Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими 88 ёшида вафот этди

Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими 88 ёшида вафот этди

Давлат ва жамоат арбоби Дамир Салихович Ёдгоров 4 июл куни узоқ давом этган хасталикдан сўнг 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар берди. 

Дамир Ёдгоров 1937 йил 18 февралда Шофиркон туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини муваффақиятли тамомлаган. 

Меҳнат фаолиятини Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ёшлар қўмитасининг котиблиги лавозимидан бошлаб, узоқ йиллар Ёшлар ташкилоти ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги масъул вазифаларда ишлади. 1992-1994-йилларда Бухоро вилояти ҳокими сифатида ишлаган.

Унинг бевосита раҳбарлигида вилоятда селекция ва уруғчилик соҳасини илмий ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти Бухоро филиали директори сифатидаги меҳнат фаолияти йилларида пахтанинг Зарафшон воҳасига мос 10 га яқин иқтисодий самарадор навлари кашф этилди. 

Дамир Ёдгоров “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

Xabar.uz марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг