Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро бўйлаб ЙПХ ходимларига пора бераётганлар ушланмоқда

Бухоро бўйлаб ЙПХ ходимларига пора бераётганлар ушланмоқда

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилоятининг турли ҳудудларида фаолият юритаётган йўл патрул хизмати инспекторларига пора беришга уринишлар сон жиҳатдан ошмоқда.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва унга риоя қилмаган ҳайдовчилар орасида осон йўл билан жавобгарликдан қутилиш учун хизмат ходимларига пора таклиф қилишлар ортмоқда.

Таъкидланишича, «Сармижон» йўл патрул масканида хизмат олиб бораётган инспектор Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаро бошқарувида бўлган «Кобалт» русумли автомашинани ҳайдовчининг ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхтатган. Унда ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлигини аниқлаган. Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган. Автомашинани жарима майдонига жойлаштираётган вақтида ҳуқуқбузар ушбу баённомани бекор қилиш эвазига инспекторга пора таклиф қилган. Инспекторнинг бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан, қоидабузар фуқаро мақсадидан қайтмай, уни порани олишга далолат қилаверган.

Шу куни ходимнинг белгиланган тартибда ёзган билдиргиси асосида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Департаментнинг Ғиждувон туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Ҳуқуқбузар ҳайдовчи инспекторга 1 500 000 сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида бериб, қолган 1 000 000 сўмини пластик картага ўтказиб бермоқчи бўлганида қўлга олинган.

Худди шундай ҳолат вилояти ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 325-километрида хизматга жалб қилинган йўл-патрул хизмати инспектори фаолиятида ҳам рўй берган. Бунда ҳам хоразмлик ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузгани учун унга тегишли автомашинани жарима майдонига йўллар юзасидан баённома қайд этилган. Ҳайдовчи ўз хатти-ҳаракатларини «ёпиш» мақсадида инспекторни «рози» қилишга уринган. У Ромитан туманининг Газли шаҳарчасида жойлашган жарима майдони қоровулхонасида Йўл патрул хизмати инспекторига 1 400 000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтда ушланган.

Олот тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси «Ўзбекистон» маҳалласи профилактика инспектори ўз хизмат ҳудудида жойлашган ғишт ишлаб чиқариш заводида мутахассислар иштирокида текширув олиб борган. Бунда корхона раҳбарининг ғишт заводи электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётганини аниқлаган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказаётганда, ушбу корхона раҳбари аниқланган зарарни камайтириб кўрсатиш ва енгилроқ чора кўриш эвазига профилактика инспектори ва электр тармоқлари туман бўлимининг мутахассис ходимининг ҳар бирига 1000 АҚШ долларидан пора таклиф қилган. Ушбу фуқаро профилактика инспекторига келишилган суммадан бўнак сифатида 100 АҚШ доллари ҳамда 4 миллион сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтида ушланган.

Ҳозирги кунда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг