Даволанишни беш йил ортга суриб кутубхона яратган қиз: «Бола мустақил фикрлашни китоб ўқиган ота-онадан ўрганади» (видео)
Қалбида қуёши бор одамни кўрганмисиз? Бир гаплашганингиздаёқ, йўқ гаплашмасдан туриб шундай кўрганингиздаёқ ундан таралаётган иссиқлик қалбингизни иситади. Жиззах вилояти, Ғаллаоролнинг чекка қишлоғи Жийдалида кутубхона очган қизнинг қалбида қуёши бор. Болаларга катта кутубхона қандай бўлишини кўрсатишни орзу қилган Наргиза Қўшмонова шу кунларда орзусига эришди – ташкил қилган кутубхонасига «Умид» деб ном берди.
...Яқинда Марокашнинг энг чеккасида кутубхона очган марокашлик ҳақида ўқигандим. Нега Муҳаммад Азиз китоб мутолааси кенг тарқалмаган мамлакатда китоб дўкони очишга қарор қилди?
Ота-онасидан эрта, 6 ёшида айрилгани учун тирикчилик қилиши ва ўрта мактабни тугатиши керак эди, лекин бунга имкони бўлмади. 15 ёшида у дарсликлар жуда қимматлиги сабабли мактабни ташлаб кетди.
Болалигида китоблардан фойдаланиш имконияти йўқлиги, ўзини китобга бағишлаш ҳақида қарор қабул қилишга туртки бўлди. Бошқалар билан суҳбатда у шундай дейди: «Мен болалигим, аҳволим, қашшоқлигим учун шундай қасос оламан».
Ундан дўконига қанча китоб йиғилганини сўрашганида: «Етарли эмас», деб жавоб беради. Муҳаммад Азиз кунига ўртача бир ёки икки марта савдо қилади. Кейин у ўқишни бошлаш учун эшик ромига ўтиради – фақат овқатланиш, ибодат, чекиш ва мижозларга ёрдам бериш пайтида китобдан бош кўтаради. Мақолада қайд этилишича, 55 йил давомида Муҳаммад Азиз китоб дўкони очгандан буён Марокашда саводсизлик даражаси 1960 йилдаги 87 фоиздан 2014 йилда 32 фоизга камайди, дея хабар беради мамлакатнинг давлат статистика агентлиги. Аммо ҳафсаласи пир бўлган китоб сотувчисининг сўзлари шуни англатадики, ҳар 10 марокашликдан учтаси ҳалигача унинг китобларидан баҳраманд бўлолмайди. «Мен 4000 дан ортиқ китоб ўқиганман, шунинг учун мен 4000 дан ортиқ ҳаёт кечирганман. Ҳар бир инсон бундай имкониятга эга бўлиши керак.»
Шу мақолани ўқиганимда бу одамнинг қаҳрамонлигига қойил қолгандим. Бугун эса бундай қаҳрамонликни ўз юртдошларим ҳам қилаётгани қанчалар ажойиб. Китоб ростдан ҳам ҳаётни яхшилайди. У шунчаки дўст эмас, у шунчаки вақтни ўтказиш учун эмас, у шунчаки дунёқарашни белгилаш учун эмас, китоб дунёни ўзгартиришга қодир. Агар жийдалилик Наргиза китоб ўқимаган қиз бўлганида ҳозир қишлоқдошлари учун шундай эзгу иш қила олармиди, йўқ, балки умрида қўлига китоб ушламаган тиктокер ёшлардек пул учун ўзини ҳар кўйга солаётган бўлмасмиди? Видеонинг бошидаёқ Наргизанинг бир гапи мен ўзига ром қилди, «нимага фақат мен китоб ўқишим керак, бошқалар ҳам китобдан баҳраманд бўлиши керак. Қарасам ота-оналар ўзи билан ўзи, болалар қаровсиз қолаяпти...»
Агар Наргиза китоб ўқимаганда болалар ота-она назоратисиз, қаровсиз қолаётганини ҳис қилармиди?
Беш йил даволаниши керак бўлган пулини китоб йиғиш учун сарфлаганини эса истар-истамас айтиб берди. У китобни яхши кўрмаганида шунақа ОЛИЖАНОБ бўла олармиди?
Наргизанинг ўзи айтганидек аввало, унинг ота-онасига рахмат, бирон марта бошингни оғритма, китоб олиш ўрнига даволанишинг керак, деб маломат қилмаганига.
«Китоб ўқимаган ота-она фарзандига қандай қилиб мустақил фикрлашни ўргатади. Бир йиғилишда туманимизга келган турк шоираси бизга қарата қизларга аёлларга мустақил фикрлашни ўргатинглар, жамиятга ўз сўзларини айта олсинлар, деди. Шунда мен ўйладим, қизлар мустақил бўлиши учун оиласи мустақил бўлиши керак, улар мустақиллигини кўрсатиш учун оилада уларни эшита олиш керакда. Болалар ҳозир китоб ўқийди, сўнг улар ҳам ота-она бўлади, китоб ўқимаган ота-она боласига қандай қилиб мустақилликни ўргата олади. Мактабдан боласи бирон савол билан келса ота-она бор ўқитувчидан сўра дейди, аслида ота-она ўқимишли бўлиши керак, болалар эса менинг отам ҳамма нарсани билар экан, менинг онам ўқиган, онам ҳамма нарсани билади деб фахрланиши керак.»
Шундан сўнг Наргизанинг ўзи айтганидек саргузаштлари бошланади, уни Ёшлар ишлари агентлиги, Ғаллаорол тумани бўлими раҳбари Жамшид Норбеков тинглайди ва қўллаб-қувватлайди, етакчилар қуршовида бир дунё китоб билан «Умид» кутубхонасига кириб боради.
Шундай пайтда кўнглингиз янада ёришади, ахир атрофимизда ҳали эзгулик қила оладиган ва уларга тиргак бўла оладиган ёшлар кўп, жудаям кўп...
Она замин узра қуёш нур сочади, аммо Ғаллаоролнинг чекка бир қишлоғи Жийдалида яна бир қуёш пайдо бўлди. Бу Наргиза ва унинг кутубхонаси, китоблари. Бу қуёш нуридан баҳраманд бўлган қишлоқ одамлари келажакда бунинг мевасини албатта кўради.
Ҳали кўрасиз Жийдалидан бир бошқача фикрлайдиган одамлар чиқади... қуёшлар кўпаяди...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter