Чекка бир қишлоқнинг фаол аҳли: «Референдумга албатта, борамиз»
Ўзининг, оиласининг, фарзандларининг келажагини ўйлаган инсон ватан туйғуси ва оила қайғуси деган тушунчаларни теран ҳис этади. Бу айни пайтда мажбурият бурчи ва масъулият ҳисси бор бўлган инсонда воқеликка, ижтимоий-сиёсий жараёнларга, давр талаб этган масалаларга фаол муносабатда бўлиш заруратини ҳам тақозо этади.
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ва бўлим бошлиғи, иқтидорли шоира Фароғат Худойқулова, таниқли санъаткорлардан Шербек Шодиев ва Мафтуна Тўраевалар билан биргаликда Мирзачўл туманининг чекка қишлоқларига бориб, у ердаги маҳаллий аҳоли билан учрашиб дилдан суҳбатлашдик. Ўзбекистон қаҳрамони Парда Зиёдов ҳамда «Мўътабар аёл», «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳибаси Дилбар Саидовалар ҳамроҳлик қилишди.
Таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида референдумнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш билан бирга ижтимоий кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, совға-саломлар топширишни ҳам канда қилмадик. Бу бир томондан халқимизга хос бағрикенглик ва меҳридарёликнинг ифодаси бўлса, иккинчи томондан рўзаи Рамазоннинг шукуҳи ва шукрининг нишонасидир.
Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиёдов давлатимиз раҳбарининг ўз халқини севиши, ҳар бир инсонни авайлаб асраши, уларга ёрдам кўрсатишлари борасидаги халқчил сиёсати ва одилона меҳрибонликлари ҳақида сўзладилар. Сўнгра «Мирза дала» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардан бирига бордик. Бизни хонадон соҳибаси Хосиятхон опа, уч қизи ҳамда МФЙ раиси Ислом ака Холмирзаев қаршилади. Хосиятхон опа тарғиботчиларнинг тилак ва истакларини ҳамда совғаларини қабул қилиб оларкан, кўнгли тўлиб кетганидан кўзларида қалқиган ёшни, юзларида балқиган нурни ҳис этдик.
«Мирза дала» шаҳарча фуқаролар йиғинида 1034 та хонадон, 1167 та оила, жами 4957 та аҳоли бор. Бизда 36 та кам таъминланган, эҳтиёжманд оила бўлиб, уларнинг ҳолидан ҳар бирларидан тизимли равишда хабар олиб моддий ёрдам кўрсатиб турамиз. 150 га яқини «Аёллар дафтари»га, 109 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган. Тиббий ёки моддий кўмак зарурати бўлса беминнат ёрдам қилинмоқда. 240 нафар фуқаромизга Президент фармонига асосан 50 сотихдан ер ажратилди, улар ҳозирда полиз ва сабзавот маҳсулотларини экиш билан банд бўлишмоқда, 30-апрел куни ҳаммамиз якдил бўлиб Референдумга албатта, борамиз» – дейди мамнун ҳолда маҳалла раиси Ислом ака Холмирзаев.
Сўнгра «Янги дала» маҳалласидаги 8-умумтаълим мактабига бордик. Бу Қозоғистон билан чегарадош бўлган ҳудуд. Олдин бу ерлар кенг яйдоқ жой бўлган, ҳозирда маданият маркази, замонавий русумдаги мактаб, яратилган шароитларни ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўриб руҳландик. Инсон қўли гул эканига, ҳафсала, ихлос билан ишга киришса чўлистонни гулистонга айлантира олишига яна бир карра иқрор бўлдик. Қишлоқдагилар мактабни шароитларини кўриб маиший савдо шохобчаларини кўриб ҳавас қилдик.
«Шароитлари нуқтаи назаридан шаҳардан қолишмайди, — дея сўзга киришди Дилбар опа Саидова — Бу ердаги қишлоқ аёлларининг меҳнаткашлигини кўриб таҳсин айтасиз. Булар чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланишади. Президентимизнинг ташаббуслари, қарорлари билан 50 сотихдан томорқа берилгани айниқса уларни хушнуд этгани аниқ. Бундан руҳланган аёллар ҳам эркаклардан қолишмасдан баб-баравар меҳнат қилиб фаровон яшашмоқда. Ҳамма нарса ўзининг даласидан чиқади. Шаҳарлик аҳоли каби 1 литр сутни қидириб юрмайди, 1 кг картошка учун дўконга, нон учун новвойга бормайди. Ҳаммасига заҳматкашлиги билан эришган. Муҳими, аҳолининг соғломлигини айтмайсизми. Қандли диабет бўлсин ёки бел оғриғи, оёқ оғриғидан нолиганларни эшитмаганман, кўрмаганман. Буларнинг барчаси жисмоний ва ақлий меҳнат билан мунтазам шуғулланишади».
Сўнгра 436 ўринли 8-сонли умумтаълим мактабига кирдик. Мактаб ичидаги 6000 дан зиёд китоб бор бўлган кутубхона бизни жуда ҳайрон қолдирди. Деярлик барча турдаги — илмий, бадиий, публицистик китоблар ўқув адабиётлари мавжуд. Айниқса, Жиззах тарихига оид китоблар ҳам тахланиб турибди. Ўқувчиларнинг китобга ўчлиги, Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасидаги талабларга мос ҳаракатлар бизни хушнуд этди.
«Менинг ўзим ҳам қалам тебратиб тураман, шеърлар ёзаман, — дея яна сўзга киришди Дилбар опа. — Кўп жойдан топа олмаган китобни шу ердан топаман. Ҳазрат Навоий, мирзо Бобур ва соҳибқирон Амир Темурнинг таваллуд айёмлари муносабати билан ташкил этилган адабий маърифий кечада қатнашдим. Ўқувчиларнинг санъат ва маданиятга қизиқишидан шодландим, очиғи. Ўқувчиларнинг қизиқиши ва истакларига биноан турли хил тўгараклар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Мактабда тикувчилик цехи бўлиб унда 20 та аёл тикувчилик билан шуғулланади. Айни пайтда ўқувчиларга бичиш, тикиш каби касб-ҳунарларни ҳам ўргатади. Улар чевар ва каштачиликни ҳозирданоқ устаси бўлиб кетишган десам хато бўлмайди. Ўз болаларини ёнига олиб келиб меҳнатга ўргатишади. Бу эса уларнинг меҳнатсевар бўлиб етишишларига имкон туғдиради. Цехнинг шундоқ ёнгинасида спорт зали бўлиб, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича мусобақалар уюштиришади. Ғолиб жамоа ва фаол иштирокчилар рағбатлантирилади. Бизнинг ёшлик чоғларимизда бундай шароитлар тушга ҳам кирмаган».
Янги Ўзбекистоннинг пойдевори қурилди, бунёдкорлик ишлари, қабул қилинаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган сиёсатлар бунинг ёрқин далилидир. Йўллар яхшиланаётгани, ички кўчаларга ҳам асфальт ётқизилгани эътиборга молик. Ҳамма имкониятларни кўриб меҳнат фаолиятимга 52 йил тўлган бўлсам ҳалиям ишлагим келади. Ёшларни даврасига тушсам худди ёшлардек бўлиб кетаман, — дейди Дилбар опа.
«Лекин, аччиқ бўлса ҳам айтишим керак, ёшлар орасида баъзи бир тўқликка шўхлик қиладиганлари ҳам топилиб туради. Ҳар тўкисда бир айб бор деганларидек, айримлари танбал, ва ялқов. Фарзандларга ибрат, намуна бўлиши учун инсоннинг ўзи меҳнатсевар ва яхши хулқ-атвор эгаси бўлиши зарур. Фарзандларига ақлли бўл, китоб ўқи деб панд-насиҳат қилиб ўзи турли сериалларни кўриб ўтирса болаларидан нима кутиш мумкин. Чунки синалган бир ҳақиқат борки, фарзанд инсоннинг сўзидан кўра ўзидан ибрат олиб унга эргашади. Ҳар куни ширакайф бўлиб спиртли ичимликлар ичиб, оиласига қўпол муомалада бўлган отани кўрган фарзанд қандай ўсиши мумкин, — дейди Дилбар опа жиғибийрони чиқиб. — Фарзанд тарбиясида бўшлиққа жой қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Тарбияда танаффус бўлмайди деган ҳикмат бежиз эмас».
Айримлари билан 3 кун психологик суҳбатлар ўтказишга ҳам маҳоратли бўлган Дилбар опага ҳавасимиз келди. Гулдек аёли бўлган бир йигитнинг оиласида нохушлик бўлгани боис уни чақириб суҳбатлашибди. Ҳеч кимдан кам жойинг йўқ, маст-аласт юриб уй ва қўшниларингни ҳам тинчини бузиб юришинг яхшими? Сенга жовдираб қараб турадиган учта фарзандингни тақдирини, келажагини ўйламайсанми? Ота-онангни ҳаётлигида уларни рози қилиб Ҳажга, Умрага юбориб дуоларини олсанг бўлмайдими, дебди. Ғинг этмасдан бошини қуйи солиб ўтирган йигит ҳеч нарса демасдан чиқиб кетибди. Бир ойдан кейин яқинда ифторлик баҳонасида хабар олгани борса, унинг бутунлай ўзгариб, ичимликка қайрилиб ҳам қарамайдиган, уйим — жойим дейдиган йигитга айланганини кўриб ниҳоятда шодланибди. 41 ёшлик йигитга панд-насиҳати кор қилганидан Дилбар опа шод.
Шароф Рашидов туманидаги «Нуроний жамғармаси жамоатчилик гуруҳининг раҳбари сифатида иш олиб бораётган Дилбар опа «Бувижонлар» гуруҳини тузгани, ҳозирда туман бўйича унинг 445 та аъзоси борлиги, ўзларининг ҳаётий тажрибаси ва ўгитлари билан ёш оилаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганларидан мамнун. У ана шу жамғарма қошида “Меҳр карвони” гуруҳини тузганини, ҳеч бир ташкилотдан ижтимоий, моддий кўмак олмасдан тадбиркор аёлларни жалб қилган ҳолда муайян жамғарма йиғиб 10 тача кам таъминланган оилаларга мурувват ёрдами кўрсатганини ички бир фахр билан сўзлади. Айни дамларда улар 30 апрел куни Референдумни аҳиллик билан бирдамликда худди байрамдек ўтишига ишонч билдирди. Референдумга бефарқ бўлмасликка чорлаш, барчани жалб этиш, тушунтириш ва тарғибот ишларида «Бувижонлар» гуруҳини ҳар доим тайёр эканликларини эътироф этди.
Кейинги кун тарғибот ишлари яна авжига минди. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида адабий-ижодий учрашувда ҳам Асосий қомусимизга меҳр руҳи устуворлик қилди. Унда шоир Бобур Бобомурод ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Шуҳрат» медали соҳибаси шоира Фароғат Худайқуловалар ва Жиззах мусиқали драма театри актёрлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар: Абдураим Лапасов, Жўра Исроилов ҳамда Раиса Абдуллаевалар «Маънавият карвони» лойиҳаси доирасида иштирок этишди.
Сўнгра тушдан кейин Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиалида бўлдик. Профессор ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги кўрик-танловлар ҳам Референдум руҳи билан уйғун ҳолатда кечди.
Ватан тақдирига, ўз оиласи, фарзандлари келажагига лоқайд бўлмаган инсон мамлакатнинг истиқболига дахлдор бўлган Референдумга, Янги ва яхши Конституциямизга ҳам бефарқ бўлмаслиги аён. Жиззах вилоятининг барча туман ва маҳаллаларида бўлиб улар қалбидаги юрт қисматига дахлдорлик туйғусини яна бир бор ҳис этдик.
Раҳимбой Жуманиёзов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети профессори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter