Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро амирининг ёзги саройида реставрация

Бухоро амирининг ёзги саройида реставрация

Бухорога темирйўллар орқали кириб келар экан, шундоқ шариф ўлкага қадам босиши билан сайёҳларни Когондаги оқ сарой қарши олади. Бир қарашда европача усулда кўзга ташланган оқ сарой аслида, миллий услубдаги виқори билан ҳам муҳташамлик касб этиб туради.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, узоқ йиллар илгари қадимий ва навқирон Бухорони ўраб турган Қизилқум саҳролари жуда хам бепоён бўлган. Жайронлар кенг саҳро бўйлаб эркин кезиб юришган. Бироқ, ҳудуднинг тарихий қарама-қаршиликлар таъсирида ўрисиялашуви бинолар услубига ҳам «ҳукми»ни ўтказган.  Бухоро амирлигига қарашли ҳудудлардан илк темир йўли ўтказилган. 1888 йил 26 февралда Бухорога биринчи поезд кириб келган.

Тошкент давлат Педагогика университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожоновнинг сўзига кўра, темир йўлнинг кириб келиши, аввало, киборлар тоифаси учун катта хурсандчиликларга сабаб бўлган. Бухоро амири Саййид Баҳодир Абдулаҳадхон 1885-1910 йиллар мобайнида Петербург, Москва ва Қрим шаҳарларига ўз оиласи, амалдорлари билан кўп бор сайр-саёҳат қилган. Амир Ялта, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск каби курорт шаҳарларнинг энг баҳаво ерларида ўз қароргоҳларини тиклай бошлаган.

«1894 йилда Амир Абдулаҳадхон ўз ҳудудида четдан келадиган меҳмонларни муносиб кутиб олиш мақсадида қароргоҳ қурдиришга аҳд қилган. Русия шаҳарларида саёҳатларда бўлган Бухоро амири у ерлардаги рус аслзодаларининг ҳашаматли ҳаётига ҳавас қилиб, Бухорода ҳам европача услубидаги бино тиклашга фармон берган. Аммо, миллийлик билан уйғун бўлишини ҳам ўзининг қаттиқ назоратига олган. Бунга Бухоронинг кўзга кўринган диний уламолари қатъий қаршилик кўрсатишган бўлишса-да, Абдулаҳадхон ўз тўхтамини қўйган»,-дейди Шавкат Бобожонов.

Шундан сўнг сарой Бухородан 12 км шарқий қисмда  «Янги Бухоро» ҳудуди мисолида қад ростлай бошлаган ва кейинчалик Когон, деб аталган.

Тарихий манбааларга кўра, сарой қурилишини Амир Абдулаҳадхон ўз даврининг моҳир меъмори Леонтий Николаевич Бенуага ишониб топширган. Икки қаватли махсус айвонлар билан билан қад ростлай бошлаган сарой, кейинчалик  миллий ҳамда араб усуллари билан ҳам уйғунлаштирилган. Бухоролик ва руссиялик моҳир усталар қўли билан барпо қилинган. Қурилиш ишларида моҳир муҳандис Дубровин бошчилик қилган. Бетакрор устунлару катта гумбазлар ва миноралар саройни янада улуғвор ҳамда маҳобатли кўрсата бошлаган. Голланд печлари ўрнатилган.  Сарой бўйлаб ҳаво бемалол айланиши учун деворлар орасида йўлакчалар тикланган. Ёзги қароргоҳ сифатида тикланган ушбу сарой 3 метр чуқурликка эга ертўла қисми туйнуги очилган.

Саройнинг европача безатилган биринчи қаватидан иккинчи қаватига кўтарилаётганда, меҳмонлар айланма зинапоя орқали айвон қисмига ўтишган ва бунда араб алифбосида битилган Қуръон китобидан оятларни кўриб, ҳайратланишган. Саройнинг ғарбий эшигидан жуда ҳам мафтункор миллий услубдаги кўринишлар  усталарнинг жозибадор маҳоратини ўзида акс эттирган.

Кейинчалик ушбу саройдан Манғитлар сулоласининг сўнгги вакили, Абдулаҳадхоннинг ўғли Амир Сайид Олимхон хам Бухорога келган юқори лавозимли меҳмонлар учун қароргоҳ сифатида фойдаланган.

Бухоро вилояти ҳокими ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ушбу маданий мерос объекти бугун таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

«Ҳозирда Бухоро амирининг Когон шаҳридаги саройи реставрация қилинмоқда. Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 2025-2026-йиллар давомида бажарилиши режалаштирилган лойиҳа «Бухоро минтақавий реставрация маркази» давлат муассасаси томонидан амалга оширилади. Амир Абдулаҳадхон даврида саройнинг шарқий ва жанубий қисми ҳовлисида фавворалар ҳам бўлган. Аммо, ушбу фавворалар ҳозирги кунгача сақланиб қолинмаган. Мохи-Хосса саройи сингари ушбу сарой ҳам движок ёрдамида электр энергияси билан таъминланган бўлса-да, рставрацияга муҳтож. Саройнинг манзараси, виқори, салобатига зиён келтирмаслик ва уни янада кўркамлаштириш мақсадида тажрибали уста-муҳандислар реставрацияга жалб этилишган»,-дейди Олим Жўраев.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов мазкур объектда бўлиб, таъмирлаш-тиклаш ишларини кўздан кечирди. Реставрация маркази мутасахассислари билан суҳбатлашиб, сарой реставрацияси, унинг таъмирланишига доир ишларни муҳокама қилди. Мавжуд муаммолар билан қизиқди. Уларни ҳал қилиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

«Биламизки, 1920 йилдан сўнг ушбу бинода «Ёш бухороликлар» томонидан биринчи аёллар мактаби ташкил қилинган. 1946 йилда собиқ Темир йўллар вазирлигининг қарорига асосан, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-ҳиссадорлик темир йўл компаниясининг Бухоро бўлими ташкил этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. 1947 йилдан ушбу бўлим сарой биносида ўз фаолиятини бошлаган. Айни кунларда Бухоро шахридаги Темирйўлчилар саройи сифатида ушбу бинодан фойдаланилмоқда. Темир йўл тарихига оид жуда кўплаб китоблар бинода ташкил этилган кутубхонадан ўрин олган. Кутубхона учун ажратилган хоналарнинг девор ва шифт кисмидаги бўртма ганчкори безаклари жуда яхши холатда сақланган. Ҳар бир ганж, ҳар бир ғишт – бир тарих. Уни борича сайқаллаш, ортиқча безаклашларга чалғимаслик, бу тарихий кўринишга зиён етказиб қўйиши мумкинлигини ҳар бир уста, ҳар бир муҳандис қалб-қалбидан ҳис қилиши керак. Талаб ҳам, илтимос ҳам шу: саройни борича сайқаллаш, янгилаш учун бор маҳоратни ишга солиш: бу тарих олдидаги қарзимиз»,-деди вилоят раҳбари.

Маълумот ўрнида: Саййид Абдулаҳадхоннинг ушбу ёзги қароргоҳининг хароба ҳолга келиб қолгани 2020 йилда ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган.

 Ўшанда Маданият вазирлиги объектни 2021—2022 йилларда тўлиқ реставрация қилиш режалаштирилганини, Бухоро амирларидан бири Сайид Абдулаҳадхоннинг Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган ёзги қароргоҳи ҳам хароба ҳолга келиб қолгани, бу Навоий вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси реставрация учун бюджетдан 3,1 миллиард сўм ажратилганини маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг