Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Eriell Group дунё олимларига муносиб қабул маросими уюштирди

Eriell Group дунё олимларига муносиб қабул маросими уюштирди

Куни кеча бўлиб ўтган «Ўзбекистон маданий мероси — янги ренессанс пойдевори» V Халқаро Конгрессига дунёдан 200дан ортиқ олим ташриф буюрган эди. Eriell group конгрессдан сўнг Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича шуғулланувчи олим ва мутахассислар — етакчи шарқшунослар, тадқиқотчилар, қўлёзмалар ва миниатюралар бўйича экспертлар учун махсус қабул маросими ташкил этди.

Тантанали маросимда чет эллик меҳмонлар учун байрам дастурхони ёзилиб, миллий куй-қўшиқлари, эстрада хонандалари чиқишлари ҳамда рақс ва саҳна кўринишларидан иборат маданий дастур ташкил қилинди. Меҳмонлар учун махсус қурилган Регистон мажмуасининг декорацияси ташриф буюрганларда ўзгача таассуротлар уйғотди. Маросим шўх рақс ва фотосессияларга уланиб кетди.

Эслатиб ўтамиз, Eriell group компанияси Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг асосий ҳомийларидан бири ҳисобланади. Бутунжаҳон жамияти чет эл музейлари ва шахсий коллекцияларига сочилиб кетган Ўзбекистон маданий меросларини қайтариш, бир жойга йиғиш ва оммалаштириш билан шуғулланади. Ушбу муҳим маданий-ижтимоий лойиҳа доирасида 5 та халқаро илмий конгресс ташкил этилди, «Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида» китоб альбомлари чоп этилди, дунёнинг турли мамлакатларида 100га яқин илмий ва медиа анжуманлар ўтказилди. Eriell group компанияси ушбу лойиҳани қўллаб қувватлаш орқали Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштиришда, дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.

Куни кеча ўз ишини бошлаган «Ўзбекистон маданий мероси - Янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги мазкур V Халқаро Конгресс доирасида «Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомларнинг 50 та янги жилди тақдимотлари ўтказилди.

Шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг махсус буюртмаси билан яратилган ва деярли ўрганилмаган қўлёзма «Сувар ал-кавакиб ас-сабита» («Собит юлдузлар тасвири») астрономик асари тақдимоти ташкил этилди. Унда Мирзо Улуғбекнинг Цефей юлдузлар туркуми шаклида тасвирланган миниатюраси, тилла билан битилган ёрлиқ ва китоб эгаси «тахтдаги олим» эканлигини таъкидловчи бошқа белгилар мавжуд.

Маълумот учун, 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форуми бўлиб ўтади. Ҳафталик доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган 200 га яқин хорижлик олим ва мутахассислар форумда иштирок этиш учун бугун Хивага жўнаб кетишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг