Ҳар бир гулнинг «ўзлиги» бор
Хона гулларининг жонланаётганидан баҳорни ҳис қилишингиз мумкин. Нарцисс ва лоланинг совуқ бўлишига қарамай аллақачон бош кўтаргани ҳам баҳордан дарак. Кўпчилик гул шайдолари хоҳ хонаки гул бўлсин хоҳ боғ гули уларни чиройи, гули, ранги, барги учун парваришлайди. Кўпчилик эса гуллар ҳақидаги афсоналарга, таърифларга ишонган ҳолда кўпайтиргиси келади.
Гуллар ҳақидаги афсоналар нафақат гулчилик санъатининг ажралмас қисми, балки уларнинг яширин маъноларини очишга имкон беради.
Атиргул ҳақидаги афсоналар деярли ҳар бир Осиё ва Европа маданиятида мавжуд – у бежиз «Гуллар маликаси» дейилмайди. Қадимги ҳинд афсонасига кўра, атиргул энг чиройли гул сифатида тан олинган. Юнон афсонасига кўра, оқ атиргул қирғоққа чиққандан кейин Афродитанинг жасадини қоплаган қор – оқ денгиз кўпигидан пайдо бўлган. Атиргул жасорат тимсолига айланди – қадимги юнонлар ва римликлар атиргул баргларини урушдан қайтган ғолиблар йўлига сепишган. Атиргул гулчамбарлари кўпинча ўрта асрда рицарларнинг дубулғаларини безаб турган.
Нилуфар гуллари ҳақидаги афсоналар турли халқларда мавжуд. Қадимги мисрликлар учун нилуфар унумдорликни англатган.
Ириснинг келиб чиқиши ҳақидаги юнон афсонаси камалак маъбудаси Ирис билан боғлиқ. Юнонлар бу гулнинг ранги камалакда ифодаланган кўплаб рангларга ўхшашлигига ишонишган. Японияда ирис гули жасоратни, Миср маданиятида – нотиқликни, Хитойда эса – қайғуни англатади, шунинг учун улар қабрларга экилган.
Хитойда пион шон-шараф ва олижанобликнинг ифодаси, Ҳиндистон ва Покистонда эса, аксинча, пион такаббурлик рамзи ҳисобланади.
Хризантема Япония императорлик уйининг рамзи, улар мамлакат герби ва унинг тангаларида тасвирланган.
Тувакда ўсадиган гулларнинг ҳам ўз тарихи мавжуд.
Aлоэнинг нафақат шифобахш хусусиятлари бор, балки бувиларимиз унинг ёмон кўздан, ёмон таъсирдан ва бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилишига ишонишган. Шунинг учун ҳар бир хонадонда деярли бу гул ҳануз парваришланади.
Спатифиллумни «аёл бахти» деб аташгани бежиз эмас. Гул ўстирувчиларнинг иддаоларига кўра, бу гул ёлғиз аёлнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиради, ҳақиқий муҳаббатни топишга ёрдам беради. Турмуш қурган ва унаштирилган қизлар учун бу ўсимлик жанжал ва тушунмовчиликларни бартараф қилади, муносабатларни уйғунлаштиради.
Антуриум эса аксинча, яъни аёллар билан мулоқот қилишда муаммоларга дуч келган бўйдоқ эркаклар ётоқхонасида ушбу гул бўлиши керак, бу «эркак бахти» деб аталади. Ушбу жозибали гул эркак ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади ва унинг ягона муҳаббатини топишга ёрдам беради.
Ана шундай гўзалликни ўз уйида яратган, қаҳрамонимиз Бахтинисо Тожихонова тувакка экиладиган гулар ҳақида шундай қўшимча қилади:
«Ҳар бир гулнинг ўз тили ва хусусиятлари бор. Баъзилари ўта намликда парваришланса, баъзилари намликда қуриб қолади. Дастлаб гул дўконига кирганимда, уларга бунчалар қизиқиб қолишимнни тасаввур ҳам қилмаган эдим. Биринчи бўлиб қора шаҳзода – фикусни сотиб олдим ва шундан буён гул кўпайтириш йўлларини ўрганиб келмоқдаман. Гулларни меҳр бериб парвариш қилиш зарур. Битта гулнинг куртак ёзиб, униши учун ойлаб вақт сарфланади. Лекин ўз ишини севувчи инсонларга, бу жараён ўзгача қувват беради. Одатда ишдан ёки ўқишдан қайтсам, гулларим билан суҳбатлашаман. Улар ҳам мени тинглаётгандай бўлади. Лекин ҳеч қачон, уларга дардимни айтмаганман. Ҳар бир гулнинг ўз тарихи бор. Баъзи гулларга эса ўзим ном бераман. Молочай, деб номланган гулга мен «она меҳри» деб ном қўйганман. Чунки бу гул атрофида ўсиб чиққан кичкина нишоналарини олмоқчи бўлсангиз, тиконлари билан уларни онасидек ҳимоя қилади...
Саинтпаула – усамбара бинафшасини турмушга чиқмаган аёллар парваришламагани маъқул. У ёлғизликни яхши кўради. Aммо уни оила қурган, фарзандлари бор жуфтликлар уйида асраши мумкин. У никоҳни мустаҳкамлайди ва оилада ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатликни сақлашга ёрдам беради.
Пеларгония яъни ўзимизнинг тилда айтадиган бўлсак гераннинг барча навлари сеҳрли кучга эга, айниқса кучли энергия қизил гулли гулларга хосдир. Бундай гул уй аъзоларини зарар ва ёмон кўздан ишончли ҳимоя қилади, шунингдек, уйга пул жалб қилади, деган қарашлар мавжуд.
Цикламен кучли сеҳргар бўлиб, уйни бахт ва қувончга тўлдиради. У ўз эгаларини бошқаларнинг ҳийла-найрангларидан ишончли ҳимоя қилади, ёмон истакларни зарарсизлантиради.
Ҳамма эҳтиёжимиз учун керак бўладиган пул чақирадиган гул крассула оддий мослашувчан, танаси ниҳоятдда ёғли ўсимлик бўлиб, эгасидан кўп ғамхўрлик талаб қилади.
Японияда эса бу гулни янги турмуш қурган, келин-куёвларга совға қилишади. Чунки крассула омад ва бойлик келтирадиган ғаройиб гулдир. Унинг ғаройиб деб аталишига сабаб, камдан-кам гуллайди. Агар у хонадонингизда гулласа, каттароқ халта тайёрлашингизга тўғри келади. Чунки унинг ҳар бир япроғи пулга айланади, деган афсоналар бор».
Ўзи гуллар бизга нима беради? Тоза ҳаво, кислород, ёқимли ифор. Аммо шундай гуллар борки, улар ҳам гўзаллик ҳам шифобахш хусусиятига эга. Уларга қанча эътибор ва меҳр берсангиз, шунча кўзингизни қувнатади. Кун давомида руҳий тетиклик бағишлайди. Шундай экан гулларни чиройи ёки қандайдир афсоналарга ишониб эмас, уларга ҳаёт бахш этиш учун ҳам экинг, кўпайтиринг.
Суғдиёна Эшназарова,
OʻzJOKU 1-босқич талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter