Самолётга чиқмасданоқ назоратдасиз: Божхонадаги янги тизимлар ҳақида нималарни биласиз? (видео)
Ҳозирги кунда божхона постларига қоғоз кўтариб бориш шарт эмаслигини ва кўплаб амалиётларни масофадан туриб бажариш мумкинлигини ҳамма ҳам билавермайди. "Qulay hayot" лойиҳасининг навбатдаги сонида Божхона қўмитаси ходимлари билан тизимдаги рақамлаштириш юртдошларимиз ҳаётига қанчалик қулайликлар олиб киргани ҳақида суҳбат уюштирилди.
– Божхона қўмитасининг масофавий электрон декларациялаш божхона постидамиз. Бу ерга Ўзбекистоннинг барча нуқталаридан ташқи савдо юкларига доир декларациялар – экспорт, импорт ва божхона юк декларациялари келиб тушади. Бу ердаги ходимларимиз бир кунда давлат бюджетига ўртача 300 миллиард сўм атрофидаги божхона тўловларини туширишади. Илгари ҳамма ҳудуднинг ўзида божхона расмийлаштируви амалга оширилгандан кейин, хоҳлаймизми-йўқми, инсон омили ва коррупцион хавф-хатарлар бўлган. Бугун эса божхонада божхона юк декларациясини расмийлаштираётган ходим қайси тадбиркорнинг юкини расмийлаштираётганини олдиндан билмайди, – дейди мутахассис.
– Энди бунинг имкони йўқми?
– Имкони йўқ. Ва табиийки, декларация келиб тушгач, яшил, қизил ёки сариқ йўлаклар орқали расмийлаштириш жараёнлари амалга оширилади. Яъни, божхоначи ва тадбиркор ўртасида тўғридан-тўғри контактга киришга умуман ҳожат йўқ.
– Бу рақамлаштириш жараёнининг энг муҳим жиҳатларидан бири.
– Худди шундай. Мақсад ҳам жараённи тезлаштириш, ҳам тадбиркорнинг вақт ва сарф-харажатини қисқартириш, биринчи галда эса инсон омилига чек қўйиш орқали коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олишдир.
– Тушунарли. Рақамлаштириш ва инсон омилининг буткул узоқлаштирилиши тадбиркорларга қанчалик қулайлик яратди?
– Келинг, содда қилиб тушунтираман. Мана, 2026 йилнинг олти ойи давомида тадбиркорларимиз, ташқи савдо иштирокчилари божхона органларига 605 мингта божхона юк декларациясини электрон тарзда тақдим қилишди. Бу божхонага қоғозбозликни камайтириш имконини берди. Илгари декларация шундай қоғоз шаклда тўлдириларди (тахминий оғирлиги 300 грамм чиқади).
Энди тасаввур қилинг: шунақа декларациядан 605 мингта келиб тушди дейлик. Бу ерда нафақат декларация, балки унга илова қилинадиган йўл-юк кузатув ҳужжатлари, бошқа идоралардан олинадиган рухсатнома, сертификат ва хулосалар ҳам бўлади. Товар тури қанчалик кўп бўлса, иловалар ҳам шунча катта бўлади. Биз аввало қоғозбозликдан қутулдик.
Умуман олганда, рақамлаштиришнинг босқичлари электрон, рақамли ва интеллектуал божхона деб аталади. Ҳозир биз интеллектуал божхона босқичидамиз. Яъни, тизимнинг ўзи хавф гуруҳига қараб декларацияларни яшил, қизил ёки сариқ йўлакларга йўналтиради. Мана шу олти ойнинг ўзида 605 мингта декларациянинг 21 фоизини, яъни 120 мингтасини расмийлаштиришда ходимларнинг биронтаси қатнашмади, ҳатто бирорта тугма ҳам босмади.
– Бирорта тугма босмаган?
– Албатта. Декларация тизимга келиб тушади, мантиқий назорат функциялари ва сунъий интеллект элементлари ишлаши ҳисобига тизимнинг ўзи уни автоматик расмийлаштиради ва тадбиркорга хабар юборади. Бу бизнинг тилда "инсон омилисиз расмийлаштирув" дейилади.
– Бундай расмийлаштирувда хато бўлиш эҳтимоли қанча фоизга тенг?
– Умуман хато бўлмайди. Бу ерда механизм ишлайди, алгоритмлар киритилган. Агар тадбиркорнинг ўтмиши тоза бўлса, илгари божхона қоидаларини бузмаган ва тўловларни вақтида тўлаган бўлса, ҳужжатларда камчилик бўлмаса, тизимнинг ўзи автоматик расмийлаштиради.
– Шундай ҳужжатларни тўлдиришга тадбиркорнинг илгари қанча вақти кетарди-ю, ҳозирги электрон шаклда қанча вақт кетмоқда?
– Масалан, биринчи марта товар экспорт ёки импорт қилаётган бўлсангиз, сизда буни мустақил тўлдириш кўникмаси бўлмасди ва кўпинча божхона брокерларига мурожаат қилиб, қўшимча харажат қилгансиз. Ҳозир эса тизимнинг ўзи декларацияларни соддалаштирилган ҳолатда тўлдириб беради. Шартнома ва йўл-юк кузатув ҳужжатларини киритсангиз, тизимнинг ўзи маълумотлардан келиб чиқиб декларацияни автоматик шакллантиради.
Илгари қоғоз шаклда топширилганда битта хато-камчилик топилса ҳам, ҳужжат орқага қайтарилиб, кунлаб вақт йўқоларди. Олти ой якунлари бўйича экспорт-импорт билан шуғулланган 45 мингга яқин тадбиркорлар бугунги кунда расмийлаштирув вақти сезиларли даражада қисқарганини эътироф этишмоқда.
Таргетлаш маркази ва хавфларни мониторинг қилиш
Сиз хориждан Ўзбекистонга учиб келяпсиз ва ҳатто самолётга ўтирмасиданоқ назоратга олинишингизни биласизми? Агар ноқонуний товарлар ёки воситалар бўлса, аэропортга қўнишингиз билан текширувлар амалга оширилади. Бунга қандай эришилади? Бу саволга Божхона қўмитасидаги таргетлаш маркази фаолияти билан танишиш орқали жавоб топиш мумкин.
– Таргетлаш маркази – хавфларни мониторинг қилиш бошқармасининг таркибий тузилмаси бўлиб, унинг асосий вазифаси хавфни бошқариш тизимларига асосланган ҳолда чегарадан ҳаракатланаётган транспорт воситалари ва фуқароларга нисбатан самарали божхона назоратини қўллашдир. Марказ 60 дан ортиқ автоматлаштирилган тизимлар, республика бўйлаб 3000 мингдан ортиқ камералар ва замонавий воситалардан фойдаланади.
– Бу ердаги ходимлар нималарни назорат қилишмоқда?
– Ходимлар ўз йўналишларига бўлинган: божхона назорати, темир йўл ва халқаро аэропортлар. Масалан, "Aviapioneer" дастури орқали Ўзбекистонга ҳаракатланаётган рейсларни реал вақт режимида кўриб турамиз. Агар Истанбулдан Тошкентга келаётган рейсда 127 та йўловчи бўлса, улардан 6 нафари хавфли даражага эга деб аниқланса, улар ҳали самолёт қўнмасидан туриб назоратга олинади.
Бунда фуқаролар билет харид қилгандан кейин шаклланадиган шахсий маълумотлари ва риск профилларидан фойдаланилади. Аэропортларда ўрнатилган Smart камералар ҳамда Face ID тизими орқали улар аниқланиб, инспекторларга хабар берилади.
– Бугун Ўзбекистонга келаётган бирон бир шахс ноқонуний товар ёки модда олиб кираётган бўлса, ушланмай қолиш эҳтимоли нолга тенг дейишимиз мумкинми?
– Албатта! Бунга нафақат йўловчилар, балки темир йўл вагонлари, юк автотранспорт воситалари, енгил машиналар ва автобуслар орқали кириб келувчилар ҳам тўлиқ қамраб олингани орқали ишонч билан жавоб бера оламиз.
Шунга қарамай, айримлар тана аъзоларига гиёҳвандлик воситаларини яшириб олиб киришга уринади. Бундай ҳолатларда бодисканнер қурилмалари, рентген ускуналари ҳамда хизмат итлари (кинология) ёрдам беради. Тизим қанчалик мукаммал бўлмасин, божхона ходимининг шахсий зийраклиги ва ҳушёрлиги ҳам ҳал қилувчи ролни ўйнайди.
Масофавий электрон декларациялаш ва ҳамкор идоралар интеграцияси
– Ҳозир масофавий электрон декларациялаш постида ўтирибмиз. Бу ерда қандай ишлар бажариляпти?
– Бу ерда ўртача 150 та ходим ишлайди. Декларациялар хавфни бошқариш тизими орқали яшил, сариқ ва қизил йўлакларга бўлинади. Яшил йўлак тўлиқ сунъий интеллект томонидан ходим иштирокисиз расмийлаштирилади. Сариқ ва қизил йўлакларда эса ходимлар ҳужжатли текширувларни амалга оширишади. Бу постда бир кунда ўртача 3000–4000 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилиб, 300 миллиард сўм давлат бюджетига ўтказилади.
Илгарилари айрим товарларни экспорт-импорт қилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Стандартлаштириш агентлиги каби бошқа идораларнинг хулосаси ва сертификатлари керак бўларди. Тадбиркорлар бу ҳужжатларни йиғгунча вақт йўқотар, лекин барча эътирозни божхонага айтар эди. Ҳозир эса божхонанинг "Ягона дарча" ахборот тизими орқали барча тегишли вазирлик ва идоралар интеграция қилинган. Тадбиркор бошқа идорадан ҳулоса олгани ҳамоно, у бизнинг тизимда ҳам автоматик равишда кўринади.
Ягона портал, киберхавфсизлик ва келaжакдаги режалар
– my.gov.uz портали орқали бугун божхона хизматларининг қанчасидан фойдаланиш мумкин?
– Бугунги кунда божхона соҳасидаги 20 га яқин интерактив электрон хизматлар айнан шу портал орқали кўрсатилмоқда. Шунингдек, йўловчи божхона декларацияси иловаси ва электрон навбат тизимларини битта ягона иловага жамлаш устида ишлаяпмиз. Интеграция жараёни юқори даражага етказилган.
– Фуқароларнинг божхона хизматларидан фойдалангандаги шахсий маълумотлари қанчалик ҳимояланган?
– Божхона қўмитасида алоҳида Киберхавфсизлик бошқармаси мавжуд. Маълумотлар ўз сервер қурилмаларимизда қаттиқ ҳимояланган ҳолда сақланади. Кундалик содир бўладиган ахборий ҳужумларнинг барчаси зудлик билан бартараф этилади.
– Келгуси йилларда божхона тизимида яна қандай қулайликлар яратилиши кўзда тутилган?
– Рақамлаштириш ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. Авваллари тадбиркорнинг юки чегарадан киргач, ички ҳудуддаги постга келиб расмийлаштирилар эди. Бунинг олдини олиш мақсадида чегара божхона постларига туташ ҳудудларда терминаллар фаолияти йўлга қўйилди. Юк чегаранинг ўзидаёқ тўлиқ расмийлаштирилиб, кейин корхонасига олиб кетилиши таъминланмоқда. Келажакдаги режамиз – чегара постининг ўзида расмийлаштирув қамровини икки баробарга оширишдир.
Қонунга итоаткор, ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Ваколатли иқтисодий оператор" мақоми жорий этилган. Бу мақомни олган тадбиркорлар божхона тўловларини кечиктириб тўлаш ва товарларни тўғридан-тўғри ўз омборига тушириб расмийлаштириш имкониятига эга. Бундай тадбиркорлар сонини 100 тадан 200 тага етказиш чоралари кўрилмоқда.
Колл-марказ ва чатбот хизматлари
Агар фуқароларда божхона органлари фаолияти билан боғлиқ саволлар ёки муаммолар бўлса, 24/7 режимда ишлайдиган колл-марказга мурожаат қилишлари мумкин. Йил бошидан буён 152 842 та мурожаат операторлар томонидан қабул қилиниб, саволларга жойида жавоб берилган ёки мутахассисларга улаб берилган.
Шунингдек, Божхона қўмитасининг расмий сайтида сунъий интеллектга асосланган махсус чатбот ҳам фаолият юритмоқда. Ҳозирга қадар чатбот орқали минглаб фуқароларнинг мурожаатларига онлайн тарзда жавоб қайтарилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter