Сумалак: Самарқанднинг «Гулбаҳор» маҳалласидан фоторепортаж

Бу йил Наврўз ва Рамазоннинг уйқаш келиши ўзгача файз бағишлади. Жойларда ҳамон давом этаётган кўклам шодиёналари ифторларга уланиб кетаётгани билан гўзал.
Самарқанд шаҳридаги «Гулбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 8-уйда яшовчилар ҳам қўшалоқ айёмни ўзига хос нишонладилар.
Аввалига кўп қаватли уй ҳовлисида катта дошқозон ўрнатилди.
Қўшниларнинг қувончу ташвишларини бўйнига олган Лола Ширинованинг айтишича, улар ҳар йили биргаликда сумалак пиширадилар.
– 42 та хонадонда турли миллат, турли касб эгалари яшайди. Қўни-қўшнилар аҳилмиз. Зеро, ҳаммамизнинг ишдан қайтгач оёғимизни узатиб ўтирадиган, сокин тонгни қарши оладиган жойимиз – уйимиз. Сумалак фақат ҳовлиларда, дала-қирда пиширилади деб ўйлайдиганлар хато қилади. «Дом»да туриб ҳам миллий қадриятларимизни ёшларимизга сингдириш мумкин. Мана, неча йилки, мана шу жойда сумалак пиширилади. Шу баҳона эзгу тилаклар айтилади, дийдорлашамиз, оқибат қиламиз. Бугун қизалоғим Меҳронанинг туғилган куни ҳам. Қизалоқ ва болакайларнинг қувнаганини кўринг.
Лола Ширинова ўтган йили ҳовли учун алоҳида дарвоза ўрнатганларини айтди. Бу йил эса болалар майдончаси, қариялар чиқиб дам олиши учун мўъжазгина оромгоҳ ва ишсиз аёллар учун тикув цехи қуриш режалаштирилган.
68 ёшли Раъно Ғафурова Наврўзни нишонлаш таъқиқланган йилларни эслади.
– 80-йиллар охирларида эди. Бир неча йил Наврўз ҳам нишонланмади, сумалак ҳам пиширилмади. Шукур, бугун у гаплар эртакдай бўлиб қолди. Март бошланибдики, буёғи апрелнинг ўрталаригача, бугун бу манзилда, эртага бошқасида сумалакпазлик. Кўпнинг меҳнати билан битадиган иш бу. 20 кило буғдой кўкартирилди, 40 кило ун солинди. Лекин, кўпчилик-да, ўйин-кулгу билан, ҳеч бир заҳматсиз қозонга солинди, – дейди мамнуният билан Раъно ая.
Онахонлар қўлларини очиб юртимизда тинчлик, фаровонлик бўлсин, дея дуо қилганларида, ул-бул ишлар билан банд ёшлар ҳам бир пас ишларини четга суриб турдилар.
Сумалак капгирини навбатма-навбат олиб қозон кавлаётганлар орасида шўхроқлари шу жойнинг ўзида рақсга ҳам тушиб бердилар.
Баҳор неъмати эрталабдан оқшомгача қайнайверар экан, ифтор вақтида ҳовлида ёшу қари бир дастурхон атрофида жам бўлдилар.
Собиқ қўшниларни йўқлаб келган мана бу аёл – Фарида Гемадиева. У ўн йиллар аввал шу уйда яшаган, оиласи кенгайгач, нариги маҳаллага кўчиб ўтган.
– Лекин, ҳар йили сумалак сайлига мени албатта чорлашади. Чақиришмаса ҳам ҳеч ким уларни урушмайди, айбламайди. Наврўз ана шундай миллати, касби, қизиқишларидан қатъий назар бирдамлик, меҳр-оқибат шодиёнаси. Мен шундай инсонлар билан ҳамнафас эканлигимдан хурсандман.
Сумалак ўчоғидаги олов ўн икки соат деганда, давра тарқалаётганда ўчирилди. Кейин димлаб қўйдилар.
Тонгда сузилган сумалак унинг дарагини эшитган-эшитмаганлар, кўнгли ўксик инсонлар, етим-есирларга ҳам улашилди. Фаоллар Самарқанднинг бошқа бир ҳудудида жойлашган «Саховат» уйига ҳам сумалак олиб бордилар...
М. Жўрақулова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter