Бош прокуратура «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчисига уй олиб берди

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, доимий уй-жойга эга бўлмаган Тошкент шаҳридаги 22-сонли «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси С.Қурбонованинг уй-жой ажратиб берилишида амалий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилди.
Бош прокуратура сайтида ёзилишича, С.Қурбонова 2013 йилда ҳам Самарқанд шаҳар ҳокимлигига уй-жой билан таъминлаш масаласида мурожаат қилган. Ҳокимлик эса унга шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига мурожаат қилиши ҳақида тушунтириш берилган.
Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан С.Қурбоновани уй-жой билан таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоят ҳокимлигига мурожаат қилиб, унга Самарқанд шаҳри Ғ.Каримов кўчасида жойлашган барча шароитларга эга 17-хонадон ажратиб берилишини таъминлади.
С.Қурбонованинг уй-жой ажратиб бериш масаласида шу пайтгача қилган мурожаатларини кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйган мутасадди идоралар мансабдор шахсларига нисбатан прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter