Бухорода оғир нуқсон билан туғилган чақалоқ ҳаёти сақлаб қолинди
Бухорода икки томонлама бурун туғма хоана атрезияси ташхиси билан туғилган чақалоқ зудлик билан жарроҳлик столига ётқизилди ва унинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Бу ҳақда «Xabar.uz»га Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази отолорингологи Юлдуз Рўзиқулова маълум қилди.
Таъкидланишича, Бухоро вилоят марказидаги 1-сон туғруқ комплексида икки томонлама бурун туғма хоана атрезияси ташхиси билан туғилган чақалоқ шифокор ва ҳамшираларни хавотирга солиб қўйган. Нафас олишда қийналаётган қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шошилинч равишда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига кўчирилган. Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази отолорингологи Юлдуз Рўзиқулова ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти доценти Ҳабибулла Абдуллаев томонидан икки томонлама бурун туғма хоана атрезиясини бартараф этишга доир жарроҳлик амалиёти бажарилган.
«Туғма касаллик нуқсони билан дунёга келган чақалоқ жарроҳлик амалиётига муҳтож эди. Бир муддатли қисқа тайёргарликда чақалоққа амалий ёрдам кўрсатилмаса, нафас олиб-нафас чиқаришда муаммога учраб, ҳаёти хавф остида қолиши мумкин эди. Зудлик билан хоанани очиш ва унинг ҳаво ўтказувчанлигини тиклаш зарурати чораларини кўрдик. Аллоҳга шукур, беш кунлик чақалоқда амалиёт муваффақиятли якунланди»,—деди отолоринголог Юлдуз Рўзиқулова.
Отолорингологнинг билдиришича, икки томонлама бурун туғма хоана атрезияси норасида болаларда нафас олиш бузилиб, уларнинг лаблари, тирноқлари кўкариб, бурунчаларидан қуюқ шиллиқ модда ажралиб туради. У тозалангандан сўнг ҳам бундай болалар бурундан нафас олишолмайди.
«Агар бу ҳолат ўз вақтида аниқланмаса, болаларнинг онасидан эмган сути кўкрагига кетиб қолиб, асфиксия ҳолатидан ўлим юз бериши мумкин. Шу боис ҳам чақалоқдаги хоана туғма нуқсонини аниқлаш учун унинг бурунчасига темир найча киргиздик. Найча бурун-ҳалқум ва оғизга ўтмайди. Қизалоқнинг туғма нуқсони аниқлангандан сўнг, жарроҳликни амалга оширдик. Гўдакнинг бурун орқали нафас олиши тикланди ва ҳозирда боланинг умумий аҳволи қониқарли»,-деди отолоринголог.
Маълумотларга кўра, хоана кўпроқ қиз болаларда бутунлай ривожланмаган бўлиб, баъзан бир ёки икки томонлама рўй беради. Хоананинг суяк, тоғай ёки иккала қисми ҳам ривожланмаган бўлиши мумкин.
«Бундай жарроҳлик амалиётини аввал ҳам ўтказганмиз. Бироқ, атиги, 5 кунлик чақалоқда илк маротаба амалга оширилди. Операция тугагач, чақалоқнинг осойишта нафас олиб-нафас чиқараётганини кўриб, тўғриси, ўзим ҳуш-беҳушдек бўлиб қолдим, жарроҳлик столига чўккалаб, йиғлаб юбордим. Муҳими, чақалоқда туғма нуқсондан асоратлар кузатилмади. Айни пайтда ҳам тажрибали шифокорлар назоратида»,— деди Юлдуз Рўзиқулова.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter