Бухоро матбуотининг йўқотилмаган мероси (фото ва видео)
Бухоронинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир мадрасасию қадимий деворидан тарих нафаси уфуриб туради. Бу заминда қалам аҳли ҳамиша халқ дардини сўзга кўчириб, замон руҳини тарих саҳифаларига муҳрлаб келган.
Бухоро шаҳридаги муҳташам Кўкалдош мадрасасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими кўмагида «Йўқотилмаган мерос» деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда Бухоро вилояти матбуоти ривожига улкан ҳисса қўшган марҳум устоз журналистлар ёдга олинди. Иштирокчилар уларнинг ибратли ҳаёт йўли, ижодий фаолияти, касбига бўлган чексиз садоқати ҳамда авлодлар учун қолдирган бой маънавий мероси хусусида дилдан суҳбат қуришди.
Марҳум устозлар ҳақига тиловат ва дуо қилингач, йиғилганлар хотира кўргазмасини кўздан кечирдилар. Кўргазма тўридан ХХ аср бошларида чоп этилган «Бухоро пролетари», «Бухоро ахбори», «Бухоро ҳақиқати» каби нодир нашрлар, шунингдек, юртимизда радио соҳасининг илк қадамларини акс эттирувчи кўҳна ускуна ва жиҳозлар жой олди.
Хотира кечасида Файзулла Хўжаев, Фитрат, Садриддин Айний, Неъмат Аминов, Омон Мухтор, Жамол Камол, Тошпўлат Ҳамид, Тошпўлат Аҳмад, Ҳалима Воҳидова, Бахшанда Болтаева, Эркин Ёдгоров сингари забардаст қалам соҳиблари чуқур эҳтиром билан ёдга олинди.
Бу улуғ зотларнинг ҳаёт йўли силлиқ кечган эмас. Уларнинг аксарияти ўз даврининг оғир тазйиқ ва суронли синовларини бошдан кечирди, ҳақиқатни баралла айтиш йўлида жонини ҳам гаровга қўйишдан қайтмади.
«Аммо уларнинг барчасини ягона бир ғоя: касбга садоқат, ҳақиқатга ишонч ва халққа беминнат хизмат қилиш туйғуси бирлаштириб турарди. Бугун устозларни ёд этар эканмиз, аслида, ўз касбимиз, тарихимиз ва ўзлигимиз ҳақида мушоҳада юритамиз. Чунки устозини унутган шогирднинг келажаги, тарихини унутган миллатнинг эртаси бўлмайди. Бу хотира кечаси — бизнинг фарзандлик ва шогирдлик бурчимиздир», — деди уюшманинг Бухоро вилояти бўлими раиси Гулшода Ибрагимова.
Марҳум адиб ва журналистларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийлари томонидан архив ҳужжатлари, нодир суратлар ва эсдаликлар асосида Бухоро матбуоти тарихида из қолдирган устозлар ҳақида хотира китобини чоп этиш таклифи ўртага ташланди. Бу ташаббус, шубҳасиз, ғоят қадрлидир. Зеро, хотира фақат тилда айтилганда эмас, балки саҳифаларга муҳрлангандагина авлодлардан авлодларга ўтади. Бугун қўлимизда турган биргина кўҳна газета ёки сурат эртага бутун бир давр солномасидан сўз очувчи бебаҳо манбага айланиши мумкин.
Бухоро журналистикаси тарихида ўзидан ўчмас из қолдирган 160 нафар устознинг хотираси қалбларимизда ҳамиша яшайди. Уларнинг қалами тўхтаган бўлиши мумкин, бироқ, улар қолдирган сўз, фикр ва маънавий мерос ҳамон яшамоқда. Ва бу мерос йўқотилмаган. Бор ва барҳаёт.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter