Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бўстонлиқнинг ноёб ўрмонлари – Бурчмулла ўрмон хўжалигига саёҳат уюштирилди

Бўстонлиқнинг ноёб ўрмонлари – Бурчмулла ўрмон хўжалигига саёҳат уюштирилди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига пресс-тур ташкил этилди. Тадбирда Ўрмон агентлиги масъуллари, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумот ўрнида, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги 1947 йилда ташкил топган. Хўжаликнинг умумий ер майдони қарийб 380 минг гектар бўлиб, шундан ўрмон билан қопланган майдон 80 минг гектардан ортиқ, маданий ўрмонлар қарийб 3 минг 800 гектар, туташмаган ўрмонлар қарийб 3 минг 880 гектар, кўчатхона ва ниҳолхоналар 55 гектардан ортиқ ҳисобланади.

Хўжалик Чотқол, Пском, Сижжак, Саргардон, Хумсон, Оқбулоқ, Чакак, Бурчмулла, Қоронғутўқай, Айгаинг ва Жўракбау бўлимларидан ташкил топган. Ҳудудда Чакак, Озодбош ҳамда Юсуфхона каби кўчатхона ва ниҳолхоналари мавжуд.

Тадбир давомида иштирокчилар хўжалик томонидан барпо этилган ҳимоя ўрмонлари, манзарали дарахтзорлар, мавжуд кўчатхона ва ниҳолхоналарда сифатли уруғдан юқори навли кўчат етиштиришгача бўлган жараёнлар билан танишишди.

Хўжаликда жойлашган кўчатхоналарда турли хил дарахт кўчат ва ниҳоллари парвариш қилинади. Жумладан, қрим қарағайи, арча (можжевенник), шарқ туяси, каштан, дуб, липа, ясен, клён, терак, қайроғоч, япон сафораси, грек ёнғоғи, бодом, наъматак, олма, ўрик, олхўри ва олча каби мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади.

Таъкидлаш жоизки, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги Ғарбий Тяншан ҳудудининг олтита тоғ тизмаларини қамраб олади. Ҳудудда 1 минг 800 га яқин ўсимлик тури мавжуд бўлиб, 80 дан ортиғи Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган. Қолаверса хўжалик ҳудудида ҳайвонот дунёсининг 230 хилга яқин турлари яшайди. Шундан 32 та тури Ўзбекистон ва Халқаро “Қизил китоб”ларига киритилган.

Аҳамиятлиси, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан Чотқол, Кўксу, Пском ва Угом ирмоқлари оқиб тушиб, Чирчиқ дарёсини ҳосил қилади. Бу дарё Тошкент шаҳри ва вилоятини ичимлик суви билан таъминлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг