Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ўпирилган кўприк қайта бунёд бўлмоқда. Ҳоким берган ваъдасини бажаряпти...ми? (видео)

Бухоро вилояти, Жондор туманидаги Пўлоти маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси устидаги кўприкнинг оғир юк ташувчи автомашина ўтиши оқибатида қулаб тушгани одамларни анча хавотирга солган эди.

«Xabar.uz» мухбири томонидан ҳолат бўйича олиб борилган журналистик суриштирув муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Шу жараёнда Жондор тумани ҳокими Жамшид Худоев ўз интервьюсида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар йил охирига қадар бартараф этилишини билдирганди. Шунингдек, ҳоким ваъдасига кўра, одамларга қулайлик яратиш мақсадида кўприк созлангунга қадар тадбиркорга тегишли товуқхонанинг қумлоқ йўли шағаллаштирилиб, йўловчи ташиш автобус хизмати ҳам йўлга қўйилиши лозим эди.

Ҳоким ваъдасининг устидан чиқди...

Бу савол кўпчиликда «ҳокимлар ваъда беради-ю, аммо бажарармиди?» деган мутойибабоп муносабатни уйғотиши мумкин. Йўқ, бу гал ундай бўлмади. Ҳоким ваъдасини бажаряпти.

Жондор туманидаги 6 та қишлоқни бирлаштириб турган Пўлоти маҳалласида 8 500 нафардан ортиқ фуқаро яшайди. Жорий йилнинг баҳор фасли кунларининг бирида 30 йилдан ортиқ вақтдан буён аҳоли фойдаланиб келаётган кўприкнинг ўпирилиб тушгани, нафақат, маҳалла аҳолиси, балки туман каттагина зарарли оқибат келтирди. Одамлар норозилик кайфиятида мурожаатлар қилишди. Ҳоким хабар олмаётганидан, муаммога ечим изланмаётганидан устма-уст шикоятлар келтиришди.

«Xabar.uz» мухбири оғриқли масалани ўрганиш давомида муаммони ечишга дахлдор мутасадди раҳбарлар ва қатор ташкилот мутахассислари билан суҳбат давомида ўпирилган кўприкни қайта созлаш ва таъмирлаш бўйича жараёнлар аллақачон бошланганига ойдинлик киритган эди.

Жондор туман йўллардан фойдаланиш корхонаси мутахассиси ўпирилган кўприк 2026 йилга қадар қайта ва тўлиқ таъмирланишини,  таъмир ишлари учун  2 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилиши кутилаётганини билдирган. Бироқ, туман ҳокими эса бахтсиз ҳодиса сабаб катта талофат кўрган кўприк аҳоли учун жуда зарурат экани боис, йил охирига қолдирмай, таъмирланишини ваъда берган эди. 

Ҳолат батафсил кўринишда ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, орадан бир ойча ўтар-ўтмас, яна одамлар туман ҳокимлиги ёки соҳа мутасаддилари томонидан ҳеч қандай иш амалга оширилмаётгани, жумладан, қўланса ҳид тарқатиб турувчи товуқхонанинг қумлоқ йўлни шағаллаштириш ўрнига уни сифатсиз маҳсулот билан тўлдиришаётгани, аҳоли учун автобус хизмати йўлга қўйилмагани ҳамда кўприк ҳақида ҳам ҳеч қандай бош қотирилмаётгани ҳақида қайта мурожаат билан чиқишган. Шу куниёқ, журналистик суриштирув учун яна ҳолат жойида бўлган мухбир ва блогерлар йўлни созлаш ва кўприкни мукаммал таъмирлаш бўйича ишлар бошлаб юборилганига гувоҳ бўлишган. Ҳолат жойига туман ҳокими ҳам етиб келган.

«Товуқчилик фабрикаси йўли ўнқир-қўнқир ва ҳеч қачон асфальтланмаган қумлоқ эканига ҳамма гувоҳ. Уни шағаллаштириш учун биринчи босқич ишлари амалга оширилмоқда. Бундай йўл аввал майда тош аралашган қум, яъни чага билан тўлдирилиб, текисланиб, сўнг кейинги босқичлар амалга оширилади. Мурожаатчининг «ҳоким мен билан учрашмади» деган муносабатига айтишим мумкинки, туманда 180 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг ҳар бири билан битта-битта учрашиш қуввати ҳам, имкони ҳам йўқ ҳеч бир ҳоким учун. Хавотирга ҳожат йўқ. Ҳар бир мезон режа асосида олиб бориляпти. Йил охирламай, аҳоли сифатли йўлга ҳам, кўприкка ҳам эга бўлишади», — деди Жамшид Худоев.   

Ҳолатга кўра, бахтсиз ҳодиса сабаб айни пайтда ҳам ўпирилган кўприкда мукаммал таъмирлаш ишлари жадал кечмоқда. Туман ҳокими матбуот хизматининг сўзига кўра, таъмирлаш ишларини амалга ошириш лойиҳа қиймати  7 миллиард сўмдан иборат. Лойиҳачи ташкилот - «Равон йўл лойиҳа» хусусий корхонаси ҳамда пудратчи ташкилот – Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси бунёдкорлари  томонидан созлаш ва қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Сув сатҳидан баландлиги 15, эни 20 метрча ва узунлиги салкам 54 метр масофадаги ҳалокатли аҳволга келган кўприк тез кунлар ичида фойдаланишга  топширилади.

Ҳудуд аҳолиси муаммони бартараф этиш учун мутасадди ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида кўприк вазифасини ўтаган «Xabar.uz» таҳририятига ҳамда туман ҳокимлигига миннатдорлик билдиришди.

«Кўнгилсиз воқеа ҳаммамизни анча ташвишга солиб, кўпчилигимиз, тўғриси, тинчимизни ҳам йўқотган эдик. Мутасаддилар ва ҳудуд аҳолиси ўртасида бирмунча англашмовчиликлар ва тортишувлар ҳам бўлиб ўтганини яширмаймиз. Аммо, нима бўлганда ҳам ҳаммаси яхшиликка ва ижобий натижага сабаб бўлди. Халқ ташвишидан чарчаманглар. Кўприкнинг фойдаланишга топширилган куни қишлоғимиз учун тўйдир. Шу тўйларда кўришишлик насиб этсин», — деди Бахшулла Бобоев.

Тўйни севган элга тўйлар ярашади. Мавзуга қайтамиз.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг