Гўдакни овутишнинг энг самарали усули аниқланди
Олимлар ниҳоят гўдакларни қандай қилиб овутиш самарали эканини аниқлашди. Бу ҳақда Current Biology илмий нашри ёзди.
Экспертлар Италия ва Японияда бир нечта тажриба ўтказишди. Бунинг учун 21 «она-бола» жуфтлиги танланди, гўдаклар — 7 ойликкача.
Бола йиғлаётганида қайси усул самарали: беланчакка ёки оддий карвотга ётқизиш керакми, она қўлида олиб ўтириши, кўтариши ё бўлмаса кўтариб юргани маъқулми — синовчилар шуни аниқлашга уринишди.
Аниқланишича, бола қўлга олиниб, уёқдан-буёққа олиб юрилганида, орадан 30 сония ўтиб томир уриши секинлашиб, йиғлаши камайган. Болани тебратганда ҳам худди шундай ҳолат юзага келган.
Шундан сўнг олимлар гўдакни беш дақиқа кўтариб юриш уларнинг ҳолатига қандай таъсир кўрсатишига қизиқишди. Болаларнинг 46 фоизи беш дақиқадан сўнг уйқуга кетган, 18 фоизи эса олти дақиқа ўтиб уйқуга кирган.
Бироқ бу болалар ухлаши билан ётқизилгач, уларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи орадан 20 сония ўтиб уйғонган. Электрокардиограмма уларнинг юрак уриши онасидан айрилган заҳотиёқ тезлашганини кўрсатди. Агар бола ухлаганидан сўнг ҳам она қўлида бир муддат бўлса, ётқизилгач уйғониш эҳтимоли анча камайган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter