Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бизнес журналистика: копирайтинг нима, деган саволга баъзилар «кўчирувчи» деб жавоб беради

Бизнес журналистика: копирайтинг нима, деган саволга баъзилар «кўчирувчи» деб жавоб беради

Кўпчилик копирайтингни арзон-гаров тўлов эвазига ишлайдиган талабалар ёки уй бекалари ёзадиган ва ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган матн деб тушунади. Шунингдек, копирайтинг фақат рекламага тайёрланадиган ва сотиладиган матн деган тушунча ҳам шаклланган. Бу бежизга эмас, чунки даставвал шундай эди. Хозир эса бу йўналиш алоҳида соҳа сифатида такомиллашиб, «Копирайтинг» термин тушунчаси ҳам кенгайиб бормоқда.

Копирайтинг нима?

Копирайтинг (copywriting – инг.) термин сифатида журналистикага сўнгги 5-10 йилда кириб келди. Сўзма-сўз таржимада унинг маъноси «матн ёзиш»ни англатади. Копирайтинг бизнес журналистика йўналиши сифатида шаклланиб бормоқда. Копирайтинг деганда, одатда, реклама материаллари ёки матнларини бизнес учун тайёрлаш тушунилади. Демак, копирайтерлар – тижорат матнларини яратувчилардир.

Кўпчилик копирайтерлик учун компьютердан самарали фойдаланишни билиш, маҳоратли ёзувчи ва саводли бўлиш кифоя деб ўйлайди. Албатта, копирайтер аввало, саводли бўлиши, адабий тил грамматикаси қонунларини билиши ва компьютер дастурларини яхши ўзлаштирган бўлиши керак. Лекин бу етарли эмас...

Копирайтинг турлари ва даражаларига кўра ҳар хил бўлади

Тижорат матнлари формати, мақсади ва эълон қилиниш даражасига кўра икки турга бўлинади:

  • Реклама матнлари. Бирор бир товар ёки хизмат тури ташвиқотига оид матнлар – реклама матни дейилади. Мисол учун, лендинг матни, хизмат турини ифодаловчи матнлар, интернет-дўконнинг товар карточкасидаги матн, ижтимоий тармоқларда тижорат билан шуғулланувчи постлар матни.
  • Кўнгилочар матнлар.Бунга кайфият берувчи (кулгули) тўпламлар, суратлар тўплами, матнлар ва ўйинлар киради. Бу турдаги матнлар тез тарқалиб, асосан маҳсулотнинг бренд бўлишига хизмат қилади.

Бу иккала турдаги матн товарлар ва хизмат турлари ҳақида фойдали ахборот бериб, ўзига хос имиж яратади.

Форматига кўра:

  • Блог мақолалари ўқувчиларга фойдали маълумотларни, ахборотни беради ва янгиликларни ўргатади. Ушбу мақолалар бир неча турларга бўлинади – лонгридлар, йўриқномалар, чек-листлар, кейслар, интервьюлар, сўровномалар ва б.
  • Ижтимоий тармоқ постлари – ўқувчини қизиқтириб мулоқотга ундовчи, маҳсулот ёки хизмат турлари ҳақида хабар берувчи қисқа хабарлар.
  • Еmail-тарқатмалар – сайт обуначиларининг электрон почтасига келувчи кичик материаллар. Мазкур материаллар ахборий, тижорий, кўнгилочар мавзуларда бўлади. Одатда, бу хатлар тўплами сифатида обуначига кетма-кетликда юборилади.
  • Интернет-дўконларнинг маҳсулот карточкалари – мижоз учун фойдали бўлган хабар (маҳсулот ҳақидаги маълумотлар)нинг қисқа изоҳи.
  • Лендинг матнлар – хизмат турлари ёки маҳсулот савдосига бағишланган бўлиб, мақсадига кўра турли структуравий асосда тузилади.

Юқорида келтирилган форматларнинг барчасини бараварига бажариш буюртмаси асосида ишланса, бу копирайтинг эмас, контент-маркетинги деб аталиб, бу хизмат тури контент ёрдамида бизнесни ривожлантиришга қаратилган комплекс стратегия дейилади.

Матнлар градациясига кўра даражаси:

  1. Биржа матнлари. Энг паст даражадаги матн. Чунки ушбу матнни копирайтер эмас. Кўп ҳолларда рерайтерлар (тайёр матнни қайта ишлаш, қисқартириш, қайта шакллантириш билан шуғулланувчи мутаҳассис) ёзади. Яъни, копирайтер ишлаган матн синоним сўзлар билан бойитилади, қайта ишланади ва натижада «қоғозга ўралган» матн шаклланади. Мақсад, тезроқ сотиш. Рерайтерлар мижознинг бизнес режалари билан умуман қизиқмайди, топшириқ тез ва осон бажарилади. Рерайтер матнни топширгач, янги ишга яна шундай осонлик билан киришади.
  2. Сифатли ишланган материаллар. Мижознинг буюртмасига кўра ишланган матнлар, лонгриддан тортиб то карточка кўринишидаги матнлар назарда тутилмоқда. Ушбу материаллар маҳсулот ёки хизмат турини машҳурлик даражасига кўтарувчи, бренд яратувчи контент турига киради. Улар одатда, ҳато ва камчиликларсиз, тўғри танланган сўзлардан иборат саводли матн бўлиб, ҳатто ўқилиши осон бўлиши учун сўзларнинг жойлашиш тартиби, ранглари каби деталлар ҳам эътибордан четда қолмайди.
  3. Аъло даражада оптималлаштирилган матнлар. Метатеглари, матн шакли, тўғри танланган ва ўринли ишлатилган калит сўзлардан иборат контент доимо «излаш» тизимига берилган буйруқ асосида энг юқори қатордан жой олувчи матнларга айтилади. Бу замонавий бизнесда қўлланилиб келинаётган энг самарали амалиёт.
  4. Бизнес журналистика. ОАВ, медиа ва йирик блог саҳифаларида чоп этиладиган батафсил маълумотлардан иборат интервьюлар, пиар-материаллар, шарҳлар, тадқиқотлар, кейслар каби контентлар бизнес журналистик материаллар туркумига киради. Энг асосий талаб – материал ўқувчига қизиқарли бўлиши ва кўп одамларни мижоз сифатида ўзига жалб қилиши лозим. Бу ўринда муаллиф нафақат копирайтер тажрибасига эга бўлиши, балки муҳаррирлик, таржимонлик, мусаҳҳиҳлик кўникмаларини ҳам ўзлаштирган бўлиши материалнинг самарадорлигини оширади.

Касбий малака талаблари:

Копирайтер мижоз буюртмасини қабул қилишда унинг асосий талабларини тўғри тушуниши ва муаммони тўлиқ ҳал этиши лозим.

Бунинг учун копирайтер мижознинг техник топшириқлари (ТТ) ни қабул қилгач, бир нечта саволга жавоб олиши мақсадга мувофиқ:

  • Нима ҳақида ёзамиз?
  • Ким учун ёзяпмиз?
  • Нима учун ёзяпмиз?
  • Қандай ёзамиз?

Маҳсулот ёки хизмат турининг нима учун одамларга кераклиги, унинг яхши ва ёмон томонлари, фойдали жиҳатлари ўрганилади. Агар буюртма объекти бирон бир шахс бўлса, у кимлиги, одамларга қандай фойдаси тегишини, ўқувчига қайси жиҳатлари қизиқарли эканлигини билиб олиш копирайтерга нима ҳақида ёзиши кераклигини ҳал қилишда ёрдам беради.

Буюртмачидан мақсадли аудиторияни аниқлаштириб олиш материални қайси форматда тайёрлаш, матнни қандай ёзиш, қандай триггерлар қўллаш кераклигини белгилаб беради. Мақсадли аудиторияни аниқлаш масаласи «ким учун ёзамиз?» саволига жавоб бўлади.

Ҳар қандай матннинг мақсади бўлиши керак. Масалан, копирайтинг матни фойдали маълумот бериш, брендга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, маҳсулотни сотиш ва бошқа шу каби тижорат мақсадлари асосида тузилади. Мақсадни аниқлаштириб олиш нима учун ёзяпмиз, деган саволга жавоб бўлади.

Матн услуби материалнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири. Мисол учун, мақсадли аудитория мактаб ёшидаги ўсмир қизлар бўлса уларга яқин ва таниш сўзларни қўллаш, гапларни романтик сўзлар асосида тузиш, гўё меҳрибон она ролига киришган (қалбакилашишдан эҳтиёт бўлган) ҳолда матн шакллантириш, яъни матн услуби «қандай ёзамиз?» масаласини ҳал қилади.

Копирайтер мутаҳассисга керак бўладиган тажриба ва малака:

  • Саводхонлик;
  • Фактчекинг;
  • Контентни кенг тарқата билиш;
  • Таҳлил қилиш;
  • Конманда таркибида ишлаш;
  • Буюртмачини диққат билан тинглаш;
  • Масъулиятли бўлиш;
  • Тайм-менежмент кўникмаси (кўплаб буюртмаларни ўз вақтида сифатли бажариш);
  • Эмпатия (буюртмачини яхши англаш учун психолог даражасида бўлиш)
  • SEO-тажриба (Search Engine Optimization).

SEO-тажриба нима учун керак? Кўп ҳолларда буюртмачи матнни ёзиб бериш билан бирга уни чоп этиш шартини ўртага қўяди. «Битрикс», WordPress, OpenCart, Joomla каби интернет-технологиялар тизимида ишлашни; SEO параметрлари доирасида Advego, Text.ru, «Орфограммка», «Главред» сервисларини;Photoshop, Canva, Easel.ly, Meme Generator иллюстрация ва инфографика технологияларини; «Яндекс. Вордстат» и Google калит сўзлари режа тизимида ишлашни мукаммал ўзлаштирган копирайтер хизмати анча қиммат туради.

Копирайтер бўлиш учун қаерда ўқиш керак?

Ҳеч қаерда! Чунки копирайтинглик соҳаси шаклланиб келаётган янги йўналиш сифатида тадқиқотчилар назарига тушиб, тўлиқ таҳлил этилган ва назарий талқин этилган эмас. Филология ва журналистика соҳаларига ўргатувчи таълим даргоҳларида копирайтинглик тўлиқ шаклланмаган, аммо баъзи белгилари намоён бўлган фанлар таркибида ўргатилади.

Копирайтер бўлиш учун нималар қилиш керак?

Бу борада тажрибали копирайтерлар қуйидаги маслаҳатлар билан ўртоқлашади:

а) сифатли матн шакллантиришни билиб олдингизми, буюртмаларни қабул қилиб, ишга киришавериш, яъни амалиётга шўнғиш керак (кўпчилик копирайтерлар ишни шундан бошлаган).

б) копирайтинг ҳақидаги назарий адабиётларни ўқиб чиқиш, соҳага оид сайтлар, блоглар, каналларга аъзо бўлиш, копирайтерлик курсларида таълим олиш ва секин-аста буюртмалар устида ишлашни бошлаш керак.

в) «а» ва «б» бандларда кўрсатилган маслаҳатни бараварига қўллаш. Яъни униси ҳам, буниси ҳам баравар амалга оширилганда касб кўникмалари – билим+тажриба орттирилади.

Копирайтер бўлиб қаерда ишлаш мумкин?

Копирайтерлик нафақат бизнесда, бошқа соҳаларда ҳам керак. Ушбу соҳа вакилларига компаниялар, биржалар, фирма каби турли идораларда вакансиялар ҳамиша мавжуд.

Шунингдек, копирайтер сифатида штатли ёки келишилган иш ҳақи олиш тартиби асосида digital-агентликларида рўйҳатдан ўтиш мумкин. Бу ҳолатда копирайтинг тажрибаси талабларини тўлиқ ўзлаштирган бўлишингиз, лендингдан тортиб UX-копирайт материалларини шакллантиришни билишингиз зарур.

Ўзбекистонда копирайтер хизмати қанча туради?

Матн шакли, услуби, қаерда чоп этилиши (ёки эълон қилиниши), бренд тури, сифати ва тарқатиш кўлами каби буюртмачи талабларидан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда копирайтерлар хизмат ҳақи ойига ўртача 3,5 млн дан 7 млн гача бўлиши мумкин. Бундан ташқари, буюртма матн ҳисоб-китоби белгиларда (ҳарфлар, тиниш белгилари, «пробел»ларда) амалга оширилади.

 Муҳайё Саидова,
ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация факультети катта ўқитувчиси,
журналист.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг