Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жорий йил якунигача давлат идораларига ишга киришнинг шаффоф тизими яратилади

Жорий йил якунигача давлат идораларига ишга киришнинг шаффоф тизими яратилади

Жорий йил якунига қадар давлат тизимига ишга киришнинг шаффоф тизими йўлга қўйилади. Бу борада давлат раҳбари айни пайтда бўлиб ўтаётган йиғилишда мутасаддиларга тегишлича топшириқлар берди.

Жумладан, йиғилишда Президент томонидан қобилиятни аниқлаш, ўқитиш, ишини яхши йўлга қўйишга ўргатадиган яхлит тизим бўлмагани учун, айрим раҳбар кадрлар берилган вазифаларни эплай олмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Қайд этилишича, ўтган 6 ойда билим ва кўникмалари етишмагани боис, 37 нафар туман ва шаҳар ҳокимлари алмаштирилган.

«Умуман, масъул лавозимларда ўтирган раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқликларнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.

Шу боис, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиб, сўнгги 2 йил давомида чуқур муҳокамалар асосида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун тайёрланди.

Йиғилишда ушбу Қонун билан белгиланаётган янги тизимнинг ҳар бир идора ва ҳудуд кесимида қандай ишлаши, бу борада турган устувор вазифалар муҳокама қилинди», – дейилади Президент матбуот хизмати берган хабарда.

Йиғилишда биринчи навбатда давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилиши зарурлиги таъкидланиб, бу борада ўтказилган сўровларнинг 38 фоизи «давлат тизимига ишга киришда шаффофликни ошириш лозим», мазмунида фикр билдиргани айтиб ўтилди.

Давлат раҳбари шу муносабат билан йил якунигача:

– барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштириш;

– бўш лавозимга танловда иштирок этиш учун ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжатни сўрамаслик, барча жараёнларни электрон шаклга ўтказиш;

– очиқ танлов орқали номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг