Данғиллама дарвозалар олдидаги сукут
— Бозорни назорат қиладиган одам қолмади-да, ўзиям. Битта айвон тиклашим 30-40 «кўки»га тушяпти, — ҳасрат қилди биров.
— Нима бало, айвон эмас, яна қўшқаватли иморат кўтаряпсизми, дейман! — кесатди бошқаси.
—Унчалик эмасу, мана-ман, деганларнинг орти бўлмайлик, дейман-да...
Эътибор қиляпсизми, ҳатто, айвонини-да, бировдан ўздириб туширишга интилаётган дунёпараст, шайтоний васвасаларга қул бўлган одамнинг жавобига. Яна бозордан ҳам нолиб қўйишига нима дейсиз?
Шундоққина янги тикланаётган мактаб биноси олдида куни кеча одмигина турган ҳовли дарвозаси тез орада данғиллама бўлди-қолди. Ваҳима! Устунларини айтмайсизми? Нақ, шоҳона қаср, дейсиз.
Дастурхонидаги нонини ҳам «ғишт» қилиб деворларига «ёпиштирган» кўринади. Бу одамнинг гапини эшитинг: «Давлат тиклаётган бинолар олдида бизники ҳам хароб кўриниб қолмасин» эмиш.
Ҳа, уй-жойлар, иморатлар замонавийлашиб кетди. Туппа-тузук томлар бузилиб, ўрнида хитойча қип-қизил черепицалар осмонқадар бўйламоқда. Худди шафақ билан «беллашади». Яна замонадан, тирикчиликнинг оғирлашиб бораётганидан нолиб ҳам қўйишади.
— Бугун ҳамма нарсадан барака кетди.
— Иморат ўлгурларимизнинг иккинчи қавати битмай қолди.
— Бозорларда одамларнинг жонидан бўлак ҳамма нарса қиммат...
Қалби инсонийликдан, меҳр-оқибатдан йироқ бундай одамларнинг кошоналарига қадам боссангиз, деворларига илинган алламбало суратлари салкам мингта китоб нархидан қиммат. Ичикиб кетасиз. Лоақал, битта китобга назарингиз тушса ҳам майли. Бояқиш, уларнинг болалари ҳеч китоб ўқишармикан? Ҳойнаҳой, жавонлардаги кўзни олувчи «ялтироқ» идишларга термилиб ўтиришса кераг-ов.
Шу ўринда бир ўқувчининг ҳикоясини келтираман:
— Синф раҳбаримиз мактаб кутубхонаси учун агар имкон етса, ҳар биримиздан бир-иккитадан бадиий китоб келтиришимизни сўради. Ойим билан дадамга бу ҳақда билдирган эдим, дадам: «Қилишга бошқа ишинг йўқми?» — деб тергаб берди. Ойим эса: «Опангнинг сарупосига мебель олганман. Ҳали духоба олишим керак. Сени китобинг ошу нон нон берармиди?» — деб роса жавради. Кузатсам, ойим билан дадамнинг биз билан умуман иши йўқ. Дастурхон атрофида ҳам бозордаги нарх-навою, етти ёт бегоналарнинг оилавий «қўйди-чиқди»си муҳокама қилинади. Ёнгинамизда ўтирган яқинларимиз гўё, биздан йироқ одамлар...
Бири-бирига жуда яқин инсонларнинг кўнгли йироқ эканига сабаб нима? Молу давлатга ўчлик, кимўзарчиликка муккасидан кетиш ота-она ва фарзандлар ўртасида «жарлик» пайдо қилиб қўяётганини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Уларнинг-ча, гўёки, ҳамма нарса бир хил кечаётгандек кўринади. Аслида, кўпчилик тўқ оилада илму маърифатдан либос устун, тарбиядан кўра, бойлик афзал. Бора-бора бундай оилаларда камолга етаётган болалар ҳам бемеҳр бўлиб ўсади. Баланд том остида яқинларидан йироқ бўлиб, керак пайтда ғамхўрлик кўрмаган фарзанд келажакда ота-онасига меҳрибон бўлади, деб ким кафолат бера олади.
Осуда ҳаётнинг бесаранжом, беҳаловат одамлари данғиллама иморат ичра маънан ҳувуллаб қолаётганга ўхшайди. Тепадаги осмон, оёқ остидаги ер, тандаги жон омонат эканини ҳис этиб яшашга нима етсин...
Лайло Ҳайитова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter