Бухорода ўпирилган кўприк. Абгор йўл. Товуқхона ахлатларидан қўланса атроф (видео)
Бухоро вилояти, Жондор туманидаги Пўлоти маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси устидаги кўприк, бундан, чамаси, 30 йилча илгари қурилган. Жорий йилнинг апрель ойида ушбу кўприк оғир юк ташув автомашинаси ўтиши оқибитида қулаб тушган эди.
«Xabar.uz»га мурожаат қилган фуқаролар томонидан ушбу ҳолатда жабрланганлар йўқ, аммо, асосий жабрни одамлар тортаётгани билдирилган. Ҳолат юзасидан «Xabar.uz» мухбири томонидан журналистик суриштирув олиб борилди.
Ўз атрофида 6 та қишлоқни бирлаштирган тумандаги Пўлоти маҳалласида 8 500 нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилар экан. Ҳудуддан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси устидаги кўприклар бир нечтани ташкил этади. Қишлоқлар аҳолиси 30 йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу кўприкдан фойдаланиб келишган.
Сув сатҳидан баландлиги 15, эни 20 метрча ва узунлиги салкам 40 метр масофадаги ушбу кўприк ҳалокатли аҳволга келиб қолгач, икки томон қатнов йўли тўсиб қўйилган. Шунга қарамасдан, инсон ҳаёти учун хавфли бўлса-да, одамлар туман марказига бориш учун кўприк устидан кесиб ўтишни тўхтатишмаган.
- Кўприк ағдарилиб, ўпирилиб кетгач, унинг икки ўтув томони одамларнинг ўтиб-қайтмаслиги учун кўчма бетонлар билан тўсиб қўйилди. Тамом. Аммо, тўрт ойдан бери халқнинг узоғини яқин қилиш чоралари умуман кўрилмади. Туман марказига бориб, бозор-ўчар қилиб келиш учун 7 километр масофани айланиб ўтамиз. Йўловчи таксилар ҳам одамлар ноиложлигини билиб туриб, кира ҳақларини ошириб юборишган. Биласиз, қишлоқ жойларида пул топиш осон эмас. Тийин-тийинни эплаб-эплаб сарфлаймиз. Аксига олиб, кимдир бетоб бўлиб қолса, 5-10 минутда етиб келадиган «Тез ёрдам» машиналари ярим соат, қирқ минутларда етиб келади, - дейди шу қишлоқда яшовчи онахонлардан бири.
Фуқаро Бахшулло Бобоев эса одамлар ушбу масаланинг ҳал этилмаётганидан, бу ҳақда мутасаддилар бош қотиришмаётганидан норозилигини билдирган.
- На туман ҳокими, на бошқа масъул мутасаддилари келиб, аҳоли билан суҳбат ўтказишган. Бир марта номутахассис, соҳани тушунмайдиган икки ходимни жўнатишди. Улар ҳам ечими борасида тузук фикр билдиришмади. Каттаконлар одамлар билан учрашдик, кўришдик, дейишяпти. Шу ҳолатни «каттаконлар ўрганишди-кетишди» деб изоҳлаш мумкинми? Қачонгача бу ҳолат давом этади? – деди Бахшулло Бобоев.
Шу ўринда савол туғилади: кўприк ўпирилгач, аҳоли 4 ойдан бери туман марказига қатновда қийналаётган, устига-устак, хавфли бўлса-да, ҳалокатли аҳволдаги кўприкдан ўтишдан ташқари, товуқ фабрикасига олиб борадиган йўлдан фойдаланишаётган экан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳеч бўлмаса, вақтинчалик автобус хизматини йўлга қўйиш такбирли амаллардан саналмасмиди?
«Мен соҳа мутахассиси эмасман, мен биринчи ўринбосарман»
Кўприк масаласида биз суриштирув ўтказаётган манзилда кўз очиб юмгунча, бир нечта мутасаддилар ҳам етиб келишди. Фуқароларга ўзини туман ҳокими ўринбосари Ниёз Аҳатов, деб таништирган мутасадди ҳали сўз бошламай туриб, операторга «телефонингизни олиб қўйинг!»-дея буйруқ берган. Журналист мутасаддидан бунинг сабабини сўраганида, у: «мен соҳа мутахассиси эмасман, мен биринчи ўринбосарман»,-дея жавоб берган. Қизиқ. Агар соҳа мутахассиси ёхуд шу туман учун масъул бўлмаганида, биринчи ўринбосарнинг ҳолат жойига келишига ким мажбурлаган?!
Мутахассисларнинг сўзига кўра, кўприк масаласи ечими устида чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Кўприк масаласи ечимини топади
Жондор туман йўллардан фойдаланиш корхонаси мутахассиси Сарвал Хайриддинов эса бундан илгари бир неча бор аҳоли билан учрашувлар ўтказилгани, улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгани хусусида тўхталиб, кўприк масаласи ечими борасида аллақачон чора-тадбирлар белгилаб олинганини билдирди:
- Кўприк оғир юк ташув машинасини кўтара олмай, ағанаб, ўпирилиб кетган. Оқибатда аянчли аҳволга тушиб қолган. Ҳодиса содир бўлган соатдан бошлаб, мутахассислар жалб этилган ва ҳолатни изчил ўрганишган. Мамлакатимиз президентининг 2023 йил 10 октябрдаги 330-сонли қарорига асосан, кўприк 2024-2026 йилларда қайта ва тўлиқ таъмирланиши давлат дастурига ҳам киритилган эди. Унга кўра, кўприе таъмирланишида икки милиард тўрт юз миллион сўм ажратилган. Бироқ, бахтсиз ҳодисанинг юзага келгани ҳаммамиз учун ташвишли ҳол бўлди. Айни пайтда кўприкни лойиҳалаш ишлари бошланган,-деди Сарвал Хайриддинов.
Маълум бўлишича, бундан олдин ушбу кўприкни 2021 йилда Ромитан туманидаги қурилиш ташкилотларидан бири томонидан қайта таъмирланган. Айни пайтда, прокуратура органлари томонидан қурувчи ташкилот томонидан кўприкни таъмирлаш жараёни нечоғли сифатли ёки сифатсиз бажарилгани чуқур ўрганилмоқда. Ушбу амалга ноқонуний хатти-ҳаракатларга ва ўзлаштиришларга йўл қўйилган бўлса, қурилиш ташкилоти қонуний жавобгарликка тортилиши билдирилди.
Аҳоли абгор ва қўланса ҳидли йўлдан фойдаланишга мажбур бўлган
Фуқароларнинг билдиришича, кўприк йўли ёпилгач, одамлар қатнов йўли ҳисобланмаган - товуқчилик фабрикаси йўлидан қатнашга мажбур бўлишган. Улар бу йўллар жуда абгор, етмаганига, фабрикадан чиқариб ташланган яроқсиз гўштлар учун дайти итлар кўп санғиб юришини билдиришди.
Туман мутасаддиларидан бирининг тадбиркорлигига қарашли бўлган ушбу товуқчилик фабрикаси сари йўл олдик. Манзилга борган сари атрофга бадбўй ҳид тарқатиб юборган фабрика йўли ҳақиқатан чанг ва абгор аҳволда экан. Бир томонлама йўлдан қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган транспорт воситаси чанг оқибатида бир-бирини кўриши мушкул. Устига-устак, заҳкаш ичига қараб ҳамда қатнов йўли четига тонналаб фабрика ахлатлари чиқариб ташланган. Бир қисми кўмиб юборилган. Ахлатлар маиший чиқиндилар билан ҳам қалаштириб ташланган.
Матбуот котибига нимаям дердик...
Журналистик суриштирув олиб борилаётган пайт айни қуёш тиғи тик тушган паллага тўғри келгани учунми, мавжуд икки видеокамера ҳам қизиб, тасвирга олув тизими носоз аҳволга келиб қолди. Шунда бизга ҳамроҳлик қилаётган туман ҳокими матбуот котибидан кўмак сўраб, тасвирни унинг қўл телефонида давом эттиришни сўрадик. Афсуски, матбуот котибидан илтимосларга қарамасдан, керакли кадрларни қайта олишнинг иложи бўлмади.
Нима ҳам дердик, суриштирувнинг эртаси куни ҳам тавсирга олиш жараёнларини давом эттиришимизга тўғри келди.
Биз, туман ҳокими матбуот котибининг тасвирларни бизга улашмаётгани сабабини эртанги кунга қадар товуқ фабрикаси чиқиндиларининг тозалаб қўйилишига ишора бўлса керак, деб тушунгандик. Бироқ, ҳолат ўша-ўша: қўланса ҳид тарқатиб турган чиқиндилар олиб ташланмаган ва одамлар у йўлдан нафас йўлларини беркитиб ўтишаётган эди.
Йўл шағаллаштирилиб, автобус қўйилади
Жондор тумани ҳокими Жамшид Худоев «Xabar.uz»га берган интервьюсида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар йил охирига қадар бартараф этилишини билдирди. Йўл шағаллаштирилиб, одамларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи ташиш автобус хизмати ҳам йўлга қўйилади.
- Жорий йилнинг апрель ойида мазкур кўприк 120 тоннадан ортиқ оғирликдаги юкка бардош беролмай, қулаб тушган эди. Кўприк 40 тонна юк кўтаришган мўлжалланган. Айни пайтда вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбдорларнинг хатти-ҳаракатига баҳо берилади. Туман маркази ҳамда Пўлоти маҳалласини боғлаб турувчи ушбу кўприкдан фойдаланиш тўхтатиб қўйилгани сабабли аслида, қатновга мўлжалланмаган товуқчилик фабрикасидаги йўл шағаллаштирилади. Бундан ташқари, Бухоро вилоят Транспорт бошқармасига ҳудудда аҳоли фойдаланиши учун қўшимча автобус ажратилиши бўйича мурожаат билан чиқдик. Аҳолини қийнаб келаётган барча масалалар навбатма-навбат ижобий ҳал этиб борилади,-деди Жондор тумани ҳокими.
Мавзуга яна қайтамиз.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter