозбозликка чек қўйилади.

Чет эл фуқаролари Ягона портал орқали вақтинча рўйхатдан ўтиш имконига эга бўлади.

Яна бир муҳим янгилик – “OASIS” ягона рақамли платформаси ишлаб чиқилади. Бу орқали барча давлат тизимлари ягона стандартга асосланади, хавфсиз ва самарали ишлайди.

Ушбу қарор ижроси орқали давлат хизматлари одамларга яқинлашади, ортиқча оворагарчилик йўқолади, технологиялар эса кундалик ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб боради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг