Болалар — жаннатнинг райҳонлари

Мурғак гўдакни суюб-эркалаб кўкка отсангиз, у қўрқмайди, аксинча, шодон қийқириб, сизни ҳам қувончига шерик қилади. У билади: ишончли қўллар йиқилишига асло йўл қўймайди. Бу – буюк ишонч! Ана шу ишончнинг ҳеч қачон сўнмаслиги сизу бизга, бутун инсониятга улкан масъулият юклайди.
Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади
Инсон туғилиши билан муайян ҳуқуқларга эга бўлади. Аммо ҳали она сути оғзидан кетмаган боланинг ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган даражага етгунига қадар анча вақт керак. Ана шу вақт оралиғида унинг ҳуқуқларини қонун кучи билан ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлади. Шу боис халқаро ҳуқуқ тизимида жисмоний ва ақлий жиҳатдан камолотга етмаган, жумладан, алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож болаларнинг ҳуқуқ, имтиёз ва кафолатларини қамраб олувчи «бола ҳуқуқлари» деган соҳа юзага келган. Инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми саналувчи бу соҳа ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтган.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кафолатлашни назарда тутувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатининг бошида «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар...» деган улуғвор эътироф билан бошланувчи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси туради.
1959 йилда Бола ҳуқуқлари декларациясини қабул қилиш орқали Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун инсониятни, ота-оналар, давлатлар ҳукуматларини болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олишга, уларга риоя қилишга чақирган эди. Тавсия характеридаги ушбу декларация бола ҳуқуқлари соҳасида улкан ўзгаришлар даврини бошлаб берди.
Бола ҳуқуқларига доир биринчи ва асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ томонидан 1989 йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган. 54 моддадан иборат ушбу конвенция айни пайтда бола ҳуқуқларининг халқаро миқёсда ҳимояланишига хизмат қилиб келмоқда ва у бола ҳуқуқларига доир миллий қонунчиликни ривожлантиришнинг мукаммал андозаси саналади.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўлган эди. 1992 йил 9 декабрда ушбу конвенцияни имзолар экан, Ўзбекистон дунёнинг 193 давлати қаторида бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олди.
Ўтган йиллар давомида ушбу ҳужжат нормаларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш, халқаро шартномалар бажарилишини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича 100 дан зиёд қонун, фармон, қарор ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Фуқаролик, Оила, Меҳнат, Жиноят, Жиноят процессуал кодексларида, «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунларда, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш бўйича давлат дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ва бошқа ҳужжатларда бола ҳуқуқлари муҳофазасига доир нормалар ўз ифодасини топди.
«Соғлом авлод» «Она ва бола», «Аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги давлат дастурлари, шунингдек, «Ёшлар йили» ва «Баркамол авлод йили» давлат дастурлари ва миллий ҳаракат режаларининг жорий этилиши эса юртимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида ўзига хос ҳуқуқий анъана шаклланганини намоён этди.
Мамлакатимизда соҳага доир ўзига хос институционал тизим яратилгани ҳам эътиборга молик. Бош прокурор раҳбарлигида вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, Ички ишлар вазирлиги қошида вояга етмаганларни ижтимоий ҳимоя қилиш маркази фаолият олиб бормоқда. Болаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминловчи, истеъдодини қўллаб-қувватловчи жамғармалар, жамоат ташкилотлари ташкил этилган.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши доимий равишда назорат қилиб келинмоқда. Масалан, 2012 йилда прокуратура органлари томонидан вояга етмаганларга доир қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 31354 нафар шахс интизомий, моддий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. 9316 нафар мансабдор эса қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган. Жиддий қонунбузилишига йўл қўйилган 842 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Кафолатланган ҳуқуқ
Бола ҳуқуқлари ҳимоясига доир қонунчилигимиз асосини, шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси ташкил этади. Унга кўра бола дунёга келиши билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари унга ҳам тегишли бўлади ҳамда бу ҳуқуқлар давлатимиз томонидан кафолатланади. Асосий қонунимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги (45-модда), оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши (65-модда) кафолатланган.
2008 йил 7 январда қабул қилинган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг асосий мақсади бола ҳуқуқлари соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш механизмини такомиллаштириш йўли билан барча болаларни, шу жумладан етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Ушбу қонун бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда, Ўзбекистон қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг барча асосий ва қўшимча кафолатларини ўзида мужассам этади ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг бош йўналишларини белгилаб беради.
Қонунда бола (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс)нинг яшаш ҳуқуқи, индувидуалликка ва уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқи, ҳимояга бўлган ҳуқуқи, билим олиш ҳуқуқи, ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқи, оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи, ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ва бошқа ҳуқуқлари кафолатлаб қўйилган.
Бахтли болалик учун
Ўзбекистон ўз истиқлол ва тарраққиёт йўлини танлаб олар экан, ақлан етук, руҳан тетик ва соғлом, эркин ва танқидий фикрловчи, айни пайтда ижтимоий масъулиятни ҳис этадиган, муайян касб эгаси бўлган баркамол авлодни тарбиялашни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаб олди.
Бу йўналишдаги чора-тадбирлар йиллар давомида такомиллашиб борди ва бесамар кетмади. Нуфузли xалқаро институтларнинг баҳолашича, ҳозирда Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида оналик ва болалаликни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Хусусан, «Болаларни асрайлик» xалқаро ташкилоти томонидан тузилган рейтингда мамлакатимиз дастлабки ўнталикка кирганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
2011 йилда пойтахтимизда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: «Соғлом она – соғлом бола» мавзусидаги xалқаро симпозиумда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа нуфузли xалқаро ташкилотлар томонидан юртимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар юксак баҳоланди.
Юртбошимиз «Соғлом авлод учун» жамғармаси ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган анжуманда бу ҳақда: «Азал-азалдан ўзининг болажонлиги, оилага меҳри ва садоқати билан танилган эл-юртимизнинг, халқимизнинг қалбида доим сақланиб келаётган бундай олижаноб интилишлар мустақиллик йилларида Ўзбекистонда том маънодаги умуммиллий ҳаракатга айланди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар марказларида замонавий перинатал ва скрининг марказлари бунёд этилгани, биргина 2012 йилда тиббиёт муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш, диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 263 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланганининг ўзи, ўйлайманки, бу йўналишдаги ишларимизнинг кўлами ва миқёсидан далолат беради.
Юртимизда шаклланган репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича миллий модель Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари учун энг яхши минтақавий дастур сифатида тавсия этилгани, ҳеч шубҳасиз, халқаро миқёсдаги юксак эътирофдир», – деган эди.
Юртимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Соҳага давлат бюджетининг 35 фоизи йўналтирилаётганининг ўзи ҳам тизимга қаратилаётган эътибор даражасини кўрсатади. Мамлакатимизда мактабларнинг деярли барчаси янгитдан қурилди, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Қисқа муддат ичида 1500 дан ортиқ янги коллеж ва лицей барпо этилди.
Бу ислоҳотлар самараси ўлароқ бугун ўзбек боласи халқаро стандартлар даражасида таълим олиш имкониятига эга бўлди.
Ёзнинг биринчи куни...
Болаларни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш – кундалик вазифа. Бутун инсоният ва инсонпарвар жамият учун бундан муҳимроқ вазифанинг ўзи йўқ, десак муболаға бўлмайди. Шундай бўлса-да, календарда 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида белгилаб қўйилган ва бу санага одатдаги, ҳамма ҳам эътибор беравермайдиган «...куни»лардан бири сифатида қаралмайди.
Бу куннинг алоҳида белгиланишидан асосий мақсад – кундалик ташвишларга кўмилиб яшаётган катталарга болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, болалар уларнинг ҳимоясига муҳтожлиги ҳақида эслатиб қўйишдан иборат. Эътиборли жиҳат шундаки, 1950 йилдан буён халқаро миқёсда нишонлаб келинаётган бу байрам ташаббускорлари аёллар – Халқаро хотин-қизлар федерацияси вакиллари бўлган экан.
Аҳолисининг қарийб 40 фоизини вояга етмаганлар ташкил этган юртимизда ҳам бу кун муносиб тарзда нишонланади. Турли тадбирлар ўтказилади, болалар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ меҳр-мурувватдан, эътибордан баҳраманд бўлишади. Тақдир тақозоси билан ота-она меҳридан мосуво бўлган норасидалар ҳолидан хабар олиниб, саховатли инсонлар томонидан ҳиммат кўрсатилади. Мақсад – ҳар бир бола чинакам болалик гаштини сурсин, меҳрга қониб, эзгу ҳислар оғушида камол топсин.
Боланинг бегонаси бўлмайди
«Инсоният ўзида мавжуд бўлган энг яхши нарсаларнинг ҳаммасини болаларга беришга мажбур», – дейилади Бола ҳуқуқлари декларациясида. Аммо инсоният бу мажбуриятини англаб етиб, тўлиқ адо этмоқда дейиш қийин. Ер юзининг қайсидир нуқтасида очликка маҳкум этилган ёки қўлларига ўйинчоқ эмас, ҳақиқий қурол олишга мажбур қилинган ёхуд одам савдосидай жирканч иллат сабаб нафс бандалари қўлида товарга айланаётган болалар бор экан, бундай дея олмаймиз ҳам.
Тараққиётдан ортда қолган айрим мамлакатларда ёки уруш ўчоғига айланган нуқталарда болаларга очлик, ОИТС, саводсизлик каби хатарлар таҳдид солиб турган бир пайтда, ривожланган ғарб мамлакатларида болаларни ТВ, компьютер (интернет, компьютер ўйинлари), барвақт жинсий етилиш каби муаммолар гирдобидан асраш ҳақида қайғурилмоқда. Кунчиқар томонларда эса тарбия билан боғлиқ миллий анъаналар йўқолиб бораётгани оқибатида янги авлод тарбиясида узилиш юз бераётганидан ташвишга тушишган.
Бола ҳамма жойда ҳам бола. Уни яна нималардан ҳимоя қилиш керак?
Бугун интернет, мобил алоқа, компьютер ўйинлари, аудиовизуал маҳсулотлар истеъмолчиларининг аксарияти болалар. Улар орқали тарқалаётган бузғунчилик, ахлоқсизлик, зўравонликни тарғиб қилувчи ахборотлар истеъмолчилари-чи? Бугунги болани ахборот хуружидан ҳимоя қилиш шарт экан.
Ота-онасидан, атрофидагилардан меҳр кўрмаган бола, ақли бўлса, эртага катталарнинг хатосини такрорламайди. Фарзандига, оиласига, ўзи яшаётган жамиятга борини беради. Ёки аксинча – жамиятга меҳр кўрмаган, эртага меҳр кўрсатмайдиган болаларни «тарбиялаб беради». Болани бемеҳр, тошбағир ота-оналардан ҳам ҳимоя қилиш керак экан.
Бола катта орзулар билан таълим муассасасига, дейлик мактабга қадам қўйди. Ҳамма шароит муҳайё. Аммо... тезда боланинг шашти қайтди. Болага илмини, меҳрини унинг ота-онасининг ҳамёни-ю мавқеига қараб тақсимлайдиган ўқитувчи-мураббийдан ҳам ҳимоя қилиш керак экан.
Демак, болаларни уларнинг болалигини ўғирлаётган катталардан ҳимоя қилиш керак экан.
Болаларни «жаннат райҳонлари» дея суюб-эъзозлаган пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ҳар бир бола дунёга тоза фитрат билан келишини марҳамат қилганлар. Унинг қандай инсон бўлиб етишиши тарбияга, атрофдагиларнинг унга бўлган муносабатига боғлиқ. Боланинг топ-тоза, беғубор қалбида эзгулик уруғини ундириш, ҳар қандай зулм, ҳақсизлик ва ёвузликлардан асрай билиш бахти барчага насиб этсин.
Шавкат Ёдгоров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter