«Давлат ОАВни душман эмас, дўст деб билиши керак» – АҚШ дипломати
Давлат ўз ғалабалари билан бирга ютқизиқларини ҳам очиқ муҳокама қилиши лозим. Бу борада оммавий ахборот воситалари энг мақбул платформа саналади, деди АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Пол Политис.
Тошкентда 12 декабрь куни бўлиб ўтган «Марказий Осиё минтақасида сўз эркинлиги ҳолати» мавзусидаги анжуманда маъруза қилган дипломат ҳар қандай мамлакат тараққиётида мустақил журналистика тақдируламал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
ЕИ делегацияси, АҚШ элчихонаси ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда Марказий Осиёда сўз эркинлиги ҳолати, журналистлар ва блогерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органлари очиқлиги каби масалаларда фикр алмашилди.
«Биз – америкаликлар, сўз эркинлигини универсал қадрият деб биламиз. Сўз ва матбуот эркинлиги ҳаётий зарурат эканини теран англаймиз. АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишдаёқ «Конгресс сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи бирон бир қонун чиқариши мумкин эмас» деб белгилангани ҳам бунинг тасдиғидир», – деди Пол Политис.
XVIII аср француз мутафаккири Вольтер «Фикрингизга қарши бўлишим мумкин, аммо сизнинг фикр айтиш ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш учун жонимни ҳам беришга тайёрман», деган эди. Америкалик дипломат ушбу машҳур нақлни ёдга олар экан, ҳар қандай мамлакатда ислоҳотлар самараси мустақил матбуотга боғлиқ кечишини урғулади.
«Ҳақиқатни гапираётган журналистлар ҳимоя остида бўлиши керак. Цензура, босим, таҳдид, қўнғироқ орқали материални олиб ташлаш талаби, озодликдан маҳрум қилиш каби ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди. Очиқ жамияти талаби шуки, давлат ахборот олиш имконини яратиши лозим», – деди у.
Дипломат фикрича, очиқлик, ошкоралик фақат тараққиётга хизмат қилади.
«Давлат ОАВни душман эмас, дўст сифатида қабул қилмоғи керак. Ўз ғалабалари билан бирга ютқизиқларини ҳам очиқ муҳокама қилиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада эса ОАВ энг мақбул платформа саналади», – деди П.Политис.
Дипломат Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий жабҳада кечаётган ўзгаришларга ҳам муносабат билдирди.
«Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида турли соҳаларда ислоҳотлар ўтказилмоқда. Биз бу борада ижобий натижаларни кўряпмиз. Айни чоқда, ОАВ ва сўз эркинлиги ислоҳотлар дастури муваффақиятини таъминлашини қайд этиш ўринлидир», – деди у.
Нотиқ Ўзбекистонда DW, BBC, «Америка овози» каби халқаро ОАВ сайтлари блокдан чиқарилгани, блогерлар эркин фаолият юритаётганини ютуқ ўлароқ баҳолаб, шу билан бирга, юридик тизимда айрим камчиликлар сақланиб қолаётгани, журналист ва блогерлар сиёсий жиҳатдан ҳассос саналган мавзуларда тазйиқсиз фаолият юритиши муҳимлигини айтди.
«Марказий Осиё минтақасида сўз эркинлиги ҳолати» мавзусидаги анжуман 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан уюштирилди.
Эслатиб ўтамиз, 1948 йилнинг 10 декабрида БМТ Бош ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилган. 1950 йилдан бери ушбу сана дунё миқёсида байрам қилинади.
Халқаро сана муносабати билан баёнот берган АҚШ президенти Жо Байден Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги ўтказилишини маълум қилган.
Таъкидланишича, Хитойдан Мьянмага қадар, Афғонистондан Эронга қадар, Эфиопиядан Украинага қадар – бутун дунёда инсонлар эркин яшашга ҳақли ва Оқ уй инсон ҳуқуқлари тантанаси йўлида жонбозлик кўрсатаётганлар, зулм-зўравонликка қарши курашаётганларни қўллаб-қувватлашда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter