Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия Оролбўйига 700 минг евро ажратади

Германия Оролбўйига 700 минг евро ажратади

Вазир ўринбосари С.Ҳамидов, БМТ доимий мувофиқлаштирувчиси К.Видаль ва элчи Т.Клиннер.

Фото: Xabar.uz

Бугун, 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Оролбўйи минтақаси учун Траст жамғармасини қўллаб-қувватлашга доир ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра Германия ҳукумати экологик фожиани бошдан кечираётган минтақани қўллаб-қувватлаш учун 700 минг евро миқдорида навбатдаги молиявий кўмакни ажратади.

Оролбўйи минтақасига кўмакка доир ҳужжат Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Сарвар Ҳамидов, Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер ҳамда БМТнинг юртимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси в. б. Консуэло Видаль томонидан имзоланди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Сарвар Ҳамидов Траст жамғармасига кўмак учун Германия Федератив Республикасига миннатдорлик билдирар экан, бу ҳаракат бошқа донорларни ҳам минтақада фаолликка ундашига умид билдирди.

Германия элчиси, доктор Тило Клиннер сув дипломатияси доирасида Оролбўйи ҳудудига кўмак яна давом эттирилишини қайд этди.

«Сув, ҳаёт ва тинчлик – бир-бирига чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Шу боис ҳам Германия халқи ва ҳукумати Орол денгизи инқирози билан боғлиқ жамиятнинг энг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун зарур бўлган молиявий ёрдамни таклиф қилмоқда. Ушбу устувор йўналишдаги ютуқлар нафақат Ўзбекистон фуқаролари, аёллар ва болалар, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари учун ҳам манфаатли бўлади ва глобал миқёсда ижобий таъсир кўрсатади деган умиддамиз. Оролбўйи минтақаси учун Траст жамғармасига ажратилган маблағ Германиянинг янги ташқи иқлим сиёсатига ҳамоҳангдир», – деди олмон элчиси.

БМТнинг Ўзбекистондаги «оиласи» ҳам Оролбўйи минтақаси ривожига кўмакни эътироф этди.

«Биз Траст жамғармасига Германиянинг ҳиссаси Ўзбекистон, Норвегия, Финляндия, Корея Республикаси ҳукуматлари, Европа Иттифоқи, Ал-Валид хайрия ташкилотлари ва келажакда ёрдам кўрсатувчи бошқа ҳамкорларнинг бадалларига мос келиши ҳамда Орол денгизи инқирозидан жабр кўрган инсонлар манфаатига хизмат қилишига ишонамиз», – деди БМТнинг юртимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси в. б. Консуэло Видаль хоним.

Ажратилган молиявий кўмак иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит деградацияси салбий оқибатларини юмшатишга йўналтирилади.

Маълумотларга қараганда, Германия кўмаги орқали Траст жамғармаси бугунги кунга қадар 16 миллион доллардан ортиқ маблағни сафарбар қилган ҳолда, қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, Орол денгизининг қуриган тубида биологик хилма-хилликни тиклаш, иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш каби йўналишларда қўшма дастурлар амалга оширди. Ушбу дастурлар 250 мингдан ортиқ бенефициарларни, жумладан, ёшлар, аёллар ва қарияларни қамраб олди.

Жорий йилги қўшма дастурларда қишлоқ ёшлари ва аёлларини ижтимоий инновацион кўникмаларга ўргатиш, жамиятнинг яшил ва инновацион барқарорлигини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг