Биз бошқаларни қойил қолдириш учун яшаймиз, нега?..
Тақдир экан, Туркияда олти ой яшадим ва миграция мавзуси бўйича бу мамлакатда асосан қора ишларда меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ ватандошим билан суҳбатлашдим. «Бу ерга келиб ишлашингиздан мақсад нима?» деган саволни уларнинг ҳар бирига бердим. Суҳбатдошларимнинг деярли ярми «тўй қиламан», дея жавоб берди, қолганлари эса «Ўзбекистонда уй оламан», «автомобиль сотиб олишим керак», «ҳамма данғиллама уй қуряпти, мен ҳам яна 5 йил ишласам, эски уйимни бузиб, ўрнига қаср қураман», «шаҳар марказидан (Ўзбекистонда) уй, машина оламан ва битта дўкон қилсам, бўлди, мазза қилиб яшайман» каби жавоблар бўлди.
Ўғлини уйлантириш учун май ойида Туркиядан қайтган Самира билан суҳбатлашдим. У Андижонда устачилик қиладиган ўғлининг бошини икки қилиш учун Истанбулда уч йил емай-ичмай пул тўплади, ҳатто кийим-кечак ҳам сотиб олмади, деярли. Бир ой аввал тўй ҳам ўтибди.
– Уч йил тўплаган пулим тўйга кетди. Камига тўёналарни ҳам сарфладим. ЗАГСга 10 та машина қилдик, улардан иккитасига 200 доллардан бердик. Базм кечасига 2 та машҳур қўшиқчи чақирдик, 150 нафар меҳмон учун стол тузадик. Киши бошига 200 минг сўмдан бўлди. Тўйдан кейинги маросимларнинг ҳаммасини бир кун кейин ўтказдик. «Куёв қочди», «Қуда чақирув», «Йўқланди», «Кўрди»... Қуда томонга сарпо, озиқ-овқат, йўл харажатлари дегандек. Ҳозир қўлимда деярли пулим қолмади. Ўғлим ҳали ишга чиққани йўқ. Шу келин томондан келаётган мазарга қараб ўтирибмиз. Олиб келманглар демоқчиман, аммо кейин кунимизни қандай кўрамиз, деяпман.
– Оддийроқ тўй қилсангиз ҳам бўларди-ку? Бунчалик харажатга сизни нима мажбур қилди?
– Орзу-ҳавас. «Пул топилади» дебман.
Шу ўринда 4 ой аввал катта қизини турмушга узатган истанбуллик Демирбейдан тўйдаги сарф-харажатлари ҳақида сўрадим:
– Бизда меҳмонлар тўйга овқат егани эмас, асосан, ўйин-кулгу қилгани келишади. Мен бир тўйхонани 2 ой олдин 300 долларга банд қилдим. Столга биз курабия каби арзон 2-3 хил ширинлик ва 2 турда сув ёки шарбат қўямиз. Тамом. Тўйдаги харажат оз, яъни биз меҳмонларни турли таомлар билан сийлашни хуш кўрмаймиз. Албатта, бойлар шундай қилиши мумкин. Аммо оддий бир турк оиласи ҳар кишидан 100-150 лира атрофида оладиган тўёнаси эвазига ортиқча харажат қилмайди.
Чиндан ҳам, турк фильмларини кўрганимизда, тўй маросимидаги меҳмонлар деярли қуруқ стол атрофига йиғилиб олиб суҳбатлашишади. Баъзи столларда гулдан бошқа нарса бўлмайди. Туркиядалигимда бир танишимнинг тўйида қатнашдим. Тўғрисини айтсам, ўша куни тушлик ҳам қилмагандим, тўйхонага борсам, столда бир стакандан сув ва тирноқдек келадиган пишириқдан бошқа нарса йўқ экан. Ҳеч кимнинг столдагилар билан иши ҳам бўлмади. Тўй давомида турклар рақсга тушишдан бўшамади. Мен 3 соатдан сўнг оч қолиб уйга қайтаётганимда, тўй энди авжига чиққанди...
Ўзбекистон Республикаси Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродовнинг сўзига кўра, 2024 йилнинг январь-июнь ойлари давомида хориждан Ўзбекистонга кириб келган пул жўнатмалари ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ортиб, 6,5 млрд. долларни ташкил қилган. Бунда Туркиядаги муҳожирларнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта. Уч йил ичида қийналиб топилган 32 минг доллардан ошиқ маблағини тўй ва у билан боғлиқ маросимларга сарфлаб юборган Самира бугун яна Туркияга кетиш тараддудига тушган. Чунки унинг мактабда ўқийдиган яна 2 фарзанди бор. Самира ишлагани кетса, болалар акаси ва янгасининг қўлида қолади. Акаси пул топса, овқатлари бўлади, топмаса – йўқ. Агар Самира тўйга сарфлаган пулининг ярмига ўғли ва келинини иш билан банд қиладиган ишхона очиб берганда эди, бугун улар янги келиннинг оиласи томонидан келаётган мазарга қараб қолмас эдилар. Балки Самира ҳам Туркияга кетмаган бўлармиди?
Истанбулнинг Фотиҳ (Fatih) туманидаги Капали чарси (Kapalı çarsı) бозорида рўмол сотувчи Аҳметбей шундай дейди:
– Сиз – ўзбеклар «шик» яшашни севадиган халқсиз. Бу ерга келишади, оғир меҳнат қилишади, емай-ичмай пул тўплашади ва сўнг ватанларига қайтиб бориб, дабдабали тўй қилишади, 5-10 хонали уйлар қуришади, машина олишади. Ўзлари ёки фарзандлари учун эмас, бошқаларни қойил қолдириш учун яшайди ўзбеклар...
– Бундан кейин кичик фарзандларимнинг келажаги учун ишлайман, – дейди Самира. – Йилларча пул тўпламасдан, ҳар ой кичикларимнинг харажатлари, ўқишларига пул жўнатиб тураман. 1-2 ой иш топиб жойлашгунимгача болаларим акаларига омонат. Кўзларимни «чирт» юмиб яна Туркияга ишга кетаяпман...
Сабоҳат Раҳмон, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter