Марказий Осиёда илк бор ўтказилган «GIST» стартап тренинги ғолиблари аниқланди
Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида вазирлик ва АҚШ элчихонаси ҳамкорлигида Марказий Осиёда илк бора «GIST» (илм-фан ва технологиялар орқали глобал инновациялар) стартап тренинги ўтказилди. Глобал тадбиркорлик ҳафталиги доирасида ўтказилган тренингда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон жамоалари иштирок этди.
Америка Қўшма Штатларидан ташриф буюрган етти нафар тренер, ментор ва спикерлар тадбиркорлик, илмий-техникавий ишланмаларни тижоратлаштириш, ғоялар ва технологияларни монетиризациялаш бўйича маърузалар ўқидилар, амалий машғулотлар орқали тренинг қатнашчиларига кучларини синашга имкон бердилар.
Тренингда ёшлар нафақат билим олиш, балки билимларини тажрибада синаб кўришга ҳам муваффақ бўлдилар. Жамоаларга потенциал харидорларни сўровдан ўтказиш, бўлажак мижозлар, ҳамкорлар, ҳатто рақобатчилари билан мулоқот қилиш каби вазифалар берилди. Янги технологиялар асосланган тадбиркорлик фаолиятини юритишга, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришга бел боғлаган ўғил-қизлар бизнес-моделлар тузиш, ўз стартаплари учун бозорни ўрганиш, маҳсулот нархини чиқариш, мижозларни жалб этиш ҳамда бизнесни кенгайтириш усулларини татбиқ этиш кўникмаларини эгалладилар.
Тўрт кун давом этган мазкур тадбир аввало ёшларнинг новаторлик имкониятларини кенгайтириш, ҳудудда янги стартапларни яратиш, тадбиркорлик экотизимини мустаҳкамлашга қаратилди. Таъкидланишича, 2011 йилдан буён «GIST» томонидан бутун дунёдан 27 миллион нафар инноваторлар ва тадбиркорларни жалб қилган ҳолда 8400 стартапчиларга таълим берилган, натижада 220 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилган.
Финалга чиққан етти жамоа ичидан учта жамоа танлаб олиниб, улар бир минг АҚШ долларидан уч минг АҚШ долларигача бўлган пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Биринчи ўринни ўзбекистонлик ёш кимёгарлар Мардонали Мирзалиев ва Шерозбек Долимов тақдим этган «Ўзбекистонда пектин ишлаб чиқариш» лойиҳаси қўлга киритди.
– Пектин озиқ-овқат саноатида кенг қўлланиладиган табиий қўшимча бўлиб, ундан қандолатчиликда, фармакология соҳаларида ҳам фойдаланилади. Пектин мевалардан, жумладан серқуёш юртимизда жуда кўп етиштириладиган олмадан олинади. Аммо шу пайтгача Ўзбекистонга бу маҳсулот хорижий давлатлардан олиб келинмоқда. Бу аслида жуда таажжубли ҳол, лекин бозорни ўрганарканмиз, бирорта маҳаллий пектин ишлаб чиқарувчини тополмадик. Шу боис ҳам биз бу маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқарилишини йўлга қўймоқчимиз, – дейди Шерзодбек Долимов.
Иккинчи ўрин тожикистонлик ёш тадқиқотчиларнинг «Easy Silk Road» деб номланган стартапига берилди. Бу сайёҳлар учун илова бўлиб, у ерда сайёҳлик маршрутлари, жумладан хавфли ҳудудлар ҳақида муҳим маълумотлар берилади.
Учинчи ўринни эса ўзбекистонлик ёшлар томонидан яратилган чакана савдонинг харажатларини камайтиришга ёрдам берадиган Fastago лойиҳаси ҳамда чиқиндиларни камайишига ва уларни қайта ишлашга қаратилган қирғизистонлик тадбиркор-ихтирочилар яратган лойиҳа эгаллади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter