Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўрмончи Раъно Бозорова: «Аёл бор жойда тартиб, саранжомлик, адолат бор»

Ўрмончи Раъно Бозорова: «Аёл бор жойда тартиб, саранжомлик, адолат бор»

Ўрмон хўжалиги ходими деганда ҳар қандай инсоннинг кўз ўнгида аввало  махсус кийимда, оёқларига этик кийган эркак қиёфаси  гавдаланади. Аёлнинг ўрмончи бўлишини эса ҳеч ким ҳаттоки тасаввурига ҳам сиғдира олмайди.  Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигининг раҳбари Раъно Бозорова ёшлигидан соҳада ишлашни орзу қилган. Бугунги кунга келиб, бир пайтлар  бутунлай парокандага учраган хўжаликни оёққа турғизган, браконьерлар билан аёвсиз курашиб, Қашқадарёнинг бетакрор Зарафшон арчаларини сақлаб, энг асосийси соҳада хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб келаётган «Дўстлик» ордени соҳибаси  билан соҳадаги ютуқ ва муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.

- Раъно опа, сиз Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тассаруфидаги 76 та ўрмон хўжаликларининг раҳбарлари ичида ягона аёлсиз. Бундан ташқари Қашқадарё вилоятининг энг муаммоли, сувсиз хўжалигини бошқармоқдасиз. Қийин бўлмаяптими?

Ҳар бир ишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Деҳқонобод тумани оғир шароитли туман. Шунга қарамай биз яхши жамоа тўплаганмиз. Деҳқонобод  давлат ўрмон хўжалиги 105 минг гектар майдони бўлиб, ўрмонзорларни қўриқлаш, янги кўчатхоналар, ихотазорлар барпо этиш, доривор ўсимликлар, мева уруғларини териш тизимли равишда йўлга қўйилган. Ўрмон хўжалиги  соҳа мутахассиси, етарли тажрибага эга бўлганлигим сабабли Деҳқонобод ўрмон хўжалигини оёққа турғизишга ҳисса қўшганимдан хурсандман. Ҳукуматимиз  2017 йил декабрь ойида меҳнатимни муносиб равишда тақдирлади. «Дўстлик» ордени жамоамиз меҳнати учун берилган мукофот, деб ўйлайман.

— «Ўрмончилик эркакларнинг иши», деб ўйлайди кўпчилик. Нега айнан шу касбни танлагансиз?

— Кўпчилик ўрмон хўжалигида ишлайман, десам менга шу саволни беришади. Мен тоғ қизиман. Дадам тил ва адабиёт ўқитувчиси эдилар. Биргаликда кўп китоб ўқирдик. Болалигимдан табиатга, ҳайвонларга меҳр бергандим. Мактабни «Олтин медал» билан битиргач, журналистика факультетига ўқишга кирмоқчи бўлдим. Аммо аттестатимиз кеч келганлиги сабабли, ҳужжатларимни топширишга улгурмадим. Ўша пайтлари газетада «Ўрмон хўжалиги факультети «Олтин медал» билан битирганларни имтиҳонсиз ўқишга қабул қилар экан» деган эълон чиққан эди. Ўша пайтлари мобил телефонлар йўқ эди. Мен Тошкентда «қайси факультетга ҳужжатларимни топширсам экан», деб юрганимда раҳматли дадам шу гапни кимдандир айттириб, менга етказди. Энг охиргилар қатори Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ўрмон хўжалиги факультетига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилиндим. Дадам «қизим, бизда ўрмон хўжалиги бор, кўзим етади, шу соҳанинг мутахассиси бўласан» деган эдилар.  Худога шукр, шу соҳани танлаб кам бўлмадим. Кўплаб шогирдлар етиштирдим.

- Бошқа ўрмон хўжаликларига қараганда  жамоангизда аёллар сони кўп экан. Улар билан ишлаш қийин бўлмаяптими? Хотин-қизларга қандай шароитлар яратилган?

-Мен ишга келганимда хўжаликда битта аёл бўлиб, у ҳам котиба эди. Мен вақтида туман хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ҳам ишлаганман. Шу сабабли биринчи галда аелларни соҳага жалб қила бошладим. Чунки аёл бор жойда тартиб, саранжомлик, адолат бор. Ҳозирда хўжаликда 20 нафардан ортиқ хотин-қизлар бор. Уларнинг қобилиятига қараб ишга жалб қилишга ҳаракат қиламан. Масалан, Мастура опа Турсунова деган паррандачимиз бор. Барча эркаклардан паррандаларни олиб унга бердим. Чунки бу йўналишни жон-дилидан, меҳр билан бажаради. Қўмита раисимиз ўзи келиб, опа билан учрашди, унинг меҳнатини юқори баҳолади. Дилором Хусановага эса Оқбош ўрмон бўлимидан кичкина кўчатхонани бергандим.  Кўчатлар бегона ўтлардан тозаланган, вақтида суғорилади. Айнан ўша ерда тартиб бор. Қисқа муддатда Дилором бизга мевали ва манзарали дарахт кўчатларини етказиб берди. Ўтган йили мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан кўкрак нишони билан тақдирланди. Доривор ўтларни теришга ҳам аёлларни жалб қилдик. Чунки уларни авайлаб териб, саралаб, ювиб, қуритишда аёлларимизга тенг келадигани йўқ. Ҳали бирорта дориворларимиз экспортдан қайтмади.

-Ўрмон хўжалигининг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

-Ўрмон хўжалиги жуда ҳам сердаромад соҳа. Унинг асосий вазифаси ўрмонзорларни кенгайтириш, тиклаш, кўчатхоналарни ташкил этиш бўлиб, шу билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, парранда боқиш, чорвачилик, асаларичилик билан ҳам шуғулланамиз. Аҳолининг қизиқиши кўпроқ каврак ўсимлиги ширасини олишда кўринади. Сассиқ каврак шираси махсус рухсатнома орқалигина терилади.

-Эшитишимча, Деҳқонобод туманида аҳоли сувни сотиб олиб ичади, эҳтиёжига ишлатади. Мана шундай шароитда ўрмон хўжалиги фаолиятини олиб бориш қийин эмасми?

- Эндигина ишга келганимда бу ерлар тақир чўл эди. Биринчи галда ҳовуз ташкил этиб, дарёдан сув ташийдиган машина орқали янги экилган кўчатларни суғордик. Лимонзор, интенсив кўчатхоналар ташкил этдик. Албатта шароит оғир. Ҳозирда Деҳқонободга Оқсув қувурлари тортилаяпти, йилнинг охиригача хўжаликка сув келади, деган умиддамиз.

- 2018 йилдан бери Ўзбекистонда гендер тенглиги сиёсати амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлари учун жойларда кўп ишлар қилинаетир. Раъно опа сизнингча,  Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тассаруфидаги хўжаликларнинг ҳеч бўлмаса 50 фоизини аёллар бошқарганида ҳолат қандай ўзгарган бўларди?

-Албатта аёллар бошқарганда умуман бошқача бўларди.  Юқорида айтганимдек, аёл бор жойда тартиб бўлади. Баъзи хўжаликларга эшигидан кириб  борганимизда аҳволи маълум бўлади. Ўзимизнинг хўжаликка илк қадам қўйганимда қўрқиб кетганман. Бино ҳароб аҳволда, ҳовлиси  ўралмаган, омборхоналарда маҳсулот сақлашга шароит йўқ эди. Чунки ёмғир-қор ёғса, устидан чакка ўтарди. Аввал ҳудудни ўрадик. Жамоа ҳаракати билан даромад топдик. Бинони, омборхоналарни таъмирладик, фаоллар залини қурдик. Қонундан четга чиқмадик. Бизни қўллаган иккита нарса бор. Биринчиси қонун, иккинчиси эса ҳалолликдир. Раҳбар ҳалол бўлса, ўз ходимлари учун қайғурса, шундагина хўжаликка барака келади. Қандай қилиб ходимлар ишлайдиган хоналар қишда совуқ, ёзда иссиқ бўлса улардан иш талаб қила оламан? Биринчи  ютуғим, уларга шароит яратиб, рағбатлантира олдим. Чунки ходим рағбатлантирилса иш олдинга кетади. Ҳалолликда гап кўп. Келган даромадни ҳаммасини ўрмон хўжалигини ривожлантиришга йўналтирганмиз. Ҳозир гендер тенглиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Яқинда қўмита томонидан Сурхондарёда ўтказилган Ёшлар форумида ҳам тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик, қизлар билан суҳбатлашдик.

-Раъно опа бинога киришда «Ўрмончилар қасамёди»га кўзим тушди.  Бошқа хўжаликларда буни кўрмадим? Бу ғоянинг ташаббускори ўзингизми?

- Мен биринчи ишга келганимда энг катта муаммо дарахтларнинг аёвсиз кесилиши эди. Туман прокуратураси билан ҳамкорлик қилиб, ҳар куни 4-5 та ўрмончини  вазифасидан озод қилган вақтларимиз бўлди. Кейин уларга ҳар бир йиғилишда тушунтириш ишларини олиб бордик. Яъни ўрмончиларга дарахтлар кесилса, эртага биринчи навбатда  ҳудудимизда сув йўқ бўлишини, булоқлар қуришини тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ҳозир бунинг оқибатини кузатаяпмиз, булоқларимиз камайиб кетган. Шундан кейин  бир йиғилишда ходимларга «агарда бирортангиз ёғоч, арча сотадиган бўлсангиз буюрмасин, косанг оқармасин деб, «Ўрмончилар қасамёди»ни қабул қилдиртирдим. Ҳозир ҳар бир ишга келаётган янги ходим биринчи галда  «Ўрмончилар қасамёди» билан танишади. Унга сен арчани, дарахтни сақлагин, сенинг ишингга Аллоҳимнинг ўзи ривож-барака беради, дейман. Чунки арчазорлар Деҳқонобод халқига берилган ноёб бойлик. Зарафшон арчаси жуда ҳам секин  ўсади. Уруғи ерга тушиб, вояга етгунича 100 йил ўтади. Бу салкам бир ярим нафар  инсоннинг умри демакдир. Мен арча кесган инсонни кечирмайман. Ҳозир хўжаликда 71 минг гектар табиий арчазордир. Уларни табиий равишда кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Аввало бундай ҳудудларга мол киритмаймиз. Агарда чорва киритилмаса, арчазорларимиз ўзини ўнглаб олади.

-Ҳуқуқбузарлар билан қандай курашаяпсиз?

- Ҳуқуқбузарлар билан курашиш жуда оғир кечди. Ҳар куни туман прокуратурасида ҳуқуқбузарларни жазога тортиш билан овора эдик. Жойларда сайёр йиғилишлар ўтказиб, арча кесганларни жаримага тортдик. Ҳозир маъмурий чора кўриш бўйича ваколатни бизга беришди. Ишимиз бундан анча енгиллашди. Фаол ҳаракатимиз туфайли браконьерлик ҳолатлари анча камайди.

-Қашқадарё ўзининг тандир кабоби билан машҳур. Аммо шу таомни пиширишга арча шохлари ишлатилади.  Шу муаммони ekologuz телеграм каналимизда кўтарганимда, кўпчилик обуначилар  кулишган эди. Аммо  тонналаб тайёрланаётган тандир кабоб учун бутун арчалар кесилади, шундай эмасми?

-Айниқса Янги йил байрами олдидан арча шохларини кесиб кетиш ҳолатлари жуда кўп бўлади. Шу сабабли ички буйруқ билан назоратни кучайтирамиз. Ҳар бир арчанинг шохини кесганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик бор. Арчаларни сақлаб қолишга имкон даражада қаттиқ ҳаракат қилаяпмиз.

-Раъно опа мана салкам бир йилдан бери юртимизда «Яшил макон» умумиллий ҳаракати кетмоқда. Аммо жуда кўплаб ҳудудларда экилган кўчатларнинг қуриб ётганини гувоҳи  бўлмоқдамиз.  Кўчатларни экишдан аввал, уларни суғориш тизимини жорий қилиш керакмасмиди?

- «Яшил макон» умумиллий лойиҳаси мамлакатимизда  катта ташаббус билан бошланди. Аммо буни тўғри тушунган ва тушунмаган ҳокимлар бор. Деҳконобод тумани  сув муаммоси бўйича оғир туман бўлганига қарамай, хокимимиз ҳар куни кечқурун сув ташиш машиналари ёрдамида уларга сув қуйдиради. Кўчат экиш мавсуми бошланганида ҳокимимиз аввало «сувсиз жойда ўса оладиган, иқлим шароитимизга мослашган кўчатларни топиб беринг, опа» деди. Маслаҳатимизга кўра Деҳқонобод кўчаларига айлан деган дарахт кўчати экилди. Аввало уни мол емайди ва сувсизликда ҳам ўсади. Бир йил суғорилса, ўзини тутиб кетади. Бошқа туманларда қуриб ётган кўчатларни кўриб юрагим оғрийди. Чунки кўчат етиштиришнинг ўз машаққати бор ва уни фақатгина кўчат етиштираётган одам билади.

-Деҳқонободга келиш чоғимизда, айниқса Самарқанд шаҳридан ўтаётганимизда хориждан келтирилган, қимматбаҳо кўчатларнинг йўл бўйига экилганини кўрдик. Уларни ўзимизда етиштирса бўлмайдими?

-Барча хориждан келтириладиган кўчатларни ўзимизда етиштирса бўлади. Қўмитамиз томонидан мутахассисларни хорижга малака оширишга жўнатилаяпти. Ўзим, бош ўрмончимиз ҳам Туркияда кўчат етиштиришни ўрганиб келдик. Кўчатларни йилнинг ҳар бир фаслида  экиб, кўпайтирса бўлади. Қаршида жуда ҳам катта пулга оддий қайрағочни сотиб  олиб келишди. Шуни ўзимиздан олишса бўларди.Шу сабабли хориждан олиб келинишга кўчатларнинг мутлақо қаршиман.  Чинор кўчатини етиштириш жуда ҳам муаммо эди. Ҳозир 1 миллиондан ортиқ кўчатни Сурхондарёда етиштирилган. Яқинда кўчатлар қуригани учун 3 та вилоят экология бошқармаси раҳбарлари, жумладан Қашқадарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг бошлиғи ҳам ишдан олинди. Уларнинг нима айби бор? Агарда туман хокимлари озгина эътибор бериб, кўчатларни суғоришса олам гулистон эди. Айбни Экология бошқармаларига ағдариш жуда ҳам нотўғри.

-Ўзингизнинг хўжалигингиз келажагини қандай кўраяпсиз? Ёшлар мазкур соҳага қизиқишаяптими?

-Мен олийгоҳни тугатиб, ишга келган кўп ёшлар билан суҳбатлашаман. Аммо аксарият ҳолатда улардан қониқмайман. Чунки улар фақат енгил-елпи ишни кўзлаб, дарҳол лавозим эгаллашни, тагига хизмат машинасини берилишини исташади. Ўрмончининг иши жуда ҳам оғир.

Вазирлар Маҳкамасининг 993- сонли қарори билан 1,5 минг гектар ерга битта ўрмончи бириктирилди. Илгари 3-4 минг гектар ерга 1 та ўрмончи қўриқларди. У пиёда ёки ўзининг оти билан кезади. Браконьерлар арчани кечаси кесгани чиқади. Ўрмончиларни браконьерлар уриб кетган ҳолатлари бўлган. Шу сабабли ўрмончининг иши жуда оғир ва масъулиятлидир. Ҳали бизда қўриқлаш ишлари эски усулда олиб борилади. Масалан, Қозоғистонда ҳар бир дарахтга  чип ўрнатилган. Бундан ташқари ўрмончининг махсус кийими бўлиши керак: қишки, ёзги.  Шу нарсаларни қайта тиклаш, ўрмончиларга шароит яратиш, дронлар, биноколлар, ҳар бир ўрмончи мотоцикллар билан таъминланса! Яқинда республика Экология қўмитаси томонидан текшириш ўтказилди. Ўрмончиларнинг шароити қийинлигини кўриб, дарахт кесилаяпти, деган хабар келиши биланоқ зудликда етиб бориш учун янги 4 та мотоцикл сотиб олишга келишилди. Тўғри хизмат машиналаримиз бор. БМТнинг ФАО ташкилоти томонидан «Нива» машинаси берилди. Битта УАЗик бор. Аммо 105 минг гектар ерни айланиб чиқишга  улар камлик қилади.  Шу сабабли кичкина мотоциклларни кўпайтирсак, бунга эса Қўмита ёрдам берса яхши бўларди. Чунки ҳар бир арча ўзининг тагида 4-5 тонна сувни сақлайди. Биз битта дарахтни асраб қолсак, қанча сувни сақлаб қолган бўламиз. Ўрмончи сифатида айтишим керакки,  ўрмонга  чорвани киритишни чеклаш зарур. Ёки ўрмонларни кўпайтирайлик, ёки чорвани! Бу йил ҳам ўрмонга чорвани юқорининг буйруғи билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сифатида бепул киритишди. Аммо моллар  дарахтга тегмайди, дея ҳеч ким кафолат бера олмайди. Биз кўчатхоналар, табиий каврак ўсадиган ерларга мол киритилишини қатъиян тақиқлаган жойларимизда хилма-хил ўсимликлар ўсади. Ўз ўзидан арчазор, пистазор кўпайди. Шу сабабли, алоҳида яйловлар ташкил этиб, уларни чегаралаш зарур.

-Ўрмончилар қурол билан таъминланиши керакми?

-Илгари ўрмончилар қурол билан юрган. Аммо бугунги кунда ўрмончиларга қурол беришни тўғри деб ҳисобламайман. Чунки ҳар бир ўрмончи қуролни  яхши ишлата олмайди. Ҳаммаси ҳам олий маълумотли эмас. Айрим ҳудудларда ўрта маълумотлиларни ҳам ишлатишга мажбурмиз. Чунки энг чекка ҳудудларга олий маълумотлилар бориб ишламайди. Шунга ўхшаш муаммоларимиз жуда ҳам кўп.

-Хўжалигида ўрмон беги бор, аммо Қўмитада ҳозир «ўрмон бекаси» лавозимини ташкил этиш бўйича ҳам ҳаракат қилинмоқда. Мазкур лавозим жорий қилинса яхши бўлармиди?

- Мен буни эшитгандим ва албатта қўшиламан бунга. Қашқадарё вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасида ишлаганимда битта бўлимга аёл кишини ўрмончи қилиб қўйгандик. Бу жуда ҳам яхши самара берди. Бўлим энг намуналига айланди. Аммо ишдан кетганимдан сўнг, у аёл ишдан олиб ташланган. Бўлим яна орқага кетган. Бошқарма бошлиғига тушинтиргач, у яна лавозимига тикланди. Чунки  аёл киши масъулиятни сезади, бирор нарсани ўпириб кетишдан қўрқади. Бирор нарса топдими, идорага олиб келиб, топширади. Шу сабабли ҳам ҳам аёл ўрмончиларни кўпайтириш зарур.

Наргис Қосимова суҳбатлашди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг