Бухородаги бир нечта хонадондан қурол ва портловчи моддалар топилди

Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўқотар қурол, ўқ дори ва порохларни қонунга хилоф равишда сақлаб юриш билан боғлиқ бир нечта жиноий ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.
Бундан илгари ҳам олиб борилган кенг қамровли профилактик тадбирлар давомида ўз хонадонида порох ва гилзалар сақлашга оид ноқонуний ҳолатларнинг фош қилинганига оид хабарлар эълон қилинган эди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор профилактик тадбирининг ушбу босқичи доирасида ҳам кўплаб хонадонлар кўздан кечирилмоқда. Ромитан тумани, Афросиёб маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Ч.нинг хонадонидан отишга яроқли бўлган 42 дона ов қуроли патронлари, икки дона идиш ичида 150 грамм оғирликдаги порох, алоҳида идиш ичида 200 грамм қўрғошин парчалари топилди. Шу туманнинг «Ўба» маҳалласида яшовчи Ф.Х. 8 дона патрон, бир неча дона қўрғошин парчалари, 6 дона ҳар хил шаклдаги совуқ қуролга ўхшаш буюмларни ноқонуний тарзда сақлаб келаётгани аниқланди. Худди шундай профилактик тадбир Жондор тумани Тобагар маҳалласи фуқароси Ш.П. хонадонида ҳам ўтказилди. Ушбу шахс тегишли рухсатномасиз ИЖЕВСК механика заводида ишлаб чиқарилган 32 калибрли, бир силлиқ милли, «ИжК» моделли ов милтиғини қонунга хилоф равишда сақлаб келган»,-дейди Шуҳрат Жалолов.
Бундан ташқари, Когон тумани, Мустақиллик маҳалласида яшовчи фуқаро С.С.нинг хонадони кўздан кечирилганда, у ҳам портловчи моддалар туркумига кирувчи, силлиқ милли ов қуролларининг патронлари учун мўлжалланган, ишлатиш учун яроқли бўлган 3,23 граммга тенг бўлган порохни қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Турли кўринишдаги ўқотар қурол ҳамда портловчи моддаларнинг яширин равишда сақлаб келинаётгани оғир оқибатларга олиб келгани борасида қатор хабарлар тарқалган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter