Давлат даромадини адолатли тақсимлайдиган ҳуқуқий механизм ишлаб чиқиш керак – Президентликка номзод
«Адолат» СДПдан Президентликка номзод жойлардаги сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда қатор масалаларга, жумладан, таълим, тиббиёт ва ижтимоий таъминот борасида ўз сайловолди дастурида илгари сурган таклифларини эълон қилди.
– Биз ижтимоий соҳани ривожлантириш мақсадида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «Ижтимоий давлат – 2030» дастурини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш бирламчи вазифамиздир.
Шу билан биргаликда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз, – дейди Робахон Маҳмудова.
Номзод, шунингдек, тиббиёт соҳасида айни пайтда фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувлар ортидан беморларга ҳаддан зиёд дорилар сотиб олишга ундаш ҳолатлари кузатилаётгани ва бу барчани ташвишга солаётганини таъкидлади.
– Тиббиёт муассасаларидаги фаолиятга фармацевтика ташкилотлари томонидан баъзан очиқчасига ҳомийлик қилинади. Тиббиёт соҳасидаги бундай муносабатлар қонун билан назоратга олиниши керак.
Тиббиётчилар ва фармацевтлар ўртасида ноқонуний мулоқот тўлиқ тақиқланиши шарт, бундай мулоқотлар ва совғалар учун жазо муқаррар бўлиши, янги дорилар ва даволаш услублари фақат вазирлик томонидан тушунтирилиши лозим, – дейди Маҳмудова.
Номзоднинг сайловолди дастурида, шунингдек, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали эса фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлиги таъминланиши таъкидланади.
Бу борада, Дастурда адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўриш, олимлар, ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратишга доир қатор мақсадлар белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter