«Болаларимнинг ҳаммаси бағримда бўлса эди» ёки Марямнинг ҳикояси қаердан бошланди?
Эпилог
Биз қисмат, тақдир деймиз. Инсонларнинг фарқли ҳаётлари баъзан бизга бир оз бошқача туюлади, хато яшаяпти, деб ўйлаймиз. Аммо бундай қисмат бизнинг ҳам бошимизга тушиб қолиши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Ўша пайт биз қандай йўл тутишимизни ҳам билмаймиз. Ҳаётимиз давомида, нима бўлишидан қатъий назар, ҳамиша танлаш мажбуриятидамиз. Баъзан тўғри, баъзида эса нотўғри танлов қиламиз. Хато қилганимизда афсусланиб, ич-этимизни ейишимиз ҳам бор гап. Ундай бўлса, нега атрофимиздаги кишиларнинг тақдирини муҳокама қиламиз? Улар ҳам баъзан хато қилиши мумкинлигини ўйлаб, нима учун тушкунликка тушган инсонларга ёрдам қўлини чўзмаймиз?
Бугунги ҳикоямиз муҳожирликда яшаб, тақдир зарбаларига учраган бир аёл ҳақида. Унинг ҳам танловлари бўлди: аммо бу танловларни биз тўғри ё нотўғри деёлмаймиз, чунки Марямнинг ҳаётини бизлар яшаб кўрмадик. Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
Марямнинг онасининг ҳикояси
90-йиллар эди. Машҳура опа 35 ёшида икки боласи билан бева қолди. Эридан икки хонали кичиккина уй мерос бўлди. Машҳура опа ўрта-махсус маълумоти билан тумандаги нуфузли ташкилотлардан бирига ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишга киради. Қийинчилик йиллари эди, озгина маош икки боласига етмас, оиланинг ками эса тугамасди. Сўнгра аёл ўзи ишлаётган ташкилот раҳбари (унинг хотини вафот этган эди)га турмушга чиқди, яна бир фарзандли бўлди. Катта ўғли ва Марямни рус мактабида ўқитди, қўшимча уларни инглиз тилидан репетиторга берди. Мақсади, фарзандларини олий маълумотли қилиш эди. Аммо тақдир экан, бу орада аёлнинг иккинчи эри ҳам вафот этади. Кичик ўғли номига олинган катта ер участкасини эса эрнинг ака-укалари олиб қўяди. Машҳура опа уч фарзанди билан икки хоналик уйига қайтиб келади.
Она ўғли ва Марямни ўзи орзу қилганидек, институтларда ўқитолмади. Фарзандлари ишлашга мажбур бўлиб қолишди. Бу орада, 17 ёшга кирган Марямни турмушга узатди. Сўнгра Машҳура опа кичик ўғлини қўшнисига ташлаб, қарз-ҳавола қилиб тўнғичи билан Россияга ишлаш учун жўнаб кетди.
Орзуси оғзида қолганлар
Аммо Марямнинг турмуши бузилиб уйига қайтди, фарзандини ҳам онасиникида дунёга келтирди. Фарзанди бир ёшга тўлгач, уни ва мактаб ёшидаги кичик укасини холасига ташлаб, онасининг ёнига, Россияга жўнаб кетди. Марям гўзал аёл эди. Бошқалардек бахтли бўлишга, унга суянчиқ бўла оладиган умр йўлдоши бўлишига ҳақли эди, албатта. У Маҳкам билан Россияда танишди, сўнгра турмуш қурдилар. Бироқ...
– Эрим билан кечган икки йилим азобда ўтди. Калтак емаган куним йўқ эди. Ишлардим. Арзимаган баҳона билан урарди. Деярли ҳар куни юз-кўзимнинг кўкарган жойларига упа суртиб юрардим. Ўғиллик бўлдик, аммо турмушимиз ўнгланмади. Калтаклардан тўйиб кетдим ва эримдан ажрашдим. Ўғлимни олиб онам билан бирга қишлоққа қайтдик.
Ўша пайтдаги аҳволим жуда ёмон эди. Депрессияга тушдим. Болаларимни боқишим, онам ва укамга ҳам қарашим керак эди. Оиламизнинг мендан бошқа таянчи йўқ эди. Пул топишга мажбур эдим, орадан бир неча ой ўтгач, икки ўғлимни ҳам онамга ташлаб, Туркиядаги бир қариндошимизнинг олдига кетдим.
Истанбуллик ўзбек келин
Марямнинг Истанбулга келганига тўрт йил бўлди. Ўша узоқ қариндоши уни ўзи ишлайдиган тикув цехига олиб борди. Тикувчилик қўлидан келмагани учун Марямни дазмоллаш ишига қўйишди. Уқувли бўлганидан бир йил ичида андозалаш бўлимига ўтказишди. Ойлиги кўп эмасди, аммо борини оиласига, болаларига юборарди. Цех бошқарувчиси Мехмет унга кўп ёрдам берди, бошқалардан қўриди, қўллади. Ниҳоят, ўзидан 20 ёш катта бўлган Мехмет Марямнинг муҳаббатини қозонди...
Орадан 1,5 йил ўтиб, Марям Ўзбекистонга келди, унинг ҳомиладорлигини билган онаси қаттиқ изтиробга тушди: «Одамлар нима дейди?» Таниш доктор аёлга олиб борди, аммо доктор Марямнинг қорнидаги 5 ойлик ҳомиласини олишдан бош тортди.
– Нима қилай, тақдир экан, – дейди Машҳура опа куюниб, – агар мен иккинчи марта турмуш қурмаганимда, балки қизим қисматимни такрорламас, биринчи турмушида бахтли бўлиб, бунақа сарсонгарчиликни кўрмасмиди.
Агар Ўзбекистонда ўғилларни оналардан кўра кўпроқ оталар тарбиялаганида, эркакларимиз балки бир оз масъулиятли, шафқатли бўлармиди?
Истанбуллик Мухамед К. ўзбек аёллари ҳақида куюниб гапиради:
– Қаерга борсанг ўзбек аёллари! Гўзал, ақлли, фаросатли кўпчилиги. Ориятлилари ҳам кўп учрайди. Бу аёлларни эгасиз бегона юртга юбориш увол эмасми? Қайси эркак ўз жуфти ҳалолини, бўйга етган қизини ва ҳатто сочига оқ оралаган кекса онасини бегона юртга пул топиш учун юбориб қўйиб, ўзи мамлакатда бемалол бош кўтариб юради? Бизлар аёлларимизга ҳамиша сохиб чиқамиз, ҳатто ажрашиб кетган тақдирда ҳам собиқ рафиқаларимизни иқтисодий таъминлаймиз, уларни шарафимиз каби қўриқлаймиз.
Орадан бир неча ой ўтгач, Марям Истанбулда учинчи ўғлини дунёга келтирди. Яна 1-2 ой ўтиб эса, у Истанбулга келин бўлди...
Марямнинг акаси бор
Узоқ йилдан бери Россияда яшайди. Уйланиб ажрашган, юртдаги икки боласи ва рафиқаси билан умуман иши йўқ, улар нима еб-нима ичаяпти – ўйламайди ҳам. На онаси, на синглиси ва на укасидан ҳол сўрайди. Аммо Марямга ҳар замон ўдағайлаб қўнғироқ қилади: «Агар бирортаси билан юрсанг (гаплашсанг) сўйиб ташлайман!»
Шу ўринда бир сўз. Орият қилишдан олдин сингилга эга чиқиш керак. Яхши-ёмон кунида ёнида бўлмаса-да,ёнида бўлгани каби ҳис эттириш керак. «Аҳволинг қалай, сингилжон!» дея олиш керак, унинг муаммоларини биргаликда ҳал қилиш ёки ҳал қилишга ёрдам бериш, қўлдан келганча иқтисодий тарафдан таъминлаш, тенги чиқса яхшилаб сўраб-суриштириб, сўнгра биргалашиб бир қарорга келиб узатиш керак эмасми?
Марям ора-сира бўлса-да акасига қўнғироқ қилиб туради. У мусофирчиликда юриб ака-сингиллар бир-бирларига қон билан боғлиқ бўлишини тушуниб етди. Ака онаси ва укаларига умуман ёрдам бермайди. Марям Туркиядан юборадиган пулни Машҳура опа неваралари ва эндигина институт талабаси бўлган кичик ўғлининг харажатларига ишлатади. Шу йилдан кенжаси ҳам дарсдан бўш пайтлари бир кафеда ишлай бошлади. Демак, Марямнинг харажатлари бир оз камаяди. Мени бир нарса ҳайрон қолдирди: Россиядаги ака синглисининг Туркияда турмушга чиққани-ю фарзанд кўрганидан бехабар экан! Синглисининг ҳаётидаги муҳим воқеани эшитмагани муҳим эмас, иштироки муҳим эмас, гап аканинг буларни ҳис этмаганида.
Истанбуллик ўзбек келин фарзандини туққунича тикув цехидаги ишини давом эттирди. Туғруқдан сўнг ҳам бир ойга қолмасдан ишига чиқди. Боласи иш столи ёнидаги қўлбола супачада катта бўлди. Чунки Марямнинг бошқа чораси йўқ, у ишлаши лозим эди, Ўзбекистонда яна икки ўғли, онаси ва талаба – укаси унинг юборадиган пулига кўз тикишган.
– Яхшики эрим ёнимда, ҳар доим ёрдам беради. Ойлигим оз, аммо Мехмет, турмуш ўртоғим бу пулга ўзидан қўшиб Ўзбекистонга жўнатади. Ҳам бу ердаги ижара уйимиз, емоқ-ичмоқ, ўғлимнинг харажатлари – буларнинг ҳаммаси эримнинг зиммасида. Ҳаётимда ҳали ҳеч ким мени бу қадар қўллаб-қувватламаган эди...
Сахий Мехмет
Мехмет 53 ёшда. Икки фарзанди бор. Яқинда қизи турмушга чиқди. Аммо тўй арафаси касалхонага тушиб қолди. Айтгандек, унинг юраги касал, тўғрироғи, юрагида кардиостимулятори бор. Буни Марямга уйлангандан сўнг айтган. Мехметнинг ота-онаси Марямни оилаларига қабул қилишган. Чунки у Мехметга яхши қарайди. У тез-тез касалхонага тушиб қолади. Шундай пайтларда Мехметнинг ота-онаси ё опалари «ўғлингга биз қараб турамиз, сен ишингга бориб келавергин», дея бир неча марта таклиф қилишган. Аммо Марям ўғилчасини уларга ишонмайди. «Эримга бир гап бўлса, ўғлимни мендан олиб қўйишади», деб қўрқади. Марям Туркия фуқаролигини олмаган. Чунки у бу ерда қолишни истамайди – ўғиллари ёнида эмас.
– Мен қачонки ёнимда барча фарзандим бўлса, ишдан келганимда болаларим уйимда яйраб-ўйнаб юришганини кўрсамгина хотиржам ва бахтли бўламан. Ҳозирда эса менинг тинчим йўқ. Чунки болаларимнинг уччаласи ҳам бағримда эмас, – дейди Марям.
Бир ой аввал Марямнинг эрини оғир аҳволда яна касалхонага ётқизишди. Оиласидагилар қарашяпти. Марям эса уйда, икки ёшли Эмин билан қолди. Аммо ишлаши керак. Харажатлари бор. Эрининг қариндошлари, қўшнилари ёрдам бериб туришди, аммо қачонгача? Марям Ўзбекистондан онасини чақирди. «Ўртанча ўғлимни олиб келинг, сиз уйда невараларингизга қарайсиз, мен эса ишлайман», – деди. Онаси ўртанча набирасини олиб Истанбулга келди. Икки болага қараб ўтирибди. Марям эса тикув цехида ишлаяпти, эрта кетиб кеч қайтади. Унинг катта ўғли Бакир эса...
«Мен ҳамма ишни қила оламан»
Бакир онасининг ёнига келолмайди. Унинг Россияда ишлаётган отаси рухсат бермайди. Ўғли учун алимент тўламайди, молиявий ёрдам кўрсатмайди, аммо шунда ҳам «ўғлим Ўзбекистондан ташқарига чиқмайди», – дея қаттиқ туриб олган. Бола бу ёшда ҳам отасиз, ҳам онасиз ўсмоқда.
Бакир 2-синфда ўқийди. Гаплашсангиз, ҳеч ҳам 8 ёшли бола демайсиз, ақлли бола. Машҳура опа уни қўшнисига ташлаб келган. Якшанба кунлари шаҳардаги институтда ўқиётган кичик ўғли келиб Бакирни олади ва ўз уйларида бир кун бўлса-да бирга қолишади. Душанба кундан Бакир яна қўшниникига кетади.
Қўшни аёл инсофли, диёнатли аёл экан. Бакирга ўз набиралари қатори қараяпти.
– Бу ерда яхши юрибсанми? – дея савол бераман Бакирга.
– Ҳа яхши. Мен ҳамма ишни қила оламан! Сув ташийман, экинларни парвариш қиламан, уй супураман, йиғиштираман, – дейди сўрамасам ҳам.
Шунчаки, бола бегонаникида яшаётгани ва қўшнининг оила-аъзолари ундан норози бўлмасликлари учун ҳам уй ишларини бажара олиши ва бунинг учун катталардан олажак мақтови билан онаси ва бувисини хурсанд қилишни хоҳлайди. Буни биз катталар яшаш инстинкти деб атаймиз.
– Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан, Бакир?
– Бизнесмен бўламан! – қатъий охангда жавоб беради у.
Бир оздан унинг акаси (кичик тоғаси) келганини хабар қилишди. Бакир сакраб ўрнидан турди ва биз билан хайрлашганча, ташқарига отилди. Унинг ортидан чиқдим. Йўлакда муҳожирлар каби сўзсиз бир-бирини қаттиқ бағрига босиб турган ака ва уканинг ғам қоришиқ бахтли юзларини кўрдим. Уларга қараб туриб «муҳожирлик фақат ватандан ташқарида эмас, юрт ичида ҳам яшар экан», – деган хулосага келдим. Ота-онасиз, яқинларидан узоқда қолган бу икки йигитча шундай мунгли кўринди менга.
Андижондаги умумтаълим мактабларидан бирининг исми сир сақланиб қолишини сўраган ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Зулфия К.нинг сўзларига қараганда, у ишлаётган мактабда ҳар бир синфдаги ўқувчиларнинг 45-50 фоизининг ота-оналари меҳнат муҳожирлари экан.
ХУЛОСА
– Марям, бундан сўнг нима қилмоқчисиз?
– Эримнинг ҳолатини айтдим. Яна қанча умри борлиги Аллоҳга аён. Аммо унга бирор кор-хол бўлса, билмайман, бу ерда қоламанми ёки йўқ. Айни пайтда болаларимнинг ёнимда бўлишларини хоҳлайман. Мен учун шу муҳим. Иккинчи ўғлимни ўз номимга расмийлаштирганман, у билан боғлиқ муаммо йўқ. Лекин катта ўғлим учун собиқ эримдан рухсат ололмаяпман. Яқинда ўзбекистонлик бир адвокат билан гаплашдим, 800 доллар билан болангни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиб бераман, деяпти. Зеро Туркияда айнан шу қоғоз бўлмаса чет эллик болани мактабга олишмайди. Менда эса ҳозирча бунча пул йўқ. Аммо яқин-орада пулни тўплаб бераман адвокатга...
Сўнгги сўз ўрнида. Марям ҳар куни 11 соат ишлайди. Ойлиги 4,5-5 миллион сўм атрофида. Ўзбекистонга жўнатадиган пулидан ташқарисини емай-ичмай тўпласа, 4 ойда адвокат учун 800 долларни тўплай олади. Ва бу умид ўғлини унга қайтариб берадиган сўнгги чорадир. Буни Марям яхши билади.
Сабоҳат РАҲМОН, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter