Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Баҳром Абдуҳалимов «жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалари»ни жорий этиш ғоясини илгари сурди

Баҳром Абдуҳалимов «жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалари»ни жорий этиш ғоясини илгари сурди

Фото: Адолат

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувда партия фаоллари, депутатлар, хайрихоҳлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этдилар.

Учрашувни Президентликка номзоднинг Намангандаги ишончли вакили – «Адолат» СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев қисқача кириш сўзи билан очди. Иштирокчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Шундан сўнг Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, ўз сайловолди дастурида илгари сурилган илғор ғоялар, асосий масалаларни сайловчилар эътиборига ҳавола қилди.

Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтириш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлаш, жиноятчиликка, порахўрликка, таъмагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш, адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш каби асосий масалалар диққат марказидан жой олганлиги таъкидланди.

Учрашувда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисида фикр юритилди.

Сайловолди дастурига кўра, маънавий тарбиянинг устуворлигини таъминлаш учун «Адолат» СДП давлат барча маданий, тарихий ёдгорликларни ва табиат ёдгорликларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратишини шартлиги қайд этилди. Шунингдек, миллий ва тарихий қадриятларимизга асосланган «Жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалари»ни яратиш ва жорий этиш ғояси илгари сурилди.

Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, фуқаролар орасида тиббий маданиятни шакллантириш каби ижтимоий масалаларнинг дастурдан жой олганлиги алоҳида эътироф этилди. Мамлакат учун замонавий, юқори интеллектуал кадрларни тайёрлашда таълим тизимининг барча босқичидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва жадаллаштириш ғоялари ҳам маъқулланди.

Номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳаза билдирган сайловчилар вакиллари номзодни қўллаб-қувватладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичга овоз беришга чақириқлар янгради.

Учрашув якунида номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича, ҳаётий мисоллар билан асосли жавоблар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг