Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чақалоқ ўлганмиди? Томирида нина қолдирилганми? Соғлиқни сақлаш вазирлиги инкор этмоқда

Чақалоқ ўлганмиди? Томирида нина қолдирилганми? Соғлиқни сақлаш вазирлиги инкор этмоқда

Фото: Google.com

Ижтимоий тармоқларда «Болага укол қилиб, ҳатто игнасини ҳам олишмаган, шу кунларнинг аянчли воқеаси», «Ана сизга томоша» каби хабарлар тарқалди. Уларда таъкидланишича, юрак пороги билан туғилган гўдак 4 кун шифохонада бўлган ва бирор марта онасига кўрсатилмаган, эмизилмаган. Тўртинчи куни шифокорлар «барибир ўлади» деб, ота-онасининг қўлига тутқазишиб, уйга жавоб бериб юборишган.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди ва қуйидагилар аниқланди. Хабарда айтилишича, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 1-клиникасининг туғруқ бўлимига мурожаат қилган аёлнинг Самарқанд вилоятида пропискаси бўлмаган.

«Жорий йилнинг 16 сентябр куни тахминан соат 12:40 атрофида Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 1-клиникасининг туғруқ бўлимига Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, Қўчқорбулоқ қишлоғидан 1996 йилда туғилган М.А қориннинг пастки қисмида, олдинги операциядан кейинги чандиқ соҳасидаги кучли оғриқ ва туғуруқ дарди билан шошилинч мурожаат қилиб келган.

Ҳомиладор аёлнинг биринчи туғуруқ жараёни 2017 йил Қашқадарё вилояти туғуруқ комплексида (кесар-кесиш) жарроҳлик йўли билан амалга оширилган. Бундан ташқари, М.А Самарқанд вилоятидан рўйхатдан ўтмаганлиги, унинг ҳомиладорлик даври Қашқадарё вилоятида ўтганлиги боис ҳомила кечиш даври, скрининг текширувлари ҳомиладор алмашинув варақасида кўрсатилмаган. Бу эса шифокорларга маълум маънода қийинчилик туғдирган», — дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумотида.

Ахборот хизмати ҳомиладор аёл ва чақалоқнинг туғруқ вақтидаги ҳолати ҳақида батафсил маълумот бериб ўтган.

«М.А Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 1-клиникасининг туғруқ комплексига шошилинч равишда қабул қилиниб, тўлиқ тегишли тиббий текширувлардан ўтказилган. Унга иккинчи ҳомиладорлик, ҳомила 38-39-ҳафталик, бачадонда кесар-кесиш операциясидан кейинги чандиқ носозлиги, анемия енгил даражаси каби клиник ташхис қўйилган. М.Ага жорий йилнинг 16 сентябрь куни соат 13:25да шошилинч равишда кесар-кесиш операцияси ўтказилиб, жинси қиз бола бўлган тирик ҳомила олинган.

Чақалоқ туғилганидан сўнг 2 соат давомида врачлар назоратида бўлган, кузатув давомида чақалоқни оғиз-бурун атрофида кўкариш аломатлари бўлганлиги ва туғуруқхона шароитида кислород терапия ўтказилишига қарамасдан кўкариш аломатлари кучайганлиги сабабли, тўлиқ тиббий текширувлардан ўтказиш мақсадида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг неонатал реанимация бўлимига юборилган. Марказда барча лаборатор ва инструментал диагностик текширувлари (юракни эхокардиографияси, кўкрак қафасини обзор рентгенографияси, бош мияни-нейросонографияси) ўтказилган.

Марказнинг малакали мутахассислари жумладан, болалар кардиохирурги томонидан ўтказилган диагностик текширувлар натижасида чақалоқда туғма юрак нуқсони, атриовентирикуляр коммуникацияси, ягона қоринча (уч камерали юрак), ўпка артериясининг атрезияси, юракни нормадаги чегараларидан катталашиши тасдиқланган».

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бўлими томонидан таъкидланишича, гарчи чақалоқ шундай оғир аҳволда бўлса-да, ота-онаси тилхат асосида уни шифохонадан олиб чиқиб кетишга қарор қилган. Ва шифокорлар ҳам бунга рухсат беришган.

«Марказ мутахассислари чақалоқнинг ота-онасига гўдакда туғма юрак нуқсони ва бошқа нуқсонлар борлиги, унинг аҳволи оғирлиги тўғрисида тушунтирган. Бемор чақалоққа комплекс реанимацион даволаш муолажалари давом эттирилишига қарамасдан ижобий ўзгариш кузатилмаганидан сўнг ота-онаси тилхат асосида чақалоқни уйига олиб кетишган», — дейилади хабарда.

Ахборот хизмати томонидан хабар қилинишича, чақалоқ қўлида игна эмас, балки катетер қолдирилган. Қолдирилганда ҳам атайлаб қолдирилган. Яъни, чақалоқни даволаш ишларини давом эттириш учун.

«Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур хабарнинг икки жиҳатига алоҳида эътибор қаратишни лозим топдик. Биринчиси, хабарда болага укол қилиб, нинаси олинмаганлиги иддао қилинган. Ваҳоланки, чақалоқнинг қон томиридаги нина эмас, балки томир катетери булган.

Тиббиётда катетер айнан бола муолажаларда қийналмаслиги учун ҳам унга ўрнатилади. Асосийси катетер фақатгина малакали мутахассислар томонидан ўрнатилиши мумкинлиги ва ушбу катетер даво муолажаларини давом эттириш учун жуда қулай ҳамда чақалоққа салбий таъсир кўрсатмаслигини алоҳида таъкидлаш жоиз», — дея иддао қилинади хабарда.

Шу билан бирга чақалоқ гарчи икки кун онасига кўрсатилмаган бўлса ҳам, у сунъий озуқа воситалари билан озуқалантириб турилган.

«Чақалоқ шифохонада бўлган даврида бирор маротаба онасига кўрсатилмаганлиги, эмизилмаганлиги сабабли бола оч қолдирилганлиги айтилмоқда. Аслида эса, чақалоқ мунтазам кислород остида бўлгани ва санитария талабларидан келиб чиқиб реанимация тозалиги ва тиббий талабларга риоя қилиш мақсадида яқинларига кўрсатиш имкони бўлмаган. Аммо, чақалоққа ҳар икки соатда зонт орқали сунъий озуқа бериб борилган».

Энг муҳими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган баёнотда таъкидланишича, чақалоқ қўлидаги катетер қисқа фурсатларда нобуд бўлади, деган эмас, балки уни даволаш ишларини давом эттириш учун қолдирилган. Аммо баёнотда нима учун фақатгина малакали мутахассислар ўрнатиши мумкин бўлган чақалоқ томиридаги мослама уй шароитида қўлланиш учун қолдирилгани ҳақида тушунча берилмаган.

«Хулоса ўрнида, шуни айтишимиз мумкинки, вена қон томирига қўйилган томир катетери беморда сақланган ҳолда уйга жавоб бериб юборилганлиги шифокорларнинг чақалоқ қисқа фурсатларда нобуд бўлиши мумкин деган фикрда эмас, аксинча гўдакни даволаш ишлари давом эттирилиши учун қолдирилганлигини билдиради», — дейилади баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг