Айбсиз аёл оқланди
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судининг 2010 йил 16 мартдаги ҳукмига кўра М.Солиева (исм-фамилияси ўзгартирилган) Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
ЖКнинг 72-моддаси қўлланиб, тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган.
М.Солиева онаси билан бирга ўзига тегишли бўлган «Мечта» кафесида олиб борилган таъмирлаш ишлари учун 2008 йил декабрь ойида Р.Раҳимовга иш ҳақи эвазига 5000 сўмга ҳисоблаб, истеъмол қилиши учун бир пакетда ўралган кўп миқдордаги героинни қонунга хилоф равишда сотганликда айбланган.
Иш ҳужжатларига кўра М.Солиеванинг айбини исботловчи далил сифатида фақат Р.Раҳимовнинг 2008 йил ноябрь ойида кафеда электр жиҳозларини таъмирлаганлиги сабабли хизмат ҳақи учун М.Солиевадан бир пакет героинни олганлиги ҳақидаги кўрсатуви асос қилиб олинган.
М.Солиева героинни Р.Раҳимовга сотмаганлиги ва истеъмол қилмаслигини дастлабки тергов ва судда баён қилган бўлиб, унинг ушбу кўрсатмаларини инкор этувчи далиллар мавжуд эмас.
Шу сабабли жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг 2018 йил 4 июндаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судининг 2010 йил 16 мартдаги ҳукми бекор қилиниб, М.Солиеванинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди.
М.Солиева айбсиз деб топилиб, оқланди.
М.Солиевага ўзига етказилган мулкий зиённи ЖПКнинг 304 — 313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
З.Қурбонов,
жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьяси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter