Бухорода бир гуруҳ мансабдорларнинг «қилмиши» фош қилинди

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг «Xabar.uz» га маълум қилишича, Бухоро вилояти, Шофиркон туман тиббиёт бирламаси мансабдорлари томонидан кўп миқдордаги товар моддий бойликлар ва бюджет маблағларининг талон-тарож қилингани аниқланган.
Маълум бўлишича, Бирлашманинг бир гуруҳ мансабдор шахслари имтиёзга эга бўлмаган 2045 нафар беморларни бепул овқатлантирилиши натижасида 180,3 миллион сўмлик бюджет маблағларини ортиқча сарфлаб юборишган. Шунингдек, Бирлашма стоматолог шифокори А.Ҳ. (эркак) Аёллар маслаҳатхонасига стоматолог врач сифатида расмийлаштирилиб, умуман ушбу лавозимда фаолият юритмаган бўлса-да, унга давлат бюджет маблағлари ҳисобидан жами 104,4 миллион сўмлик ойлик иш ҳақлари асоссиз ҳисобланиб, тўлаб берилган.
«Бундан ташқари, Бирлашма моддий жавобгар шахслари томонидан 2023 йил август-сентябрь ойларида жами қиймати 37,5 миллион сўмли 3250 литр дизел ёқилғиси сохта далолатномалар орқали ҳисобдан чиқарилган. Уларнинг ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб юборилгани аниқланган. Яна бир ҳолатда Бирлашманинг моддий жавобгар шахслари ихтиёрига топширилган товар моддий бойликларнинг қолдиғи саноқдан ўтказилганда, жами 37 турдаги 367,0 миллион сўмлик товарлар камомадига йўл қўйилгани аниқланди»,-дейди суриштирувчи адлия маслаҳатчиси.
Ҳолат юзасидан Шофиркон туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-(Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) моддаларининг турли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда Шофиркон туман прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter